2020 йил 30 январь куни Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжидига хушхон ҳофиз Авазбек қори Давлатов имом ноиби этиб тайинланди.
Авазбек Давлатов Акбарали ўғли 1983 йил 29 июлда Андижон вилояти Марҳамат туманида зиёлилар оиласида дунёга келган. Қуръон илмини Ўш шаҳридаги Абдулмуталлиб қори дада роҳимаҳуллоҳдан олиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Авазбек қори 1990-1999 йилларда ўрта мактабда таълим олган. 1999-2000 йилларда «Саййид Муҳйиддин Махдум» ўрта махсус Ислом билим юрти тайёрлов курсида таълим олган. Таълим даврида мадрасанинг катта устозларидан Раҳматуллоҳ қори ака қўлларида Қуръони каримни яна қайта ўтказиб олган. 2000-2004 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (олий маъҳад)ни тамомлаган.
2005 йилда Саудия Арабистонида Фаҳд ибн Абдулазиз номидаги Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаган.
2006-2007 йилда Дамашқдаги шайх Аҳмад Юсуф Даббонийзодадан Осим қироатининг икки ривояти бўйича Қуръони карим ижозасини олган.
Авазбек қори биринчи маротаба Андижон вилоятида хатми Қуръон қилиб, таровеҳ намозларига ўта бошлайди. Шундан сўнг 2000-2004 йилларда Тошкент шаҳар «Дўстжонбой» жоме масжидида, бир неча йил «Жўрабек» (ҳозирги Ислом ота), 2017 ва 2018 йилларда «Ислом ота» жоме масжидида хатми Қуръон таровеҳ намозларида иштирок этган.
2019 йилда Тошкент шаҳридаги Таровеҳ намозларида ўтказилган хатми қуръонларларда қориларнинг қироати, ҳифз, тажвид, тараннум билан ўқишларини назорат қилиш ишларига жалб қилинган.
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг барча босқичларида ҳакамлик қилган. Аллоҳ таоло инъом этган илми ва ширали овози билан кўплаб мухлис ва устозлар муҳаббатига эришиб келмоқда.
Авазбек қори Давлатовга янги вазифада Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми” мавзусида чиқиш қилди.
Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.
Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.
Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати