Маълумки бугунги кунда бинолари эскирган, тор масжидлар янги имкониятлар даражасида, кўплаб намозхонларни сиғдира оладиган ҳолатда янгидан қурилмоқда. Халқ ҳашари, қолаверса ихлоси баланд кўнгилли инсонларнинг қишли суронли кунларида ҳам олиб бораётган меҳнатлари билан жойларда мунаввар масжидлар қад кўтармоқда. Бу борада ҳамма ҳаракатда: имконияти етганча Аллоҳнинг байтига эҳсон қилиб, охирати учун савоб ишлаб олиш илинжида.
Яқинда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ўн ёшли қизча Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида янги қурилаётган “Доруломон” жоме масжиди учун ўзининг махсус идишчасида йиғиб қўйган барча пуллларини эҳсон қилди. Бу ҳақда масжид имом-хатибининг Facebook тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.
Махсус видео орқали бу ҳақда тармоқ фойдаланувчиларига эълон қилиниб, идишча ичидаги пуллар миқдори саналди. “Бу албатта катталарни ҳам ўйлантирадиган ҳолат. Ёшгина қизалоқнинг мактаб ва бошқа харажатлари учун ота-онаси берган пулларини йиғиб, барини Аллоҳнинг байти учун олиб келиб бериши инсоннни таъсирлантиради”, дейди Абдулҳамид Жуманов.
Дарҳақиқат, ҳар қандай иймон эгасини таъсирлантирадиган воқеа. Ёшгина бир қизалоқ кўплаб катта инсонлар қилмайдиган ишни қилмоқда. Аллоҳнинг байти учун ўзидаги бор-будини, яъни кўп вақтдан бери асраб, йиғиб келаётган пулларини ҳадя этмоқда. Тенгқурлари йиғган пулларига ўзларига ёққан ўйинчоқ ёки бошқа буюмни олаётган бир вақтда у эса охирати учун сарфлади... Ақл ёшда эмас, бошда, дейдилар. Қизалоқнинг бу иши эса кўплаб хайру саховатдан ғофил юрган катта одамлар учун ибрат бўлса ажаб эмас.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Пешин намозини 12:12 деб ёзилган, бу дегани 12:12 да пешинни ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, тақвимда кўрсатилган вақт намознинг аввалги вақтидир. Шу вақтдан бошлаб намоз ўқиш жоиз. Хусусан пешинни ҳам. Лекин жамоат билан ўқиш ва жамоатни кўпайтириш каби фазилат кўзда тутилса, бу вақтдан бироз кечиктириш ҳам дуруст. Аёллар эса жамоатга чиқмаганлари сабабли намоз вақти киргандан адо қилишлари афзалдир. Бу ҳақда “Баҳрур-роиқ” китобида бундай дейилади:
وأداء الصلاة في أول الوقت أفضل إلا إذا تضمن التأخير فضيلة لا تحصل بدونه كتكثير الجماعة، ولا يتأتى هذا في حق من في المفازة فكان التعجيل أولى، ولهذا كان أولى للنساء أن يصلين في أول الوقت لانهن لا يخرجن إلى الجماعة.
“Намозни аввалги вақтида ўқиш афзал. Лекин жамоатни кўпайтириш каби намозни (аввалги вақтидан) кечиктирмаса ҳосил бўлмайдиган фазилатли ҳолатлар бундан мустасно. Саҳро (чўл) жойлардаги киши ҳақида бундай фазилат ҳосил бўлмагани учун, намозни тезлаштириши афзалдир. Шунинг учун ҳам аёллар намознинг аввалги вақтида ўқиши авло. Чунки улар жамоатга чиқмайдилар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази