Аллоҳ таоло инсонга кўплаб неъматлар ато қилди. Ушбу неъматлари ичида фарзанд деб аталмиш инъоми жуда ҳам улкандир. Лекин бу неьмат улуғворлиги билан туб негизида катта бир масъулиятли иш ётади. Шу билан бирга фарзандли бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Атрофимизга назар ташлаганимизда кимдир тирноққа зорлигини, яна кимдир бир қанча фарзандлар билан сийланганини кўрамиз. Бунинг барчаси буюк Роббимизнинг ҳикмати ила бўлган ишдир. Баьзида кўп йиллардан буён фарзанд кўришни, унга меҳр беришни орзу қилиб келаётган ота-оналарни кўрганда киши Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтишлиги керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бизларга кўплаб ўғил-у қиз фарзандларни ато қилди. Инсон фақатгина Аллоҳга шукр қилиш билан чекланиб қолмасдан балки ўзига ато қилинган улкан масъулятли ишни аъло даражада адо қилиши керак.
Бола тарбияси энг муҳим ишлардан ҳисобланади. Тарбия эса боланинг мурғаклик пайтидан бошланади. Шунинг учун ҳам “бола бошидан” деган халқимизнинг ҳикматли сўзи бежизга айтилмаган. Боланинг тарбияси билан кўпроқ она шуғулланади. Чунки ота оила нафақаси сабабидан кўпинча ишда бўлади. Боланинг чиройли униб ўсиши, гўзал хулқли бўлишида онанинг беқиёс хизматлари ётади. Қадимдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида дунё халқларига ўрнак бўладиган даражада намуна бўлганлар. Улар болага қандай йўсинда гапириш кераклиги, қайси ҳолатда улардан содир бўлган ишларга танбеҳ бериш лозимлиги ҳамда нимани қилса яхшию, нимани қилса ёмон эканини ўзларининг гўзал услублари ила тушунтирганлар. Лекин энг ачинарлиси ҳозирги кунимизда баъзи бир ота-оналар фарзандларини ёшлигидан бошлаб айрим ҳолатдаги ишларини тўғри тушинтирмасдан уларни жеркиб беришлари, қўполлик ила бақиришлари, энг ёмон кўринишларидан бири ёш мурғаккина гўдакни калтаклашлари бу бизнинг миллий анъаналаримиз ва динимиз кўрсатмаларига тўғри келмайди. Чунки бундай ҳолатда вояга етган боланинг қалбида меҳр-шафқат, инсонпарварлик, ўзгаларга иззат, ҳурмат, қалб мусаффолиги ўрнини бошқаларга нисбатан шафқатсизлик, қўполлик, дағаллик ва кўплаб салбий сифатлар эгаллайди. Шунинг учун ҳам кексаларимиз агар бирор бир киши ўзининг ёшгина боласини ураётганини кўрсалар, уларга: “Болага бундай муомалада бўлмагин, акс ҳолда фарзандинг шу ҳолатга ўрганиб қолади. Сен унга яхши сўзлар билан уни қилаётган иши гўзал хулқли инсонлар амалига тескари эканини ҳамда бундай ишни қилган киши ён атрофдаги инсонлар олдида хижолатда қолишини ётиғи билан тушунтиргин”, деган сўзларини кўп маротаба эшитганмиз. Агар болага чин кўнгилдан меҳр берилса, унинг қалбида ота-онасига, жамиятдаги инсонларга бўлган муносабати ижобий ҳолатга ўтади. Акс ҳолда, бу ишимиз ўзимизга ҳам, атрофимиздаги инсонларга ҳам фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.
Шу ўринда араб ўлкаларидан бирида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтишни лозим топдик. Эрта тонг билан уйдан чиққан киши кўчаларни айланиб юрган пайтида дўкондан чиройли(портрет,манзара тасвири туширилган) уй жиҳози сотиб олди. Уйга олиб келиб меҳмонхонага қўйди. Сўнг ўзи ишга жўнаб кетди. Уйда аҳли аёли билан тўрт ёшли фарзанди қолган эди. Онаси уй юмушлари билан овора бўлиб боласига эътибор бера олмади. Бола эса қўлида бўёқли қалам билан жиҳоз қўйилган жойга келди ва уни бўяй бошлади. Ишдан сўнг ота уйга қайтиб келгандан кейин не кўз билан қарасинки жиҳознинг барча жойи бўяб ташланган эди. Ўзини қўлга ололмаган ота аввало аёлига ташланиб уни уришиб койиди. Сўнг тўрт ёшли фарзандига ўшқириб уни калтаклади. Бу ҳам етмагандай фарзандини ўнг қўлини столнинг бир оёғига, чап қўлини эса бошқа бир оёғига маҳкам қилиб боғлаб қуйди. Бола дод-фарёд қилар, қаттиқ чинқираб йиғлар эди. Онаси бўлса боласига ёрдам бергиси келар, лекин эрининг ғазабидан қўрқиб фарзандининг олдига бора олмас эди. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг боланинг овози тиниб қолди. Она болам ухлаб қолди, деган ўйда фарзандининг олдига борганда не кўз билан кўрсинки мурғаккина қўллари ипнинг қаттиқ боғланганидан қорайиб, кўкариб кетган, ўзи эса беҳуш ётар эди. Шу пайтда она бор овозича қичқириб юборди. Бошқа хонада дарғазаб бўлиб ўтирган ота бирпасда ўғлининг олдига етиб келиб қўлларини арқондан бўшатди. Ва елкасига опичлаб олиб яқин ўртадаги шифохонага боришди. Шифокорлар болани аҳволини кўриб, уни икки қўлини дарҳол кесиб ташлаш кераклигини айтишди. Ғазаб сабабидан бир хато туфайли боланинг мурғаккина қўллари кесилди.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, арзимаган нарса учун боласини калтаклаган ота фарзандини бармоқсиз қўлларини кўрганда қалбидан қандай хаёллар ўтар экан? Кўча-кўйда фарзандларининг қўлларидан тутиб сайр қилиб юрган оталарни кўрганида ўзи ғазаб ҳолатида қилиб қўйган ишидан қалбида виждон азоби қанчалик алангаланишини ўша инсоннинг ўзи ва яратган Роббимизнинг ўзига аён. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўплаб топилади. Ачинарлиси, ҳаётда баъзи бир ота-оналарни кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаётганини эшитамиз. Аслида бу ишлари нотўғри эканлигини билишмайди. Агар уларга насиҳат тарзида бу ишни қилманг, оқибати ёмон бўлади десангиз, улар сизга урсам ўзимни фарзандимни ураман сиз аралашманг деган оҳангдаги сўзларига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун ҳам биз фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимизга, ислом дини кўрсатмаларига амал қилишимиз керак бўлади. Агар ёш бола бирор-бир инсондан меҳр-муҳаббат кўрса бу ишни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.
Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим ” китобларида қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ёшликларида бўлиб ўтган бир гўзал воқеани эсга оладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирининг юзини муборак қўллари ила силаб қўйдилар. Сўнг мени юзимга ҳам муборак қўлларини теккиздилар. У зотнинг қўлларидан жуда ҳам хушбўй ҳидни топдим. Худди атторнинг хушбуйлик солинган идишидан қўлларини чиқарганлари каби хушбуй ҳид таралиб турар эди. Эътибор беринг: Ёшгина бола Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан бўлган меҳрни ёдидан чиқармаган. Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ таоло бизга ато қилган фарзанд деб аталмиш неъматнинг қадрига етишимиз, фарзандимизнинг одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизнинг кўзларимизни фарзандларимиздан қувонтирсин. Омин!
“Мактабату Шомила”асосида таёрланди.
Машарипов Қўзибой
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси.
Кишининг маърифати юксалгани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб бораверади. Фаросат – кишида тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти, заковат, диддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила қарайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг” яъни маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар. Эҳтимол, мўмин киши қилаётган гуноҳларингизни басират кўзи ила кўриб турар, натижада унинг олдида изза бўласизлар. Чунки комил мўмин сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло ато этган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади”, дейишган.
“Туҳфатул олий” китобида фаросат уч хил – иймоний, риёзий ва халқий бўлиши таъкидланган.
Иймоний фаросат – банда қалбига Аллоҳ таоло солган нуридир. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади. Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган воқеани келтирадилар.
Бир киши ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келаётиб, йўлда бир номаҳрам аёлга қараб қўйди. Ҳазрат Усмон:
– Бирингиз кўзларидаги гуноҳ асорати билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат-ла:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати аҳволга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – дедилар.
Риёзий фаросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ақлий машғулотлар билан кўп шуғулланиш орқали ҳосил бўлиб, нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунча юзага келади. Ушбу фаросат фақат мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан бошқа инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, фақат хақиқатни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
Халқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардан хулоса чиқариш истеъдоди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турганида мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бўйнингдаги хочни ечгайсан”, дейди. У хочи борлигини инкор қилди. Шунда устознинг ишораси билан шогирдлар унинг тўнини ечишганда, хочи кўриниб қолади ва сири фош бўлади. У мазкур ҳадиснинг исботини кўргани боис иймонга келиб, Исломни қабул қилади.
Имом Шофеъий ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ Масжиди Ҳарамда ўтиришса, бир нотаниш киши масжидга кириб келди. Шунда Имом Муҳаммад унинг юриши ва ўзини тутишига қараб: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деди. Имом Шофеъий эса: “Менимча, бу одам темирчи-ёв”, деди. Шунда ўша одамни ўзидан сўралган эди: “Мен аввал темирчи эдим, айни пайтда дурадгорлик қилмоқдаман”, деб жавоб беради (“Рисолатул Қушайрия”). Яъни, ҳар икки олим ҳам фаросатларининг ўткирлигидан нотаниш кишининг касбини аниқ топа олишган.
Шунингдек, улуғларнинг мақоми ва эҳтиромини ўз ўрнига қўя олиш ҳам кишининг фаросатидан саналади. Масалан, бир киши Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан: “Сиз каттамисиз ёки Расулуллоҳми?” деб сўради. Шунда у зот: “У зот мендан катталар, лекин мен у зотдан аввалроқ туғилганман”, – деб жавоб берган.
Киши суҳбатдошига малол келмайдиган тарзда таълим бериши ҳам фаросатдир. Масалан, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг олдида акса урди ва суннатга мувофиқ ҳамд айтмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак одоб билан ўша одамдан савол сўровчи талабадек: “Тақсир, киши акса урганда суннатга кўра нима дейди?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Шунда у зот: “Ярҳамукаллоҳ” дея жавоб қайтарди.
Фаросатни зиёда қилиш учун ҳар ишда динимизга амал қилиш зарур. Ибн Шужоъ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини Аллоҳнинг муроқабаси (назоратини ёдда сақлаши) билан обод қилса, кўзини ҳаромдан тўсса, нафсини ортиқча истакларидан тийса, ҳалол луқмага одатланса, фаросати ўткирлашади” (“Ҳилятул авлиё”).
Бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак фаросат соҳиблари бўлиб камол топишларига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам китоб мутолаасига одатланишимиз, илм-маърифат эгаллаш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Имом Абу Ҳомид Ғаззолий: “Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир”, деган.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази директор ўринбосари
"Ҳидоят" журнали 2-сонидан.