Умар розияллоҳу анҳу кексайиб қолганларида “Эй Аллоҳ, Йўлингда шаҳид бўлиш ва Расулингнинг шаҳарларида вафот этишни насиб этгин!” деб дуо қилардилар. У киши бир куни одамларга хутба қила туриб, бир туш кўрганларини, унда бир хўроз ўзларини бир ёки икки марта чўқиганини, ўзларининг ажаллари яқинлашиб қолганини сезаётганларини айтадилар. Шунда одамлар у кишидан ўрниларига халифа бўлиш учун номзодни айтишларини сўрадилар. У зот шўро мажлиси қилмоқчи эканларини, бу мажлисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлган саҳобаларидан олти нафарлари бўлмиш Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумнинг иштирок этишларини баён қиладилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яқин орада фатҳ этилган шаҳарлардан келувчи балоғатга етган йигитларни Мадинага киритмасликка қарор чиқарган эдилар. Ироқ волийси бўлиб турган Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу мўминлар амиридан ироқлик бир йигитни Мадинага киришига рухсат сўрадилар. У йигит темирчи ва дурадгор эди. Мадина аҳлига фойдаси тегар деган ўйда эдилар. У йигитнинг исми Феруз бўлиб, Абу Луълуъа куняси билан аталар, ўзи асли мажусий эди. Шу боис зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, нифоқни ичида сақларди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг келишига рози бўлдилар.
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу тегирмон ясаётган ўша Абу Луълуъанинг ёнидан ўтаётганларида йигит у кишига тегирмон ясаб бермоқчилигини айтади. Орадан маълум вақт ўтгач, Умар розияллоҳу анҳу уни ҳузурларига чақиртириб, “Сен менга ҳавода айланадиган тегирмон ясаб бераман деб айтмаганмидинг?!” дейдилар. Бу гапга жавобан Абу Лаълуъа “Эй мўминларнинг амири, мен сизга шундай бир тегирмон ясаб берайки, одамлар уни машриқу мағрибда гапириб юрсинлар” дейди. Бу гапни эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг мақсадини англайдилар ва саҳобаи киромларга “Бу бола менга таҳдид қилмоқда” дейдилар.
Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу бомдод намозига имомликка ўтиб, Аллоҳу акбар деб қулоқ қоққанларида сафда турган мажусий олдинга ўтди-да, ичида беркитиб турган ханжари билан мўминлар амирини таналарига бир неча марта зарба берди. Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни олдинга ўтқазиб, ўзлари қон кўп йўқотганлари сабабли ҳушларидан кетадилар. Намозни ўқиб бўлган саҳобаи киромлар у кишини уйларига кўтариб борадилар. Уйларида ўзларига келган улуғ халифа ёнларида ўтирган саҳобалардан “Намозни ўқиб бўлдингларми?” деб сўрайдилар. Улар “Ҳа” дейишгач, сув келтиришни буюрадилар. Сув келгач, таҳорат олиб ўзлари намозларини ўқиб, якунига етказиб қўядилар. Таналаридан эса қон тўхтовсиз оқиб турарди.
Намоздан сўнг ўзларига ким ханжар урганини сўрайдилар. Қотилнинг исмини эшитгач, мусулмон бўлмаган кимса у кишига ханжар ургани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу бакр розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн этилишга рухсат сўраб ўғилларини юборадилар. Онамиз рухсат берадилар, бундан Умар розияллоҳу анҳу шодланадилар. Орадан кўп ўтмай улуғ халифа ўша жароҳат сабабли вафот этадилар ва жанозалари ўқилгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн этиладилар. Қабрга ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу тушадилар. Бу воқеа ҳижрий 23 санада, милодий 644 йилда содир бўлиб, ўшанда улуғ халифанинг ёшлари 63 да эди.
Аллоҳ таоло ҳазрати Умарнинг дуоларини ижобат этиб, у кишига Мадини Мунавварада шаҳидлик мақомини насиб этди.
Ушбу расмда сариқ чизиқ билан белгиланган жой Умар розияллоҳу анҳунинг меҳроблари ўрни бўлиб, худди шу ерда у кишига ханжар урилган эди.
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, жумладан, Умар ибн Хаттобдан рози бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъзан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумладан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).
Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.
Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойдаланиш зарур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқмони Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”, деган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.
Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади. У: “Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:
– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, рози қилиш.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.