Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига асосан “Ҳаж–2020” мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 20 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири ўринбосари билан Абдулфаттоҳ бин Сулаймон учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда “Ҳаж – 2020” мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ушбу учрашувда шартноманинг бандлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини келишиб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасасида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда аллома аждодларимиздан бўлган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий мадрасанинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдуғофур Раззоқов, Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азимжон Ҳамидов, устоз ва талабалар иштирок этди.
Абдуғофур Раззоқов Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик, гўзалликка тарғиб масалалари, буюк мутафаккирнинг нафақат туркий, балки, форсий тилда қилган ижодининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Азимжон Ҳамидов эса шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, асарлари, Ватан соғинчи тараннум этилган асарларига тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати