Инсон бошқа жамики нарсалардан мумтоз, ҳамма маҳлуқотлардан энг улуғидир. Инсон улкан иззат ва ҳурматга лойиқдир. Алишер Навоий ўзининг «Вақфия» асарида, «Бутун осмон ва осмондаги жами нарсалар, бутун ер юзи ва ер юзидаги жами нарсалар, ҳамма денгизлар ва унда мавжуд бўлган ҳамма нарсалар, ҳамма мамлакатлар ва уларда бор жами неъматлар - бари, энг яхши нарсалар инсон учун, унинг бахт-саодати учун яратилган, буларнинг жами - инсонга хизмат қилмоғи керак» деб ёзган эди. Инсоннинг мукаррамлигининг яна бир жиҳати ақл-идрок ва тафаккурга эга бўлганлигидадир. Ақл-идрок соҳиби бўлганлиги учун у икки дунёдаги воқеаларни билишга уринади, илму-тафаккури, даҳоси, меҳнати, салоҳиёти билан дунёни бошқаради. Инсонда буюк мутафаккирларимиз таъкидлаганларидек, бебаҳо марварид – ақл-заковат мавжуд. Унда табиат ва жамиятнинг сир-асрорларини ва юксак чўққиларини билиш қобилияти жамул-жамдир.
Барча илоҳий ва мумтоз асарларда инсон қадри одам зотининг Аллоҳнинг энг буюк мўъжизаси сифатида улуғланиши, ҳар томонлама муносиб қадр-қиммат топишини англатади. Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишликдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишликдан қайтаради. Инсон ўзига ато этилган ҳаёт неъматини қадрламоғи лозим. Минг афсуслар бўлсин, ҳаётининг қадрига етмайдиган инсонлар ҳам борки, ўз жонларига қасд қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлиб қоламиз.
Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”[1]. Ва яна “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради”[2]. Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган иш бўлиб, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарига норози бўлиш, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир. Ўзи ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда эса ўзини ўлдирган кишининг жазоси янада равшанроқ ёритилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темирлар парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб азобланади”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Аллоҳ таоло ҳадиси қудисийда марҳамат қилурки, “Бандам ўзини ўзи ўлдириб мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим”. Ва яна бошқа бир ҳадисда имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзни ўзи ўлдирди, шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди, Мен унга жаннатни харом қилдим”, - деди”, деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини ўзи бўғган дўзаҳда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзаҳда ҳам пичоқ уриб туради”, деганлар. Демак ўзини ўзи ўлдирган одам дўзаҳга тушишда шубҳа йўқ. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, исломда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналиб дўзахий бўлиши қайта-қайта таъкидланган.
Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолони раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий айтадилар “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас у зот унга жаноза ўқимадилар”. Ҳадисдаги “мишқос”дан мурод - кенг тиғли пичоққа ўхшаш нарса. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазодир. Охиратда эса алоҳида жазо бўлади. Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, охиратда ҳадисларда келтирилганидек, абадий азоб уқубатда бўлиш билан бирга ҳар бир мусулмоннинг гуноҳларини каффорат бўлишига сабаб бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.
Ҳаёт аталмиш азиз неъмат инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги керак, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган бўлиб, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи
1. Аллоҳга тақво қилишни тижорат деб бил, шунда у сенга молсиз фойда келтиради.
2. Ўзингни сенга муҳтож бўлмаган, лекин сен унга муҳтож бўлган кишининг ўрнига қўй.
3. Харсанг тошларни жойидан кўчириш, онгсиз одамга англатишдан осонроқдир.
4. Жаннатни талаб қилишда олий ҳимматли бўл.
5. Аллоҳдан шундай умид қилки, у билан Унинг макридан омонда бўлма ва Аллоҳдан шундай қўрқки, у билан Унинг раҳматидан умидсиз бўлма.
6. Мен ҳеч қачон сукутдан афсусланмадим. Агар гап кумуш бўлса, сукут — олтин.
7. Ҳикмат камбағалларни подшоларнинг мажлисларида ўтказган.
8. “Ё Роббим, мени мағфират қил” — деб кўп такрорла, зеро Аллоҳнинг бир соати борки, у вақтда сўровчи рад этилмайди.
9. Ким ёлғон гапирса, юзининг сувини (обрўйи) кетади, кимнинг хулқи ёмон бўлса, ғам-ташвиши кўпаяди.
10. Аллоҳдан қўрқ, лекин қалбинг фожир бўлатуриб, одамлар сени ҳурмат қилишлари учун ўзингни уларга Аллоҳдан қўрқадиган қилиб кўрсатма.
11. Амал фақат яқиний ишонч (эътиқод) билангина мукаммал бўлади, кимнинг эътиқоди заиф бўлса, амали ҳам заиф бўлади.
12. Ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўл, зеро у пиширилган чумчуқ гўшти каби иштаҳалидир, лекин кўп ўтмай эгасини ичини ёндиради.
13. Мажлисни кўзинг билан кўриб танла, агар Аллоҳ зикр қилинадиган мажлис бўлса, у ерда ўтир. Агар олим бўлсанг, илминг наф беради, агар жоҳил бўлсанг, сенга ўргатишади, агар Аллоҳ у мажлисга раҳматини нозил қилса, сен ҳам шу раҳматдан баҳраманд бўласан.
14. Қарздорликдан эҳтиёт бўл, чунки у кундузи хорлик ва тунда ғамдир.
15. Тўқлик устига овқат емагин — чунки ундай таомни егандан кўра итга ташлаган яхшироқ.
16. Агар шайтон сенга шубҳа ва гумон орқали келса, уни яқиний ишонч ва насиҳат билан енг, агар у танбаллик ва зерикиш томонидан келса, қабр ва қиёматни эслаб енг, агар у хоҳиш ва қўрқув томонидан келса, унга дунё тарк этиладиган ва қолдириладиган нарсадир, деб айт.
17. Тилингдан чиққан гапларга эҳтиёт бўл, сукут қилган киши омонда бўлади, фақат фойдаси бор гапларни гапир.
18. Юзингни ниқоблашдан (яъни шубҳали қиёфадан) сақлан — чунки, у кечаси одамларни қўрқитади, кундузи эса хўрлик келтиради.
19. Мен тош, темир ва оғир юкларни кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўрмадим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ