Умар розияллоҳу анҳунинг орзуси бир аёлнинг эри бўлиш, шаҳватини қондириш эмасди. Аксинча, у жуда улуғ, шарафли ғоя ва мақсадни кўзлаган эди. Умму Гулсум розияллоҳу анҳо ҳам мустаҳкам иймон ва ахлоқ соҳибаси эди. Шу сабабли Умарнинг розияллоҳу анҳу аҳволини жуда яхши англар, ҳар бир вазиятдан рози бўлиб, ҳеч қачон нолимасди.
Кунлардан бир кун ундаги қаноат ва итоат даражасини очиқча кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди:
Умму Гулсум розияллоҳу анҳо Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан берухсат Рум императори Хироқлнинг завжасига бир ҳадя юборди. Чопардан ҳадяни олган Рум маликаси хизматчилар ва сарой аъёнларини йиғди.Уларга:
– Бу ҳадя мусулмонлар халифасининг завжаси, Пайғамбарнинг набирасидандир. Бу ҳадя эвазига мен ҳам бир нарса юбормокчиман, - деди. Сўнг Умму Гулсумга миннатдорчилик билдириб, бир мактуб ёзди ва кўплаб совға-саломлар билан жўнатди. Туҳфалар орасида қимматбаҳо мунчоқ ҳам бор эди. Чопар Мадинаи Мунавварага келгач, мактуб ва совғаларни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга топширди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Умму Гулсум розияллоҳу анҳони берухсат бундай иш қилгани учун койидилар.
Бироздан сўнг бир кишидан: “Намозга тўпланинг!” дея чақиришини сўрадилар. Чақириқни эшитганлар муҳим бир иш борлигини билиб, тўплана бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу уларга икки ракат намоз ўқиттирдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айгилгач, қавмга юзланиб:
Мунчоқни нима қилиш ҳақида улардан маслаҳат сўрадилар. Бир гуруҳ: «Мунчоқ Умму Гулсумга тегишли нарса эвазига юборилган. Шу боис унинг мулки бўлиши лозим. Император Ҳироклнинг завжаси зиммий эмаски, сизга хуш кўриниш учун совға юборса ёки сизнинг кўл остингизда эмаски, сиздан қўрққанидан юборса», дедилар.
Бошқа бир гуруҳга эса: «Биз ҳам эвазига бир нарса беришини истаб, бировга кўйлак ҳадя этамиз ёки сотилиб, пулини олиш учун бировга кўйлак юборамиз. Бу мунчоқ ҳам шунга ўхшаш бир нарса», дедилар.
Умар (розияллоҳу анҳу) ҳамманинг фикрини олгач:
— Сўзларингаз тўғри. Аммо элчи мусулмонлар элчиси, чопар уларнинг чопари, — дедилар ва ҳадяни Байтултоҳга беришга амр этдилар.
Умар розияллоҳу анҳу ўта адолатли ва умматнинг ишларини ўйлайдиган ҳоким бўлганидек, оиласининг барқарорлигини, ҳузур-ҳаловат ва фаровонлигини ҳам сақловчи киши эдилар. Шунинг учун ўзларининг хусусий молларидан ҳадя миқдорича нафақа ажратиб, завжаларига бердилар.
Умму Гулсум розияллоҳу анҳо ҳазрати Умардан икки фарзанд — бир ўғил ва бир қиз дунёга келтирдилар. Ўғилнинг исми Зайд ибн Умар, қизнинг исми Руқаййа эди. Хайрли бўлишини ният қилиб, унга холасининг исми қўйилган эди. Умму Гулсум розияллоҳу анҳо фарзандларининг гўзал тарбия олиб, улғайишлари учун ғайрат қилди ва бунга муваффақ бўлди.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш янги босқичга кўтарилди. 2016 йилда 5 минг 200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини бажарган бўлса, 2024 йилда 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмонлар ҳожилик шарафига муяссар бўлди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этишади. Мамлакатимизнинг 9 та ҳудудий аэропортидан зиёратчилар ҳар куни тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига ҳаж сафарига юборилади. Парвозлар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси билан биргаликда Саудия Арабистонининг “FlyNas” ва “FlyAdeal” авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Юртдошларимизга Мадинаи мунавварада ҳамда Маккаи мукаррамада барча шарт-шароитни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан иборат дастлабки ишчи гуруҳ фаол иш олиб борди.
Мадина шаҳрида муҳташам беш юлдузли “Zam-zam Pullman” меҳмонхонаси, Маккаи мукаррамада “Marmara hotel”, “Romance hotel”, “Al-Ayyam elite”, “Concrete hotel”, “Abroj Dania”, “Paradise”, “Open hotel”, “Ayyed saha” каби саккизта меҳмонхона ҳожиларни юқори савияда кутиб олишга шай қилинган. Меҳмонхоналарда зиёратчилар учун намозхоналар, ошхоналар, тиббиёт пунктлари ҳамда бошқа зарур воситалар ҳозирланди.
13 май куни тонгда муборак ҳаж сафарини ният қилган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи дилда қувонч, тилда шукроналик билан муқаддас замин сари йўлга чиқди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлди.
Орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж — 2025” мавсумининг илк зиёратчилари аэропортдан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчилар “Ҳаж — 2025” ишчи гуруҳи ва мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Юртдошларимизга муҳташам “Zam-zam Pullman” меҳмонхонасига киришлари биланоқ зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром кўрсатилди. Ватандошларимиз шодлик ва шукроналик туйғулари билан зиёрат ва ибодатларни адо этишга киришди.
Айниқса, меҳмонхонанинг Масжиди Набавийга жуда яқин масофада жойлашгани ҳожиларимизни беҳад мамнун қилмоқда. Улар кунлик барча ибодатни ушбу муборак масжидда адо этмоқда. Улар ўз дуоларида Яратгандан юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга бундан-да фаровонлик сўрашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз 2025 йил 13 майдан 28 майга қадар ҳаж сафарига кузатилади.
«Халқ сўзи».