Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Муборак васиятлар: ЗИКР ВА ЗИКР ҚИЛУВЧИНИНГ ФАЗИЛАТИ

16.01.2020   4398   20 min.
Муборак васиятлар: ЗИКР ВА ЗИКР ҚИЛУВЧИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Яҳё (алайҳиссалом) қавмига қилган васиятларнинг бешинчиси зикруллоҳ, Аллоҳни зикр қилишдир. Мўмин киши яратувчи, ризқ берувчи ва уни одам наслидан қилган Раббиси борлигига ишонади. Унинг бандаси Унга сиғинади, Унга талпинади, Унинг раҳм-шафқатидан умидвор бўлади, Унинг чексиз қудрати – ҳар неки бор, Ул Зот ундан буюклигини, Унинг даргоҳига ожизлик ила узатилган қўлни ёрдамсиз қолдирмаслигини яхши билади.

Ўзи билан Раббисининг ўртасидаги мана шу ажойиб илиқлик, самимийлик йўқолишидан қўрқади. Акс ҳолда, Саҳройи Кабирдек бу бевафо дунёнинг ёлғон-ялтироқлари ичида йўлини топа олмай, адашиб, қийин аҳволда қолишини билади. Раббисининг ўта меҳрибонлиги билан бирга, ўч олувчи, азобга солувчи эканини ҳам билади. Шунинг учун Унга итоатсизлик, осийлик қилишдан қўрқади. Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад (алайҳиссалом) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)га ҳар фарз намоздан кейин айтишни буюрган:

اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ

“Ё Аллоҳ, зикринг, шукринг ва Сенга чиройли ибодат қили­шимда ёрдам бер” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Абдураҳмон Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) Хазраж қабиласига мансуб машҳур саҳобалардан. 18 ёшида Исломни қабул қилган. Мадиналик 70 киши Ақоба байъатига келишганда Муоз ибн Жабал шуларнинг бири бўлган. Пайғамбар (алайҳиссалом) уни Яманга қози-муаллим қилиб жўнатганлар. Бадр ва бошқа ғазот­ларда иштирок этган. 38 ёшда вафот этган. Ундан 157 та ҳадиси шариф ривоят қилинган.

Сизлар ҳам ҳар бир фарздан кейин ушбу дуони айтадиган мўминларданмисиз? Аллоҳ таолонинг зикр ҳақидаги оятларига амалингиз қанчалик?

Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, уни имкон қадар хотирада сақлашнинг мўмин ҳаётида аҳамияти беқиёсдир. Яҳё (алайҳиссалом) ташбеҳ қилганларидек, ортидан қувиб келаётган душмандан қутулиб қолиш учун мустаҳкам бир қалъага яшириниб олса, жонини ҳам ҳаётини ҳам сақлаб қолади. Бу ташбеҳдаги қочаётган сенсан, ортидан изма-из келаётган душманинг шайтони лаъиндир. Ундан қутулиш учун кирадиганинг қалъа Аллоҳ таолонинг зикридир.

Яратган Раббингни ёдга олишинг, Унинг санъати асари бўлмиш коинот ва ундаги барча мавжудот-махлуқотларнинг яратилиши ҳақида тафаккур қилишинг, беихтиёр лол қолиб, У зотга ҳамд айтишинг, ўзингни ҳам, борингни ҳам асрайдиган мустаҳкам қўрғондир.

Бундай қўрғонга кириб яширинганларга шайтон ва унинг малайлари ҳеч қандай хавф туғдира олмас, шунинг учун ояти каримада ҳам айтилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ ذِكۡرٗا كَثِيرٗا٤١ وَسَبِّحُوهُ بُكۡرَةٗ وَأَصِيلًا٤٢

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтинг» (Аҳзоб, 41– 42).

Аллоҳ таолони зикр қилиш қалбни Унга боғлашдир. У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга оширишдир. Ҳа, мўминлар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиши керак. У Зотни кўп зикр қилгандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат ва чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлардан узоқлашади, чунки у оғзидан чиқадиган сўзини амалидан деб билади. Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одамнинг қалбида фойдасиз гапларга, сўкинишларга ва бошқа салбий нарсаларга жой қолмайди. Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунё ва унинг матоҳлари зикрига, турли кўнгилхушликларига, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларига ўрин қолмайди, балки унинг қалбига Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди. Унинг тилига Аллоҳ таолонинг исми жо, феълларида Унинг амри бажо бўлади. Тилидаги муборак зикр аста-секин зикр давомида ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради.

Гарчи бундай мақомдаги инсон тили билан Аллоҳ таолонинг исмини айтмаса ҳам, дили “Аллоҳ, Аллоҳ” ёки “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб туради. Ниҳоят бутун вужуди шу ҳолатга етади.

﴿ٱلَّذِينَ يَذۡكُرُونَ ٱللَّهَ قِيَٰمٗا وَقُعُودٗا وَعَلَىٰ جُنُوبِهِمۡ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلۡقِ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ رَبَّنَا مَا خَلَقۡتَ هَٰذَا بَٰطِلٗا سُبۡحَٰنَكَ فَقِنَا عَذَابَ ٱلنَّارِ١٩١

«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (Оли Имрон, 191)

Яъни, ақл эгалари бўлмиш мусулмонлар имкониятларига қараб намозларни тик ҳолда, ўтириб, унга ҳам ожиз бўлишса, ётган ҳолда имо-ишора билан ўқийверадилар. Бошқа бир тафсири шуки, бу ердаги “зикр”дан мақсад намоз эмас, балки Аллоҳни ёд этиш, дуо ва илтижо, тасбеҳ каби зикрлардир.

Бу бепоён осмонлару ерларга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кеча ва кундузнинг алмашинувини ақли ила тафаккур қилган одам, албатта, У Зотнинг қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан иложи йўқ. Осмонлару Ердаги ажойиб мутаносиблик – бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илму фан тинмай такрорлайди. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди? Осмонлару Ердаги барча нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганини ҳам ақл ишлатган дарров тушуниб етади. Демак, уларни қачондир пайдо қилган Зот бор, у Аллоҳ таолодир.

Кеча ва кундуз алмашинуви Ернинг ҳам, Қуёшнинг ҳам ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Бу ҳаммага маълумдир, бироқ уларни ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким ахир? Албатта, Аллоҳ таолодир.

Ояти каримада айтилганидек, эртаю кеч, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолони зикр қилиш лозим! Аллоҳни зикр қилиш тоату ибодатга қувват ва зийнатдир. Аллоҳ таолонинг ризосига олиб борадиган маркабдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿ وَٱلذَّٰكِرِينَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا وَٱلذَّٰكِرَٰتِ أَعَدَّ ٱللَّهُ لَهُم مَّغۡفِرَةٗ وَأَجۡرًا عَظِيمٗا٣٥

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр килувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни, жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).

Ояти каримада айтилган улуғ ажрдан мурод, жаннатдир.

Зикрнинг афзаллиги ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган, жумладан:

Абу Ҳурайра ва Абу Саид (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Бирор жамоа йиғилиб, Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, уларни малоикалар ўраб олади, уларга раҳмат ёғади, уларда ҳаловат пайдо бўлади ва Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузурида эслайди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида қайси банда энг афзал мақомда бўлади?” деб сўралди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркак­лар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар”, дедилар. “Аллоҳ йўли­даги ғозийдан ҳамми?” дейилди. “Ҳа, Аллоҳ йўлидаги ғозийдан ҳам Аллоҳ таолони кўп эслайдиган афзалдир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий).

Аллоҳ таолони зикр қилиш шайтон васвасасидан ўзимизни сақлаш учун энг мақбул йўлдир. Аллоҳ таоло зикридан бош тортсак, дўзахга маҳкум бўлган шайтоннинг шериги бўлиб қоламиз.

Аллоҳ таолони қанча кўп зикр қилсак, қалбимиз – руҳимиз шунча мунаввар бўлади.

﴿فَٱذۡكُرُونِيٓ أَذۡكُرۡكُمۡ وَٱشۡكُرُواْ لِي وَلَا تَكۡفُرُونِ١٥٢

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)

Ушбу ояти карима қисқа бўлишига қарамай, сирларга бой, маъноси барча оламга етгудай. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, умр-ризқ ва бошқа неъматларни берган бандаларига: “Мени эслангиз” демоқда. Хўш! Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг зикрларига муҳтожми? Албатта, йўқ. У Зот ҳар қандай нарсадан беҳожатдир. Аммо ҳамма муҳтожлик бандаларда, Аллоҳ таолонинг бу буйруғи бандаларга яхшилик етиши учундир. Аллоҳни эслаган унинг мукофотига эришади. Ғофил бандалар Аллоҳ таолони эсламаса ҳам, меҳрибон Аллоҳ уларни унутиб қўймайди, ризқ-рўзини, тоза ҳавони етказиб, юрагининг ҳар бир уриши учун изн бериб, кузатиб туради.

“Агар бир мўмин Аллоҳ таолони зикр қила бошласа, Аллоҳ таоло ҳам уни эслайди” дейишимиз, бу Аллоҳ таолонинг лутф-карамига сазовор бўлишини англатади.

Саъид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) юқоридаги ояти каримани: “Менга итоат қилиш билан Мени эсланг, мен ҳам сизларни мағфиратим... ёки раҳматим... билан эслайман” деб шарҳлаган.

Аллоҳ таолони чиройли ҳолатларда, яхши ишларда эслаш керак. Гуноҳ иш устида У Зотни эслаш, исмини тилга олишнинг ўзи ҳам алоҳида гуноҳ. Юқоридаги ояти карима зоҳиридан келиб чиқиб: Қотил, ўғри, ароқхўру зинокорлар ҳам Аллоҳни эслаб, баъзан Ундан мадад сўраб шу гуноҳларни қилади. Уни ҳам Аллоҳ эслайдими, деб Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан сўралганда, у киши: “Агар улардан бири гуноҳ қилиб туриб, Аллоҳни эсласа, Аллоҳ таоло ҳам уни эслайди, фақат лаънати билан эслайди”, деб жавоб берган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ марҳамат қилади: “Мен бандам Мен ҳақимда ўйлаганидекман, у Мени эсласа, Мен у билан биргаман, бандам Мени ичида эсласа, Мен ҳам уни ичимда эслайман, агар у Мени кўпчилик ичида эсласа, Мен ҳам уни уларнинг жамоасидан яхшироқ бўлган жамоа ичида эслайман”» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда қандай фикрдалигига қараб унга муомала қиламан, кечиришимни билиб кечирим сўраса кечираман, тавбасини қабул қилишимни билиб тавба қилса, қабул қиламан, дуосини ижобат қилишимни билиб дуо қилса, ижобат қиламан, Мени ўта меҳрибон деб билса, унга шундай меҳрибон бўламан, агар Мени қаҳри қаттиқ деб билса, унга қаҳримни қаттиқ қиламан”. Ҳадиси қудсий сўнгидаги “уларнинг жамоасидан яхшироқ бўлган жамоа ичидан”дан мурод, кимлар деган саволга Тибий: “Улар Аллоҳ таолога муқарраб малоикалар жамоаси билан пайғамбарларнинг руҳлари” деган жавобни айтган.

Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: “Модомики, бандам лаблари қимирлаб, Менинг зикримни қилиб турса, Мен у билан биргаман” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси қудсийда тасбеҳ, такбир ва бошқа лафзлар билан Аллоҳ таолони эслаётган зикр қилувчининг мақоми қанчалар юқорилиги, у Аллоҳга, Аллоҳ таоло эса унга яқинлиги баён қилинмоқда.

Абдуллоҳ ибн Буср (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ё Расулуллоҳ! Яхши, эзгу амаллар жуда кўп, менга бир нарсани буюринг, ўша нарсани маҳкам ушлай!” деди. Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг зикри билан тилинг доим нам бўлиб турсин!” дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таолонинг ер юзини айланиб Аллоҳни зикр қилиб ўтирган кишиларни ахтариб юрадиган малоикалари бор. Қачон улар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган бир жамоани топса: “Истаган нарсангиз шу ерда экан” деб бир-бирини чақиради ва ҳаммалари жамоа устига қанотлари билан ёпирилади, улар кўплигидан дунё осмонигача етиб қолади (Аллоҳ зикрини килиб ўтирган жамоатнинг айтган зикру дуоларига қулоқ бериб туришади, жамоа тарқалгач), Аллоҳ таоло Ўзи яхши билса-да, малоикалардан сўрайди:

Бандаларим нима қилишаётган экан?

Малоикалар: Ё Аллоҳ! Бандаларинг Сенга тасбеҳ, такбир ва ҳамду сано айтиб, Сени улуғлашмоқда.

Аллоҳ таоло: Улар ўзи Мени кўришганми? – деб сўрайди.

Малоикалар: Қасамки, улар Сени кўрмаган.

Аллоҳ таоло: Агар Мени кўришганда-чи?

Малоикалар: Агар Сени кўришганда, Сенга ибодатлари, Сени улуғлашлари янада авж олган бўларди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим Мендан нимани сўрашмоқда?

Малоикалар: Улар Сендан жаннатни сўрашмоқда.

Аллоҳ таоло: Жаннатни кўришганми?

Малоикалар: Йўқ, жаннатни ҳеч кўришмаган.

Аллоҳ таоло: Агар кўришганда қандоқ бўларди?

Малоикалар: Агар жаннатни кўришганда эди, унга рағбатлари, иштиёқлари бундан ҳам зиёдалашар эди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим нимадан паноҳ сўрашмоқда?

Малоикалар: Улар дўзахдан, унинг азобидан паноҳ тилашмоқда.

Аллоҳ таоло: Дўзахни кўришганми?

Малоикалар: Йўқ, эй Раббимиз, улар дўзахни ҳам, азобини ҳам умуман кўришган эмас.

Аллоҳ таоло: Агар кўришганда қандоқ бўларди?

Малоикалар: У ҳолда улар дўзахдан узоқроқ қочишга, унга тушишдан эҳтиёт бўлишга кўпроқ ҳаракат қилган бўлишар эди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим шундай ҳолатда экан, эй малоикаларим, сизлар гувоҳ бўлинглар, Мен уларни мағфират қилдим.

Малоикалардан бири: Уларнинг ичида фалончи бор, лекин у улардан эмас, у бир иш юзасидан бу ерда ўтириб қолди.

Аллоҳ таоло: У ерда ўтирганлар шундай кишилар, буларнинг шарофатидан у ҳам гуноҳкорлигича қолиб кетмайди”, дейди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом) бир кун: “Эй саҳобаларим! Сизларга амалларингизни энг хайрлиси, даражотингизни юқори кўтарадиган, тилло ва кумушни эҳсон қилишдан ҳам яхшироқ ва душманингиз билан рўпара бўлиб, қиличларда солишишдан кўра афзалроқ амални ўргатайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ!” дейишди. Пай­ғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳни зикр қилиш”, дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадиси шарифларида айтилган “Аллоҳни зикр қилиш” ҳақида Ибн Молик: “Ҳадисдаги зикруллоҳдан мурод, эътибор билан, тушуниб қилинган қалбий зикрдир. Қалбий зикрнинг ҳадиси шарифда айтилганидек молу жонни сарф қилишдан афзаллиги бор, албатта”, деган.

Чунки у ҳис-туйғу ва тафаккур билан қилинадиган амал, яъни у қалб амали бўлиб, аъзолар билан адо этиладиган барча амаллардан қийинроқ.

Шунинг учун унга жиҳодул акбар дейилган.

Қалб ғофил, хаёл бошқа жойда, зикр моҳиятидан йироқ бўлиб, фақат тилнинг ўзи билан қилинган зикруллоҳнинг бошқа ибодатлардан, айниқса, закот, ғазотдан афзаллиги йўқ. Қалб ғофил бўлиб, тилнинг ўзи билан бўлса-да, зикруллоҳ қилиш яхши, ҳамма аъзолар ғафлатда бўлгани ҳолда биттаси ибодатда бўлади, бироқ ҳадисда айтилган зикруллоҳ ёлғиз шундан иборат эмас.

Ушбу ҳадисни шарҳлаб, зикруллоҳ ҳақида Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Шарҳ ва таҳлил” асарида қуйидагиларни келтирган:

“Биз ҳадиси шарифда санаб ўтган ибодатлардан зикруллоҳнинг афзаллигини нотўғри тушунмагин, яъни бир мўмин Аллоҳнинг зикрига доимо қатъият билан ёндашиб юрса, унда закот, ғазот ва бошқа ибодатлар ундан талаб қилинмаса ҳам бўлар эканда, деб ўйламайлик! Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромларнинг эътиборига ҳавола қилмоқчи бўлган маъно шуки, банда қилган ҳар қандай тоат-ибодатнинг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши, ниятининг тўғрилиги ва холислиги ҳамда амалининг риёдан ва шахсий ғаразлардан тоза бўлишига боғлиқ. Ибодатларнинг мана шундай рисоладагидек вужудга келиши Аллоҳ таоло билан банданинг ўртасини тўсадиган, қалбнинг Аллоҳ муҳаббати ила ёнишидан бошқа томонга буриб юборадиган ҳар қандай офат-иллатлардан покизалиги билан ҳосил бўлади. Қалбнинг покизалигига ва иллатлардан софлигига ягона элтгувчи йўл эса (ҳадисда айтилган) зикруллоҳдир. Шулардан келиб чиқиб, ҳадис маъносини бундай тушуниш керак: Аллоҳни эслаш, Унинг зикрида бўлиш, Аллоҳ таоло наздида У Зотнинг зикрисиз, риё билан адо этилган садақоту жиҳоддан яхшироқдир”.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ҳар бир зангни кетказувчи бор. Қалб зангини кетказувчи нарса Аллоҳни зикр қилишдир. Аллоҳни зикр қилишдан кўра бандани Аллоҳнинг азобидан қутқарувчироқ амал йўқдир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?” деб сўралди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ҳа! Агар душмани билан қилич сингунча урушса ҳам...”, дедилар» (Имом Байҳақий).

Албатта, ҳар бир инсон вужудининг марказида нафси аммора – ёмонлик роҳати, гуноҳ лаззати ва бошқа мункар ишларга бошлаб турадиган кўнгил майли мавжуд. Умри мобайнида бир мўмин неча бор ожизлиги туфайли нафсининг сўзига киради, шунинг учун кичик гуноҳлар содир бўлиб туриши кўпчиликда табиий ҳолат. Аслида, ички оламини пок тутиши, гуноҳларга кўнгли кетмаслиги, кўнгли кетса ҳам, уни амалда бажаришдан сақланиши мўминнинг доимий хулқи бўлиши керак эди. Аммо ички ва ташқи хулқида хатою камчиликка йўл қўйган мўмин дарров Раббисини эслаши, гуноҳларини кечириб юбориш Унинг учун арзимас иш бўлган меҳрибон Раббиси борлигини чин юрак ва онги билан эслаши, ҳамда гуноҳи эвазига уни азобламаслигини сўраши ва чин тавба қилиши керак эди. Аллоҳ таолони шу зайлда эслаш, яъни зикр Унинг азобидан қутқарувчи улуғ ибодатдир.

Оли Имрон сураси 135-оятида бундай дейилади:

﴿وَٱلَّذِينَ إِذَا فَعَلُواْ فَٰحِشَةً أَوۡ ظَلَمُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ ذَكَرُواْ ٱللَّهَ فَٱسۡتَغۡفَرُواْ لِذُنُوبِهِمۡ وَمَن يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ إِلَّا ٱللَّهُ وَلَمۡ يُصِرُّواْ عَلَىٰ مَا فَعَلُواْ وَهُمۡ يَعۡلَمُونَ١٣٥

«Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйса ёки ўзларига зулм қилсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар би­ла туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир».

Бу охир-оқибати жаннат бўладиган тақводор мўминларнинг сифатлари ҳақидаги ояти каримадир.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Ким бир яхши амал қилса, бас, унга ўн яхшилик савобини бераман, яна зиёда қилишим мумкин, ким бир ёмонлик қилса, бас, унга битта гуноҳ, холос ёки кечириб юбораман, ким Менга бир қарич яқин келса, Мен унга ярим қулоч яқин бораман. Ким Менга ярим қулоч яқин келса, Мен унга бир қулоч яқин бораман, Менга томон юриб келса, Мен унга югуриб бораман, ким Менга Ернинг қаватича хато-камчилиги билан кел­са, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган бўлса, Мен уни ана шун­ча мағфиратим билан қарши оламан” дейди» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиси қудсийда ҳам ширк хақида нима дейилганини билиб олдик. “Менга Ернинг қаватича хато-камчилиги билан келса, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган бўлса, Мен уни ана шунча мағфиратим билан қарши оламан”. Ширкнинг ёмон гуноҳлиги шунда, амални йўқ қилиб юбориш билан бирга, биз билан Аллоҳ мағфирати ўртасига тўсиқ ҳам бўлар экан. Ширк келтирмаган бўлсак, хатоларимиз ҳар қанча кўп бўлмасин, Аллоҳга уларни мағфират қилиш ҳеч гап эмас. Шунга умид қилайлик!..

Аллоҳга ширк келтиришдан Ўзи асрасин. Хатою камчилигимизни афв этсин.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Мужоҳидларнинг қайси бири энг кўп ажр олади?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳни энг кўп зикр қилгани”, дедилар. У яна “Обидларнинг қайси бири энг кўп ажр олади?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳни энг кўп зикр қилгани”, дедилар. У одам кейин намозхон, закот берувчи, ҳаж қилувчи ва садақа берувчиларнинг энг кўп ажр оладиганларини бирма-бир сўраб чиқди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳар бирига: “Аллоҳни энг кўп зикр қилгани”, дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Умар (розияллоҳу анҳу)га қараб: “Эй Умар! Ҳамма яхшиликни зокирлар олиб кетишди-ку...” деган эди, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ҳа, шундай”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Табароний).

Мазкур ҳадиси шарифдан ҳам зикруллоҳнинг мўмин ҳаётида, ҳар бир амалида нечоғли аҳамиятли эканини билсак бўлади.

ДАВОМИ БОР...

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3242   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар