Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июн, 2025   |   5 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
30 Июн, 2025, 5 Муҳаррам, 1447

“Асрни ўқидингми?”

14.01.2020   2828   2 min.
“Асрни ўқидингми?”

(эр-хотин ўртасидаги суҳбат)

 

- Асрни ўқидингми?

- Йўқ.

- Шомничи?

- Ўқимадим.

- Нима учун?

- Ишдан чарчаб келгандим. Шунга бироз ётиб, дам олдим.

- Тушунарли. Хуфтонга азон айтилмасидан туриб тезда аср ва шомни ўқиб ол.

Эртаси куни эр хизмат сафарига жўнади. Одатда манзилига етиб боргач, аёлига қўнғироқ қилиб қўярди. Аммо бугун қўнғироқ қилмади ёки “Етиб келдим” деб смс ёзмади. Аёл ўзи эрига қўнғироқ қилди. Эри эса телефонни кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилдию барибир тушолмади. Безовта бўла бошлади. Эрининг бундай одати йўқ эди. Бу сафар эса ўзи қўнғироқ қилмагани етмагандек, аёлининг қўнғироғига ҳам жавоб бермаяпти. Орадан бир неча соат ўтгач, эри телефон қилди. Аёл шошганча телефонни кўтариб, гапира кетди:

- Эсон-омон етиб бордингизми?

- Ҳа, етиб келдим. Алҳамдулиллаҳ.

- Қачон етиб бордингиз?

- Тўрт соатча бўлди.

Аёл ғазабланди, овози ўзгарган оҳангда деди:

- Тўрт соат бўлди? Нега хабар бермадингиз?

- Йўлдан чарчаб келгандим, ётиб бироз дам олдим.

- Мен билан бир неча дақиқа гаплашсангиз нима бўларди? Телефон овозини эшитмадингизми?

- Эшитдим.

- Эшитдингиз-у, аммо жавоб бермадингиз. Нега? Мени ўйламадингизми?

- Ўйладим. Лекин сен ҳам кеча намозга азон айтилганида Аллоҳнинг ибодатига шошилишни ўйламадинг. Бир неча дақиқада намозингни ўқиб олсанг нима бўларди?

Аёл бироз сукутдан сўнг “Ҳа, тўғри. Сиз ҳақсиз. Мен хато қилдим. Бу ишимдан пушаймонман” деб хўнграб йиғлаб юборди.

Эри аёлининг ўзидан узр сўрагандек бўлганини сезиб, бундай деди:

- Сен кечиримни мендан эмас, Аллоҳ таолодан сўра! Бошқа ҳеч қачон намозингни қазо қилма! Биласанми, менинг энг катта орзуларимдан бири – сен билан жаннатда ҳам бирга бўлишдир.

Эрининг бу насиҳатидан сўнг аёл намозларига янада эътиборлироқ бўлиб, уларни ўз вақтида адо этадиган бўлди.

Ҳа, азизлар, сизни чин қалбдан севадиган киши сизни Аллоҳ таолонинг розилиги сари ундовчи, гуноҳга қўл уришингиздан тўсувчи кишидир.

Зеро, оламлар Робби Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقاً نَّحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى

“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни намозини ўз вақтида адо этадиган бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

27.06.2025   5851   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.


Муҳаррам ойи қандай ой?

Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


 Ашуро қандай кун?

Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


 Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).


Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


 Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


 Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.


 Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
 Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари