Яқинда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус Ислом билим юртида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мадраса раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар, ота-оналар иштирок этди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад талабалар тарбиясига ота-оналар ва мадраса томонидан эътиборни янада кучайтириш, ота-оналарни фарзандлари таълим-тарбия олаётган билим юртидаги шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, ўқиш давомида билим ва иқтидори, фаоллиги ва давомат намунали бўлган талабаларни рағбатлантириш, ўқитувчи ва ота-оналар биргаликда талабаларни ҳар томонлама назорат қилишни йўлга қўйиш, ўқув йилининг иккинчи ярми учун мўлжалланган шартнома тўловлар билан таништиришдан иборат.
Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Унда сўзга чиққан мадраса мутасаддилари юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, ҳукуматимиз томонидан Ислом билим юртларига қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтдилар.
Шунингдек, Президент фармонига кўра Ўзбекстон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланиши ҳукуматимиз томонидан диний соҳа вакилларининг олиб бораётган хайрли ишлари муносиб баҳоланганига ёрқин далил экани таъкидладилар.
Мадраса вакиллари жамиятимизга комил ва етук инсонларни етиштириб беришда ота-она ва устозлар берадиган тарбия ва билимни уйғунлаштиришни бирдек олиб бориш зарурлигини айтдилар. Шу билан бирга, ота-оналарга талабаларнинг ўқиш фаолиятидаги одоби, хулқ-атвори ва дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳақида маълумот бердилар.
Тадбир давомида ота-она, ўқитувчи ва талабалар учун китоб ярмаркаси ташкил қилинди. Шунингдек, ота-оналар билим юртидаги шарт-шароитлари билан яқиндан танишди ва бундай имкониятлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва билим юрти раҳбариятига миннатдорчилик билдирдилар.
Адилбай ЕРЕЖЕПОВ,
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ва
маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари
2. Мағрибдаги Сижилмосанинг Бану Мидрор давлати
Бy давлат ҳижрий 140–297 (милодий 757–909) йиллар орасида ҳукм сурган. Бану Мидрор давлатининг одамлари хаворижларнинг сафарийя тоифасидан бўлишган. Улар аббосийлар билан муросасозлик қилишган ва ички ишлари ва шжоратларида ўзларига хон, ўзларига бек бўлиб олганлар. Уларни фотимийлардан бўлган убайдийлар давлати йўқ қилган. Бу воқеа ҳижрий 297 йилда содир бўлган.
Бу давлатнинг энг машҳур ҳокимлари:
1. Ийсо ибн Язид Асвад. Бу шахс давлатга муассис бўлган. Ҳижрий 140–155 (милодий 757–772) йиллар.
2. Абул Қосим Самку. Ҳижрий 155–168 (милодий 772–784) йиллар.
3. Ал-Ясаъ ибн Абул Қосим. Ҳижрий 174–208 (милодий 790–823) йиллар.
4. Маймун ибн Мидрор. Ҳижрий 224–263 (милодий 839–877) йиллар.
3. Ўрта Мағрибдаги рустамийлар давлати
(ҳижрий 160–29; милодий 776–908)
Улар ибозий хаворижлардан бир фирқадир. Бу давлатга Абдурраҳмон ибн Рустам асос солган. У барбарларни тугатгандан сўнг ўз давлатини қурди. Сўнг Тоҳарт номли шаҳарни қуриб, уни ўзига пойтахт қилиб олди. Бу давлатни убайдийлар тоифаси йиқитди ва ҳижрий 296 (милодий 908) йилда ўзига қўшиб олди.
Мазкур давлатнинг кузга куринган хукмдорлари:
1. Абдурраҳмон ибн Рустам. Ҳижрий 160–168 (милодий 776–784) йиллар.
2. Абдулваҳҳоб ибн Абдурраҳмон. Ҳижрий 167–208 (милодий 784–823) йиллар.
3. Афлаҳ ибн Абдулваҳҳоб. Ҳижрий 208–258 (милодий 823–872) йиллар.
4. Абул Якзон Муҳаммад ибн Афлаҳ. Ҳижрий 260–281 (милодий 874–894) йиллар.
4. Марокашдаги идрисийлар давлати
(ҳижрий 172–375; милодий 788–985)
Аббосийлар Фах жангида алавийлар оиласига катта зарар етказганларидан сўнг, ҳижрий 169 (милодий 785) йилда Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Алий ибн Абу Толиб ва унинг укаси Яҳёлар қочиб кетишди. Яҳё Дайлам юртларида қўзғалон кўтарди, сўнг ар-Рашид уни йўқ қилди. Лекин Идрис Мағрибнинг энг узоқ юртига қочиб борди. У ерда барбарлар уни қўллаб-қувватлашди. Идрис Марокашда ўзининг амирлигига асос солди, унинг шавкати кучайди. Ундан кейин ўғли Идрис давлатни қўлга олди. У мазкур давлатнинг энг кўзга кўринган ҳукмдори, ҳақиқий асосчиси ҳисобланади. Яҳё ибн Идрис ибн Умарнинг даврида Идрис Фаъс шаҳрини кўрган. Мағриб юртларининг барчасида бу давлатнинг нуфузи ортган.
Идрисийлар давлати тарихдаги биринчи шийъа давлати ҳисобланади. Идрисийларга Ислом тамаддунини Мағрибга олиб келган биринчи шахслар сифатида қаралади. Уларни фотимий-убайдийлар йўқ қилган.
Идрисийлар давлатининг кўзга кўринган ҳукмдорлари:
1. Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан. Ҳижрий 172–177 (милодий 788–793) йиллар.
2. Идрис ибн Идрис. Ҳижрий 177–213 (милодий 793–828) йиллар.
3. Муҳаммад ибн Идрис ибн Идрис. Ҳижрий 213–221 (милодий 828–836) йиллар.
4. Яҳё ибн Идрис ибн Умар. Ҳижрий 292–310 (милодий 905–922) йиллар.
5. Тунис – Қайрувондаги ағлабийлар давлати
(ҳижрий 184–296; милодий 800–908)
Рашид ибн Иброҳим ибн Ағлаб барбарларга одоб бериш, уларни идрисийларга, Миср ва Шомга қарши ҳужум қилишдан тўсиб туриш учун ҳижрий 184 йилда Африкага волий этиб тайинланди. У ишларни тартибга солди, қўзғалонларни бостирди. Ўзининг ҳукмронлиги учун Қайрувонни марказ қилиб танлади ва ўз минтақасини аббосийлар давлатидан ажратиб, мустақил давлат қилиб олди. Аббосийлар давлати уларни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Ушбу давлатнинг нуфузи Тунис ва Ливияга тарқалди.
Ташқи фатҳлар
Зиёдатуллоҳ ибн Иброҳим ўша вақтда ҳижрий 212, милодий 827 йилда Сиқиллия оролини фатҳ қилишга имкон топди.
Мусулмонлар Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг давридан буён Сиқиллияга юришлар қилиб келар, лекин у ерда собит қолмаган эдилар. Фақат ағлабийлар даврида у ерда туриб ҳукм юритиш имконига эга бўлдилар. Сиқиллия оролини фатҳ қилишда Асад ибн Фурот қози ул-қузот (бош қози) ўлароқ иштирок этди. Исломнинг ҳукмронлиги бу оролда ҳижрий 483 (милодий 1090) йилгача давом этди.
Ағлабийлар Ўрта ер денгизидаги оролларга доимий равишда ҳужумлар уюштириб турдилар. Улар ҳижрий 256 (милодий 870) йилда Мальтани фатҳ қилдилар. Шунингдек, Италиянинг жанубий тарафларига ва Францияга ҳам ғазотлар уюштириб, муваффақият қозондилар. Франциянинг соҳилларига эга чиқишди ва Италиянинг бир қанча шаҳарларини – Бриндизи, Наполи, Кальярини, Таранто ва Барини фатҳ қилдилар.
Убайдийлар давлати ҳижрий 296 (милодий 908) йилда ағлабийлар давлатини ҳам тугатди.
Ағлабийлар давлатининг машҳур ҳокимлари:
1. Иброҳим ибн Ағлаб ибн Солим. Ҳижрий 184–196 (милодий 800–811) йиллар.
2. Зиёдатуллоҳ ибн Иброҳим. Ҳижрий 201–223 (милодий 816–838) йиллар.
3. Иброҳим ибн Аҳмад. Ҳижрий 261–289 (милодий 875–902) йиллар.
Кейинги мавзу:
Иккинчи Аббосийлар асри;
Туркларнинг устунлиги;
Занжийлар қўзғалони;
Қарматийлар ҳаракати.