Агар қарздор бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуоларни ихлос ила қилинг. Аллоҳ таоло дуоларингизни ижобат этсин.
اللّٰهُمَّ إني أعُوذُ بِكَ مِنَ المأْثَمِ وَالمَغْرَم
"Аллоҳим! Сендан маъсиятдан ва қарздорликдан паноҳ сўрайман".
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الْجُبْنِ وَالْبُخْلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ غَلَبَةِ الدَّيْنِ، وَقَهْرِ الرِّجَالِ
"Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан паноҳ сўрайман. Ожизликдан, дангасаликдан паноҳ сўрайман. Қўрқоқликдан, бахилликдан паноҳ сўрайман. Қарзга ботишдан ва одамларнинг қаҳридан паноҳ сўрайман".
اللهُمَّ اكْفِنِي بِحَلالِكَ عَنْ حَرامكْ، وَأَغْنِني بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِواك
"Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин".
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:
“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази