Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,
ё саодат – ё фалокат масаласидир.
Абдулла Авлоний
Маълумки, Исломнинг оламшумул илоҳий таълимоти кишилик жамиятини бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Оила ва фарзанд жамиятнинг узвий асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан илму фан, касбу ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Ёш авлод, хусусан, фарзандларимизнинг қизиқишлари, ақлу заковатлари, иқтидорларига мувофиқ илм, касб ва ҳунар танлашларида имкон борича ёрдам беришимиз зарур. Ёшлар олтиндан ҳам қимматли вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу ҳақда Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” (Термизий ривояти), дея унинг қадрига етишни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларни солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчидир. Атирдан олинган тақдирдагина ҳам унинг ҳушбўй ҳиди димоғдингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқинидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да тутуни димоғингни ачитади”, деганлар.
Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг энг асосий бурчидир. Одамлар орасида “Ўзингни бил, ўзгани қўй” деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота-она болалар учун масъулдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас", деб марҳамат қилганлар.
Бир куни халифа Маъмун одоб билан сўзлаётган бир боладан: “Кимнинг ўғлисан?” деб сўради. Бола: “Одобнинг ўғлиман”, деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Маъмун: “Қандай чиройли отанг бор экан-а”, деб унга таҳсин ўқиди.
Исломда тарбия таълимдан кўра устунроқ ва кенг қамровлидир. Чунки тарбия болани уйида, кўчада, мактабда ўзини тута билиши одобларини, ақл билан иш юритиб, жисмини, нафсини ўзига бўйсундиришдек оғир ишни йўлга қўяди. Тарбиянинг асоси оила муҳитидир. Бола уйда нимани кўрса, шунга тақлид қилиб ўсади. Оилада ота олижаноб, кенг феъл, босиқ, мулоҳазали ва озгина сиёсатлироқ бўлиши, она эса меҳрибон, раҳимли, болаларни беҳуда қарғамайдиган ва мулойим бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам аждодларимиз фарзанд тарбиясига қаттиқ аҳамият беришган.
Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба, 119).
Ҳадисда айтилишича, рўстгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидоийлик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб ҳайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи бир куни ёшлар тарбиясига эътиборини жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилади?”, деб савол бердилар. “Хосил йиғиб олинади”, дейишади. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишиши муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.
Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир”, деганлар.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғида берилган”, деган.
Касб-ҳунар ўрганиш ва шу орқали ҳалол меҳнат қилиб чиройли ҳаёт кечириш шариат талабларидан биридир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида айтдилар: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради” (Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Табароний ва Байҳақий ривояти).
Буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг иқтидорли шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний касб-ҳунар ва унинг жамиятидаги муҳим ўрни ҳақида биринчи бўлиб “Яхши ризқни касб қилиб топиш” номли китоб ёзди ва касб-ҳунар, тижорат, зироат, саноат кабилар билан машғул бўлиш зарурияти ҳақида батафсил маълумот беради.
Буюк ватандошимиз шайхур-раис Ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: “Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олгандан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва саноатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли алоҳида аҳамиятга эгадир (Муҳаммад Атия, Исломий тарбия ва унинг фалсафаси. 197-бет)”.
Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: “Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим” (“Иҳё...” китоби, 3-жуз, 70-бет).
Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ва, шу жумладан, уларни гиёҳвандлик офатидан эҳтиёт қилиш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласи экани ҳаммамизга яхши маълум. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилилб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамда раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.
А.Наимов,
Қувасой шаҳар бош имом хатиби
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари