Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки , унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз ва унга дафн қилинамиз. У шундай диёрки, агар ундан сафар қилсак унга муштоқ бўлиб, уни соғинамиз. Сафардан қайтсак, соғинчдан унинг тупроғини шавқ ва завқ ила кўзга сурамиз. Ватан тинч бўлса биз ҳам тинч бўламиз. Ҳа, Ватан тушунчаси айтиб ўтганимиз каби шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у қалб ва муҳаббат ила ҳис қилинадиган туйғу.
Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради. Юртини севган ўзини севибди.
Тарихдан маълумки, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламга илк бор ваҳий нозил бўлганда, Варақа ибн Навфал Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, ҳали шундай вақтлар келиб, у зотни қавмлари ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришларини айтганларида, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлиб, "улар мени ҳайдаб чиқаришадими" , дейишлари ҳамда Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган ватанларидан чиқиб кетишга мажбур бўлганларида, “Эй Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дейишлари ҳар бир инсонни туғилиб ўсган ўз юртини севишига ёрқин мисол бўла олади.
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».
Алихон тўра Соғуний: “Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади”, деганлар.
Ватанини севган инсон уни ҳимоя ҳам қилади. Динимиз таълимотига кўра ватанини ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб айтганлар (Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: Расулулоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир».
Буюк аждодларимиздан бири Кубравия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанини ўз жонидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарларни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, туғни қўлларидан кесибгина олишга муваффақ бўлишади.
Ҳар бир фуқаро ўз ватанини севса уни ҳимоя қила олса ана шундагина ватан ва унинг ҳалқи ривожланади тараққий топади. Ватанни қўриқлаш ва уни ҳимоя қилиш фақат ватан ҳимоячиларини эмас балки, ҳар бир юрт вакилларининг бурчидир. Аммо ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Ватан ҳимоячиси туғилиб ўсган заминини, оиласи ,ўз ота-онасини, бутун халқини ҳимоясини қилади. Бу эса ўз шаъни ва ор-номуси ҳамда иймон -эътиқодини ҳимояси билан баробардир.
Ҳар йили мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланишлиги ҳам бежиз эмас. Ватан ҳимоясини шарафли бурч деб билган ватан поспонлари ҳамда юрт фидоилари бор экан, халқимиз тинч, юртимиз равнақи кундан кун тараққий топиб, бугунги кунимиз эртанги кундан ўзгача бўлиб бормоқдаки, бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамит ҳам эътирофи этмоқда.
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби
Зиёуддин Мирсодиқов
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввур олиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Шунингдек, Қуръон матнлари қандай сақланиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кутиляпти.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа — Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини шакллантиришда контентларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш бош вазифа сифатида белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказнинг махсус штабида Қуръон зали экспозицияси бўйича якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди. Унда экспозицияни мазмунан бойитиш, ноёб қўлёзмаларни танлаб жойлаштириш, уларни замонавий технологиялар асосида кенг оммага тақдим этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Залда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси тўпланган бўлиб, бу юртимизда Қуръонга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Қўлёзмалар орасида жуда қадимий ва нодир нусхалар ҳам мавжуд. Жумладан:
- “Катта Лангар Қуръони” — бугунги кунда жуда кам сонли нусхалари сақланиб қолган, илк исломий қўлёзмалардан бири;
- Ҳазрати Усмон Қуръони — Қуръоннинг илк нашрларидан бири бўлиб, ислом оламида муқаддас манба сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, бошқа даврларга оид кўплаб араб графикасида ёзилган, безакли, ноёб қўлёзмалар намойиш қилинади. Бу қўлёзмалар тарихий ва диний аҳамиятга эга бўлиб, уларни ўрганиш орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Муҳокамада Қуръон залини ташкил этишда замонавий услубларни қўллаш, яъни нафақат китобларни сақлаш, балки уларни интерактив ва тушунарли шаклда тақдим этиш масалалари муҳим ўрин тутди. Жумладан, қуйидаги технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
интерактив экранлар – ҳар бир қўлёзманинг саҳифаларини яқинлаштириб, ҳарфлари ва безакларини кўриб чиқиш имконияти;
аудиогидлар (овозли йўлбошчилар) – ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек, араб, инглиз тилларида маълумотлар тинглаш имконияти;
виртуал экспозициялар – интернет орқали Қуръон залини масофадан туриб томоша қилиш имконияти;
Замонавий ёритиш ва намойиш техникаси – қўлёзмаларни зарар етказмасдан кўрсатиш имконини беради.
Бу усуллар орқали ташриф буюрувчилар ҳар бир Қуръон нусхасининг тарихи, ёзилган даври, географияси ва санъат даражаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади.
Мазкур зал фақат кўргазма эмас, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳам бўлади. Бу ерда шарқшунослар, тарихчилар, филологлар, ҳаттотлар ва диний олимлар учун бебаҳо манбалар тақдим этилади.
Ҳамидулла Лутфуллаев, Шарқшунослик институти Тарихий манбалар бўлими бошлиғи, олим:
– Қуръони каримнинг дастлабки даврларига оид, айниқса Ҳазрати Усмон даврида ёзилган еттита қўлёзма нусхаси аниқланган. Экспозициядан жой олиши кутилаётган бу манбалар бизга Қуръон матни қандай сақланиб қолганини кўрсатади ва ўрганишимизга замин яратади. Қуръон зали ёш авлод, хорижий меҳмонлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун диний, маданий ва илмий бойликни бир жойда кўриш имконини беради.
Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон мусулмон оламида яна бир бор илм, маънавият ва бағрикенглик маркази сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Қуръон зали эса бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
cisc.uz