Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки , унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз ва унга дафн қилинамиз. У шундай диёрки, агар ундан сафар қилсак унга муштоқ бўлиб, уни соғинамиз. Сафардан қайтсак, соғинчдан унинг тупроғини шавқ ва завқ ила кўзга сурамиз. Ватан тинч бўлса биз ҳам тинч бўламиз. Ҳа, Ватан тушунчаси айтиб ўтганимиз каби шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у қалб ва муҳаббат ила ҳис қилинадиган туйғу.
Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради. Юртини севган ўзини севибди.
Тарихдан маълумки, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламга илк бор ваҳий нозил бўлганда, Варақа ибн Навфал Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, ҳали шундай вақтлар келиб, у зотни қавмлари ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришларини айтганларида, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлиб, "улар мени ҳайдаб чиқаришадими" , дейишлари ҳамда Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган ватанларидан чиқиб кетишга мажбур бўлганларида, “Эй Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дейишлари ҳар бир инсонни туғилиб ўсган ўз юртини севишига ёрқин мисол бўла олади.
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».
Алихон тўра Соғуний: “Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади”, деганлар.
Ватанини севган инсон уни ҳимоя ҳам қилади. Динимиз таълимотига кўра ватанини ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб айтганлар (Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: Расулулоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир».
Буюк аждодларимиздан бири Кубравия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанини ўз жонидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарларни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, туғни қўлларидан кесибгина олишга муваффақ бўлишади.
Ҳар бир фуқаро ўз ватанини севса уни ҳимоя қила олса ана шундагина ватан ва унинг ҳалқи ривожланади тараққий топади. Ватанни қўриқлаш ва уни ҳимоя қилиш фақат ватан ҳимоячиларини эмас балки, ҳар бир юрт вакилларининг бурчидир. Аммо ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Ватан ҳимоячиси туғилиб ўсган заминини, оиласи ,ўз ота-онасини, бутун халқини ҳимоясини қилади. Бу эса ўз шаъни ва ор-номуси ҳамда иймон -эътиқодини ҳимояси билан баробардир.
Ҳар йили мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланишлиги ҳам бежиз эмас. Ватан ҳимоясини шарафли бурч деб билган ватан поспонлари ҳамда юрт фидоилари бор экан, халқимиз тинч, юртимиз равнақи кундан кун тараққий топиб, бугунги кунимиз эртанги кундан ўзгача бўлиб бормоқдаки, бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамит ҳам эътирофи этмоқда.
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби
Зиёуддин Мирсодиқов
«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия
«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен.
Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен»
«Авлиёларнинг авлиёси», «мутафаккирларнинг мутафаккири», «шоирларнинг султони» бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари нақадар чиройли таъриф берганлар ўз асарларида!
«Огоҳлик» cўзининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, янада кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни, бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий йўналишдаги ошкора ва яширин таҳдидларнинг хатарларидан ва «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.
Албатта, халқимиз, жумладан ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди.
Бироқ Ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини Ғарб зиёлиларининг ўзлари «Ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
«Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда».
Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!
Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю-кундуз тарқатаётган бир онда, айниқса бугун фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар, жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво, балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак...
Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.
1) «ЖОНСИЗ» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, телевизор... Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда...
Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда...
Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия:
ü доно халқимиз дунёқарашига ҳам,
ü миллатимиз менталитетига ҳам,
ü Қуръони каримнинг муборак ояти карималарига ҳам,
ü Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг муборак ҳадиси шарифларига ҳам,
ü динимиз кўрсатмаларига ҳам,
ü шариатимиз ҳукмларига ҳам,
ü уламоларимиз фатволарига ҳам,
ü давлатимиз қонунларига ҳам,
ü шарқона одобларимизга ҳам,
ü мазҳабимиз меъёрларига ҳам,
ü жамиятшунослик алоқаларига ҳам,
ü одамгарчилик муносабатларига ҳам,
ü инсоний туйғуларга ҳам,
ü руҳшунослик сир-асрорларига ҳам,
ü юртимиз урф-одатларига ҳам,
ü ўзбекчилик қоидаларига ҳам,
ü маданиятимиз ахлоқларига ҳам,
ü инсоний ақлга ҳам,
ü ахлоқий нормаларга ҳам,
ü доно мақолларимизга ҳам,
ü миллий анъаналаримизга ҳам,
ü диний қадриятларимизга ҳам,
ü халқимиз онг-тафаккурига ҳам,
ü мусулмончилигимиз асосларига ҳам,
ü Ислом динимиз тушунчаларига ҳам
ЗИД ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАЙЛИК !!!
Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас !!!
Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт!
Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин!
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.
2) «ЖОНЛИ» тарбия – бу:
улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари;
буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари;
меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари;
элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари;
жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар;
уйимизда фарзандларимизга ўзимиз бераётган таълим-тарбиямиз.
Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.
Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини ҳақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади.
Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «менинг отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «менинг онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради.
Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди», деб яна қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.
Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир! Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди.
Жаноби ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадиси-шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!».
Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:
«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».
Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда.
Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.
Айниқса ҳозирда юртимиздаги мавжуд беҳисоб ҳамда турли фурсат ва имкониятлардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб,
ҲАР БИР ОТА, ҲАР БИР ОНА ЎЗ фарзандига:
одоб-ахлоқ намуналарини,
киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини,
бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни,
ота-онага – меҳр ва итоаткорликни,
оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни,
ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни,
қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни,
қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни,
синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни,
атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни,
ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз –
ҲАМ БУРЧИМИЗ, ҲАМ ҚАРЗИМИЗ, ҲАМ ФАРЗИМИЗДИР!!!
ХУДОНИ ОЛДИДА ҳам, БАНДАСИНИ ОЛДИДА ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА ҳам!
Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!
Кимнинг она-Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.
Илоҳо ўзларимизни ҳам,
фарзанд-зурриётларимизни ҳам
Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган,
Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,
ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,
халқимиз хурсанд бўладиган,
ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР УЧУН ЖИДДИЙ МАСАЛА:
Не-не умидлар билан ўстираётган фарзандларимиз
динимиз қоидалари рухсат бермаган,
миллий анъаналаримиз ва маҳаллий урф-одатларимиз қайтарган
ҳамда давлатимиз қонунлари қоралаган
еб-ичиш маҳсулотларидан ЎТА ва ЎТА ЭҲТИЁТ бўлишлари
ва айниқса ҳозирги пайтда
айнан шу томонлардан "ҳужум" килаётган душманларимизга
кучли ва соф эътиқод билан қарши тураолишлари –
ўз динига, ўз халқига, ўз юртига ҳамда
ўз муқаддас оиласига садоқатли эканини
яққол белгиси бўлади!
Иброҳимжон домла Иномов