Ҳижратдан аввалги 45 йил, жумодул аввал ойи (мил. 579 йил, апрель боши) |
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшу икки ойу ўн кунлик бўлганларида боболари Абдулмутталиб Маккада вафот этди; – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туғишган амакилари Абу Толиб ўз кафолатига олди. |
Ҳижрий 4 йил, жумодул аввал ойи (ёки рабиъус соний / мил. 625 йил сентябрь-октябрь) |
– Нажд ғазоти бўлди. |
Ҳижрий 6 йил, жумодул аввал ойи (ёки рабиъул аввал / мил. 627 йил сентябрь-октябрь ёки июль-август) |
– Бани Лиҳён ғазоти бўлди. |
Ҳижрий 6 йил, жумодул аввал ойи (мил. 627 йил сентябрь-октябрь) |
– Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сарияси бўлди; – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта куёвлари Абул Ос розияллоҳу анҳу (Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эри) мусулмон бўлди. |
Ҳижрий 7 йил, 10 жумодул аввал, сешанба кечаси (мил. 628 йил 13 сентябрь) |
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кеча Форс ҳукмдори Кисронинг ўғли Шеравайҳ ўз отасини ўлдириб, тахтини қўлга киритганини ваҳий орқали билиб, эртасига бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мактуб юборганлари учун Кисронинг ҳузурига олиб бориш вазифаси билан Мадинага келган Яман ҳокими Бозоннинг икки элчисига айтдилар. |
Ҳижрий 8 йил, жумодул аввал ойи (мил. 629 йил август-сентябрь) |
– Муъта жанги бўлди. – ушбу жангдан кейин шу пайтгача мусулмонларга қарши хуруж қилишда давом этиб келаётган Бани Сулайм, Бани Ашжаъ, Бани Ғатафон, Бани Зубён, Бани Фазора ва бошқа араб қабилалари мусулмон бўлишди. |
Ҳижрий 9 йил, жумодул аввал ойи (мил. 630 йил август-сентябрь) |
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган охирги ғазот – Табук ғазоти бўлди; – Айла ҳокими, Жарбо, Азруҳ ва Мийно аҳллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳга эришишди ва жизя тўлашди (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга омонлик хати ёздириб бердилар); – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни 420 отлиқ билан Дувматул Жандал ҳокими Укайдир ҳузурига юбордилар. Сўнг у билан сулҳ тузиб, унга ҳам омонлик хати ёздириб бердилар; – Табук ғазотидан қайтаётганларида мунофиқлардан ўн иккитаси бир тор дара ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд уюштиришди. |
Ҳижрий 13 йил, жумодул аввал ойи (мил. 634 йил июль) |
– Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу олтмиш уч ёшида вафот этган. |
Ҳижрий 193 йил, жумодул аввал ойи (мил. 809 йил февраль-март) |
– имом Осим раҳматуллоҳи алайҳнинг энг машҳур ровийси Қуръони каримни ўн саккиз минг марта хатм қилган Абу Бакр Шуъба ибн Айёш раҳматуллоҳи алайҳ вафот этган... |
Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади
Манба: http://siyrat.uz/maqola/1849
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан