Масжидлар – мўмин мусулмонлар учун энг муқаддас ва қадрли жой ҳисобланади. Фақатгина ибодат маскани сифатида эмас, ўзаро меҳр оқибат, ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарини боғловчи жой сифатида ҳам эътиборга моликдир. Шунга кўра масжидларни бунёд этиш ва мавжудларини қайта таъмирлаб гўзал ҳолатга келтириш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади.
Сўнги йилларда мамлакатимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Мана шулардан бири юртимизда янгидан очилган масжилар сонининг ортаётганидир.
Биргина жорий 2019 йилнинг ўзида 10 та янги жоме масжид очилди, шу билан масжидлар сони 2066 тага етди. Жумладан, Тошкент шаҳрида улуғ алломалар номидаги “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, Сурхондарё вилоятида “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманганда “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғонада “Чилигижийда”, Навоийда “Абу Бакр Сиддиқ” ва Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра” масжидлари ҳамда Бухородаги Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” номли янги жоме масжид иш бошлагани мўмин-мусулмонларни бағоят хурсанд қилди. Қолверса, республикамиз бўйлаб 30 та жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 60 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди.
Худо хохласа мазкур хайрли ишлар 2020 йилда ҳам давом этади. Зеро, халқимиз орасида маърифат ва руҳий тарбия маскани бўлмиш масжидларни обод этиш иштиёқи баланд бўлган ватандошларимиз кўпчиликни ташкил этади.
#xabar #mahorat #imom
Бугун, 16 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 80 нафардан зиёд воиз имом домлалар учун Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” мавзусида 72 соатлик малака ошириш ўқуви бошланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида бўлиб ўтган ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, мазкур институт директори Ҳусниддин Аҳмедов ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирда Ҳомиджон домла бугунги мураккаб давр барча соҳа вакиллари қаторида имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини доимий ошириб бориш, инсонларни тўғри йўлга бошлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш йўлида жидду жаҳд қилишни талаб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, нотиқлар мазкур курснинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Икки ҳафта давом этадиган мазкур ўқувда бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларда дарс машғулатлари олиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати