Улар юқоридаги даъвонинг раддиясидан кейин тарвузлари қўлтиқларидан тушгач, Муҳаммаднинг муаллимини тайин қилишда ўзларича тенги йўқ «ҳақиқат»ни ихтиро қилишди: «Қуръон ўтганларнинг Муҳаммадга имло қилинган афсоналаридир», дейишди.
Аллоҳ таоло уларнинг мазкур ноҳақ даъволари ҳақида Фурқон сурасида шундай дейди:
وَقَالُوٓاْ أَسَٰطِيرُ ٱلۡأَوَّلِينَ ٱكۡتَتَبَهَا فَهِيَ تُمۡلَىٰ عَلَيۡهِ بُكۡرَةٗ وَأَصِيلٗا٥
«Улар: «Бу аввалгиларнинг афсоналаридир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қи-линур», дедилар» (5-оят).
Кофирларнинг Қуръони Карим ҳақида бир ундай, бир бундай дейишларининг ўзи ҳам уларнинг даъволари асосли эмаслигига далилдир. Уларга асоснинг кераги ҳам йўқ, бир оз ўзларининг бузуқ ақллари ва фосид мантиқларига илашадиган жойи бўлса бас, ўшани гап деб гапираверадилар. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши билишарди. Шунинг учун «Афсоналарни бошқаларга ёздириб олган», деб даъво қилишга ўтишди. Шу билан уммий – саводсиз араблар ўзларидан кейин келадиган «маданиятли» худосизларга Муҳаммадга дин ҳақиқатларини ва тарих фалсафасини айтиб бериб турган шахсни тайин қилишда юрадиган йўлни чизиб беришди. Аммо аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳар қанча даъволарни қилишган бўлса ҳам, бу уйдирмаларни ҳозиргиларга ўхшаб «илм» деб номлаб, бўҳтонларининг «илмий асослари»ни ишлаб чиқишмаган, бутун дунёга буни нажотга олиб чиқувчи маърифат деб мажбурий сингдиришмаган эди.
Баъзилари «Муҳаммадга Қуръонни имло қилиб берган ўша шахс роҳиб бўлиб, исми Баҳиродир. У тавҳид динида бўлган», дейишса, бошқалари «Ушбу муаллим Хадижанинг қариндошларидан бири Варақа ибн Навфал эди. У насронийларнинг олимларидан бўлган», демоқчи бўлишади.
Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имло қилиб турган, деб даъво қилинаётган икки киши тўғрисидаги биргина энг ишончли гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Баҳиро билан бир марта кўришганларидир, холос.
Ушбу учрашув ҳақидаги энг ишончли ҳужжат қуйидагилардир.
Абу Муco розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб(нинг маскани)га яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас, бурилиб қарамас хам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб, ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва:
«Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди.
Қурайш шайхлари унга қараб:
«Буни сен қаердан биласан?» дедилар.
«Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай, барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у.
Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларни ўтлатгани кетган эдилар.
«Уни чақириб келинглар», деди у. У зот келаётганларида устиларида бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эди. У зот соллаллоҳу алайхи васаллам ўтирганларида дарахтнинг сояси устиларига мойил бўлди.
«Дарахт соясига қаранглар! Унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб.
У ўша ерда туриб, уларга «Уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб, ўлдиришади», деб ёлворар эди.
Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва:
«Йўл бўлсин?» деб сўради.
«Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай, ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди.
«Ортингиздан сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у.
«Яхшилигимиз учун бизларни сенинг йўлингга танлашди», дейишди.
«Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди.
«Йўқ», дедилар. Бас, улар у зотга байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга:
«Аллоҳнинг номи билан сўрайман. Кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар:
«Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлворишларидан кейин Абу Толиб у зотни бир киши билан қайтариб юборди. Роҳиб (йўл учун) нон ва ёғ берди».
Имом Термизий ривоят қилган.
Бу ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди.
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Карвондагилар Бусро деган жойга етганларида, Баҳиро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Баҳиро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўрди. Сўнгра Абу Толибга: «Бу бола киминг бўлади?» деди. «Ўғлим», деди у. Баҳиро унга: «Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди. «У укамнинг ўғли», деди. «Отасига нима бўлган?» деди Баҳиро. «Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди. «Тўғри айтдинг. Уни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингнинг шаъни улуғ бўлади», деди Баҳиро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди».
Ушбу учрашувда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Баҳиро билан ўтирганлари, гаплашганлари, ундан бирор оғиз сўз эшитганлари ҳақида маълумот йўқ. Бунинг устига, улар қайси тилда гаплашган бўлишлари мумкин? Гаплашганда ҳам, Баҳиро Қуръони Каримдек нарсани бир кунда ўргатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрганиб, ёдлаб олишлари мумкинми?! Бу «илмий» даъво алаҳсирашдан бошқа нарса эмас!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни имло қилгани даъво қилинаётган иккинчи шахс Варақа ибн Навфалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу киши билан Ҳиро ғорида кўрган нарсаларини Хадижа онамизга хабар берганларидан кейин учрашдилар. Дарҳақиқат, Хадижа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Варақанинг олдига олиб борди. Варақа кексайиб, кўзи кўрмай қолган эди. Хадижа розияллоҳу анҳо унга: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир – яъни ваҳийнинг ишончли вакили», деди. Кўп ўтмай, Варақа вафот топди. Бошқа гап бўлгани йўқ.
Ушбу икки гумоннинг ботил эканини исботлаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар билан яширин равишда учрашмаганларини эсламоғимизнинг ўзи кифоядир. Балки иккисида ҳам ёнларида рафиқлари бўлган. Баҳиро билан учрашганларида Абу Толиб, Варақа билан учрашганларида Хадижа онамиз гувоҳ бўлганлар. Қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки учрашувда ғайб ва тарих илмларини шу қадар мукаммал ўрганиб олишлари мумкин?!
Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмаларига қандай жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи Фурқон сурасида юқоридаги оятдан кейинги оятда ўргатади:
قُلۡ أَنزَلَهُ ٱلَّذِي يَعۡلَمُ ٱلسِّرَّ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ إِنَّهُۥ كَانَ غَفُورٗا رَّحِيمٗا٦
«Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», дегин» (6-оят).
Қуръонни ҳамма нарсани билувчи Зот – Аллоҳ нозил қилган. Ҳамма нарсани билувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.
Баъзи шарқшуносларнинг «Макка атрофида насроний ва яҳудийлар кўп эди, Муҳаммад Қуръонни ўшалардан ўр ганиб олган», деган муболағаларига раддия қилиб, ўзимизни қийнашнинг ҳожати йўқ. Батаҳқиқ, улар орасидаги инсофли изланувчиларнинг ўзлари ушбу аҳмоқона фикрнинг нотўғри эканини таъкидлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг аҳборлари ва насронийларнинг роҳиблари билан учрашмаганлар. Улар билан бўлган алоқаларининг исботи йўқ.
«Маданиятли» шаккокларнинг ушбу даъволарнинг барчасидан ҳам пастроқ бўлган яна бир даъволари бор. Уларнинг гумонларича, гўё Маккадаги тижорат карвонларининг ёз мавсумида бир марта ва қиш мавсумида бир марта ташкил қилинадиган тижорат сафарларида тижорат моллари билан бирга, ўтган умматларнинг хабарлари, қадимги миллатларнинг қиссалари ҳам Маккага келтирилар эди. Араб тожирларининг яҳудий олимлар билан кўришганлари, насроний олимлар билан мажлислар қурганларини билмаймиз. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Шомга икки марта борганлар. Бир марта, юқорида кўриб ўтганимиздек, гўдаклик чоғларида амакилари Абу Толиб билан бирга сафар қилганлар. Иккинчи марта Хадижа онамизнинг вакиллари ўлароқ, тижорат сафарига чиққанлар. У зот бу вақтда ўсмир бўлиб, ёнларида Хадижанинг ғуломи Майсара йўлдош бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки қисқа сафарларида Бусро шаҳридан бошқа шаҳарга чиқмаганлар. Ақллиларнинг ақллари қаёққа кетмоқда?! Ҳақдан юз ўгириб, қайси томонга бурилмоқдалар?!
Икки кўзи очиқ инсонга кундай равшан бўлгач, Қуръони Карим ушбу пуч хаёлларнинг аҳмоқона эканини қатъий ва кескин лаҳжа билан баён қилади.
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:
وَمَا كَانَ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانُ أَن يُفۡتَرَىٰ مِن دُونِ ٱللَّهِ وَلَٰكِن تَصۡدِيقَ ٱلَّذِي بَيۡنَ يَدَيۡهِ وَتَفۡصِيلَ ٱلۡكِتَٰبِ لَا رَيۡبَ فِيهِ مِن رَّبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٣٧
«Ушбу Қуръон Аллохдан бошқанинг томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббидандир» (37-оят).
Қуръони Каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳидоят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеъий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини пайдо қилишга Аллоҳдан бошқа бирор зот қодир эмас.
Баъзи араблар Қуръони Каримнинг ҳаётийлигини кўришгач, уни шоирнинг хаёллари, адибнинг маънавий парвози, деган даъволарни ҳам қилишди.
Муҳаммад алайҳиссаломни «сеҳргар» ва «мажнун» деган туҳматлар ривож топмаганидан сўнг мушриклар у зотни «шоир» деб, Қуръонни эса «шеър» деб ҳам туҳмат қилиб кўришди. Бу ҳақда келаси оятларда сўз кетади.
أَمۡ يَقُولُونَ شَاعِرٞ نَّتَرَبَّصُ بِهِۦ رَيۡبَ ٱلۡمَنُونِ٣٠ قُلۡ تَرَبَّصُواْ فَإِنِّي مَعَكُم مِّنَ ٱلۡمُتَرَبِّصِينَ٣١
«Балки, «(У) шоир, унга ўлим етишини кутамиз», дерлар? Айтгин: «Кутинглар, албатта, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман» (Тур сураси, 30-31-оятлар).
Муҳаммад алайҳиссаломни «шоир» дейиш энг кучсиз туҳматдир. Ул зот умрларида ҳеч қачон шеър айтмаганлар, бинобарин, Қуръони Карим шеър эмас. Қуръон, шак-шубҳасиз, илоҳий каломдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сифати хусусида Ал-Ҳаққо сурасида марҳамат қилади:
وَمَا هُوَ بِقَوۡلِ شَاعِرٖۚ قَلِيلٗا مَّا تُؤۡمِنُونَ٤١
«Ва у шоирнинг сўзи эмас. Нақадар оз ишонасизлар-а!» (41-оят)
Қуръони Карим шеър эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шоир эмаслар. Ушбу улкан маънони яхшилаб тушуниб олиш зарур. Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:
وَمَا عَلَّمۡنَٰهُ ٱلشِّعۡرَ وَمَا يَنۢبَغِي لَهُۥٓۚ إِنۡ هُوَ إِلَّا ذِكۡرٞ وَقُرۡءَانٞ مُّبِينٞ٦٩
«Унга шеърни ўргатганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас» (69-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда мушрикларнинг даъволарига кескин жавоб бермоқда.
«Унга шеърни ўргатганимиз йўқ».
«Сизлар шеър билан Қуръоннинг фарқига бора олмаяпсиз».
Шеър инсоннинг ўз ички кечинмаларини вазнга солиб, байт қилиб айтишидир. Уни хоҳлаган инсон айтиши мумкин. Шеър турли бўлган-бўлмаган гапларни ҳам кўтараверади. Айниқса, арабларда бу нарса машҳур. Улар ҳақиқатни яхшилаб билиб олишлари лозимки, Қуръон Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийдир. У Аллоҳнинг каломидир. Уни ҳеч ким ўзидан чиқариб айта олмайди. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир дейиш мумкин эмас.
«Бу унинг учун тўғри ҳам келмас».
Шоирлик пайғамбарлик мақомига ҳеч мос келмайдиган амалдир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида шоирлик умуман йўқ эди. Абу Зуръа Розий қилган ривоятда Шаъбий: «Абдулмутталибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси – эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар», деган.
Коҳин – жинлар билан алоқаси борлигини ва ғойибдан хабар беришни даъво қилувчи шахс. Арабистон ярим оролида коҳинлик жуда ҳам авж олган эди. Коҳинлар «Руҳлар, худолар билан ҳам алоқамиз бор», дейишади ва баъзан табиблик даъвосини ҳам қилишади. Коҳинлар ўзларини сирли қилиб кўрсатиш мақсадида ўзгача оҳангда сўзлашишади, ғайри-табиий жумлалар тузиб гапиришади. Айниқса, ўша даврда араблар орасида улар катта обрўга эга бўлишган. Фолбинлик эвазига мўмайгина ҳақ ҳам олишган. Бу ҳақ «ҳулванул-каҳин» (коҳиннинг мўмай даромади) деб ном олган.
Душманлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ўша коҳинларга ўхшатдилар. «Бунинг ҳам жинлар билан алоқаси бор, ваҳий дегани шу», дейишди.
Аллоҳ таоло бу ботил туҳматни рад этиб, Ҳаққо сурасида шундай дейди:
وَلَا بِقَوۡلِ كَاهِنٖۚ قَلِيلٗا مَّا تَذَكَّرُونَ٤٢ تَنزِيلٞ مِّن رَّبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٤٣
«Ва у фолбиннинг сўзи ҳам эмас. Нақадар оз эслайсизлар! У оламлар Роббидан нозил қилингандир» (42-43-оят).
Тарихда, жумладан, Қуръони Карим нозил бўлиб турган даврда ҳам коҳинлик жамият учун бирор манфаат тақдим қила олган эмас. Бирор коҳин инсонларни тўғри йўлга бошлай олган, оқ-қорани танита олган эмас. Одатда коҳинларнинг сўзлари тушунарсиз ғувир-ғувирдан иборат бўлади. Ҳар бир ҳарфи очиқ-равшан, ҳар бир ибораси айни балоғат, ҳар бир жумласи ҳидоят бўлган Қуръони Каримни қандай қилиб коҳинлик сўзлари дейиш мумкин?! Агар Қуръондек улуғвор калом коҳинлик билан топиладиган нарса бўлганида, дунёда бундай китоблар кўпайиб кетган бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек оқил, доно, хушхулқ ва самимий кишини кўриб-билиб туриб коҳин дейиш ҳам, бўйин товлаш учун айтилган бўҳтондан бошқа нарса эмас.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:
وَلَوۡ نَزَّلۡنَا عَلَيۡكَ كِتَٰبٗا فِي قِرۡطَاسٖ فَلَمَسُوهُ بِأَيۡدِيهِمۡ لَقَالَ ٱلَّذِينَ كَفَرُوٓاْ إِنۡ هَٰذَآ إِلَّا سِحۡرٞ مُّبِينٞ٧
«Агар сенга қоғозда китоб нозил қилсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар» (7-оят).
«Хотиржам бўл, кўрмаган нарсасига ишона олмайдиган ақлларга нафақат кўринадиган, балки қўл билан ушлаб, пайпаслаб сезса ҳам бўладиган, моддий қоғозга битилган тайёр китобни кўз ўнгларида осмондан тушириб берсак ҳам иймон келтиришмайди. Ўшанда ҳам баҳона истаб, иймондан қочиш учун нимадир гапни ўйлаб топишади. Чунки аслида уларда ҳақиқатни англаш истаги йўқ. Улар нима қилиб бўлса ҳам инкор қилишнинг йўлини ахтаришаверади».
Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:
وَعَجِبُوٓاْ أَن جَآءَهُم مُّنذِرٞ مِّنۡهُمۡۖ وَقَالَ ٱلۡكَٰفِرُونَ هَٰذَا سَٰحِرٞ كَذَّابٌ٤
«Ичларига ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу сеҳргар ва каззобдир», дедилар» (4-оят).
Макка мушриклари ўзларининг ичида юрган бир одамнинг огоҳлантирувчи бўлиб келганидан ажабланишди. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларини инкор қилиш билан чекланишмади. Балки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли уйдирма, иғво ва бўҳтонлар ҳам тарқатишди. «Муҳаммад пайғамбар эмас, ўзимизга ўхшаган оддий бир одам, пайғамбар бўлиши мумкин ҳам эмас. Пайғамбарлик даъвосида тиловат қилаётган сўзлари одамларга таъсир қилаётган бўлса, бу унинг сеҳргарлигидандир. У сеҳргардир. Унинг «Пайғамбарман», деган гапи ёлғондир, у каззобдир», дейишди. Улар кибру ҳавога берилганликлари оқибатида шундай фикрга боришди. Чунки уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Каломга иймон келтиришдан унинг сеҳр экани эмас, уни қабул қилиш нафсу ҳаволарига тўғри келмаслиги тўсар эди. Зотан, улар сеҳр ва сеҳргарлардан ҳазир бўладиган одамлар эмасди.
Гоҳида Қуръони Карим душманлари жамланиб олиб, бу илоҳий Китоб ҳақида нима туҳмат қилиш тўғрисида маслаҳат-машварат ҳам қилганлар. Бу ҳақда ишончли ривоятлар кўп. Биз улардан иккитасини эътиборингизга тақдим қиламиз.
«Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. «Ҳа мим. Танзилул-китаби...» ояти нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу оятни масжидда ўқиётганларида, Валид ибн Муғийра қалби эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласининг олдига борди ва: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у инсоннинг каломи эмас. У жиннинг каломи ҳам эмас. Бу каломда бир ҳаловат бор, унда бир лаззат бор. Унинг усти серҳосил, ости сербарака. Албатта, у олий бўлади, ундан ҳеч нарса олий бўлолмайди», деб айтди. Сўнгра уйига қараб кетди. Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди. Энди Қурайшнинг ҳаммаси диндан чиқади», дейишди. Шунда Абу Жаҳл ўрнидан туриб: «Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: «Нега хафа кўринасан?» деди. «Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан. – Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг фикрича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берибсан ва Муҳаммад ҳамда Абу Бакрдан ортиб қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансан». Валиднинг аччиғи чиқди ва: «Менинг молим ва фарзандим ҳамманикидан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса», деди. Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласининг аъзолари ўтирган жойга келди-да: «Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисиз?» деди. «Худо ҳаққи, кўрмаганмиз», дейишди қабила аъзолари. «Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди. «Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди. «Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми?» деди. «Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага: «Нима дейлик бўлмаса?» дейишди. Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да: «Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга нарса эмас», деди».
Ибн Исҳоқ қуйидагиларни ривоят қилади:
«Валид ибн Муғийра Қурайшнинг ёши улуғларидан эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганида, Валид: «Эй Қурайш жамоаси, мавсум ҳам келиб қолди. Яқин орада ҳузурингизга арабларнинг вакиллари келади. Уларнинг ҳаммаси анави оғайнингиз ҳақида эшитган. Энди сиз у ҳақида гапни бир қилиб олинг. Яна гапингиз ҳар хил бўлиб, бир-бирингизни ёлғончи қилиб юрманг. Гапингиз хилма-хил бўлмасин», деди. Тўпланганлар: «Эй Абу Абдушшамс, сен ўзинг бизга бир фикрни айт, биз ўшани тутамиз», дейишди. У: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Коҳинларни кўп кўрдик. Унинг гапи коҳиннинг ғинғиллашига ҳам, сўзларни тартибга солишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Мажнун, деймиз», дейишди. У: «Муҳаммад мажнун эмас. Жинниликни кўп кўрганмиз. Унинг нима эканини яхши биламиз. Унинг гапи жиннининг бўғилишига ҳам, довдирашига ҳам, васвасасига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Шоир, деймиз», дейишди. Валид: «У шоир ҳам эмас. Биз шеърнинг ҳамма турларини – ражазини ҳам, ҳажазини ҳам, қарийзини ҳам, мақбузини ҳам, мабсутини ҳам биламиз. Бу шеър эмас», деди. Улар: «Жодугар, деймиз», дейишди. У: «У жодугар ҳам эмас. Жодугарларни ҳам, жодуларни ҳам кўрганмиз. Унинг гапи уларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Унда нима деймиз, эй Абу Абдушшамс?» деб сўрашди. Шунда Валид: «Аллоҳга қасамки, у айтаётган каломда бир ҳаловат бор. Ости сербарака, усти серҳосил. Сиз у ҳақда нима десангиз ҳам, ботиллиги дарҳол билинади. Аммо унинг ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ишончли гап «сеҳргар», дейишингиздир. У бир сеҳр гапни келтирди. Ўша гап билан болани отасидан, акани укасидан, эрни хотинидан, одамни қабиласидан ажратмоқда», деди. Шу тўхтамга келишиб, тарқалишди. Кейин ҳаж мавсуми бошланганида, йўлларга ўтириб олиб, олдиларидан ўтганларни у зотдан эҳтиёт бўлишга чақириб, ишларини зикр қилишди».
Қадимги мушриклар каби, ҳозирги Қуръони Каримга қаршилар ҳам турли «илмий» анжуманлар, йиғинларга жамланиб, ҳар хил «илмий» асарлар ёзиб, бу илоҳий Китоб ҳақида турли бўҳтонлар уюштиришдан чарчамадилар. Аммо ҳамма уринишлари чиппакка чиқди, чиқмоқда ва бундан кейин ҳам чиқаверади, иншааллоҳ.
Давоми бор...