Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Феврал, 2025   |   14 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:21
Пешин
12:42
Аср
16:12
Шом
17:57
Хуфтон
19:11
Bismillah
13 Феврал, 2025, 14 Шаъбон, 1446

Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас

27.12.2019   3817   6 min.
Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас

Ҳар йили эски милодий йил тугашидан чамаси бир ой аввал бошланиб, янги милодий йил кириб бир ҳафтага қадар инсонларни тинчлигини бузадиган, турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўладиган халқ тилида пақилдоқ деб аталувчи пиротехника воситаларининг шовқини эшитила бошлайди.

Қани эди болалари қўлида ўйнаётган “ўйинчоқ” қанчалик хавфли эканлигини ота-оналар билишса.

Бу “ўйинчоқ”дан аввало уни ўйнаётган ёшларнинг ўзлари жабр чекяптилар. Маълумотларга  қараганда, уларнинг ораларида турли тан жароҳатларни олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганларни ҳам учраши ачинарли ҳолатдир.

Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.

Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан.

Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларини  портлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар. Ахир улар инсонларни чўчитиш ва уларни қўрқитиб азият етказишдан динимиз қайтарганлигини қаердан ҳам билишсин.

Аллоҳ таола Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар.

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар.

Мутахассислар маълумотига кўра пиротехника воситалари ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин бўлиб, кучли ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради.

Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини хатарга солишдан қайтариб, “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг деб марҳамат қилган.

Яна пиротехника воситаларини сотиб олишда исрофга йўл қўйиб гуноҳкор бўлиш ҳам бор. Чунки ҳар бир неъматни нотўғри тассарруф қилиш ўша неъматни зое бўлишидир. Неъматни зое қилиш эса исрофдир. Исрофгарни эса Аллоҳ яхши кўрмайди.

Аллоҳ таоло Ўзини Каломида айтади: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф сураси 31-оят). 

Кўриниб турибдики, баъзан ўйламасдан қилинган ишлар, эътиборсизликлар нафақат инсонни ўзига, балки ўзгаларга ҳам зарар етказиб, кўнгилсизликлар ва гуноҳларга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ» деганлар.

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.

Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки қиёмат куни ҳамма инсон ҳаёти, илми, қилган касб-ҳунаридар сўралади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Инсон эркакми ё аёл, ҳаёти давомида турли  гуноҳ ва жиноятлар қилмасдан динимиз  кўсатмаларига амал қилиб яшаса ҳамда инсонларга қўлидан келган  яхшиликларни  қилса, фарзандларининг хулқ ва одоби ҳамда тарбияларига эътиборли бўлса, у инсон икки дунё саодатига эришади.      

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси 97-оят).

 

“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

Зиёуддин Мирсодиқов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мусулмон оламида “Қутблар қутби” деган ном олган авлиёни биласизми?

10.02.2025   6034   7 min.
Мусулмон оламида “Қутблар қутби” деган ном олган авлиёни биласизми?

Ватанимиз тарихидаги 10 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
 

1490 йил (бундан 535 йил олдин) – Ўрта осиёлик мутафаккир, нақшбандия тариқати раҳнамоларидан Хожа Аҳрор Валий Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтди (баъзи адабиётларда унинг вафоти санаси турлича келтирилган). “Рашаҳот” асари муаллифи Фахруддин Али Сафийнинг ёзишича, ҳазратнинг жони узилиши билан Самарқандда қаттиқ зилзила бўлиб, ердан чанг-тўзон кўтарилган. 
 

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бу зотнинг асл исми Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёсида 356 авлиё ўтган бўлиб, улардан уч нафари “Қутб ул-Ақтоб” (“Қутблар қутби”, улуғ даражага етган авлиё) сифатида эътироф этилган. Шу уч зотнинг бири Хожа Аҳрор Валий бўлган. 
 

Тарихдан маълумки, Хожа Аҳрорни бир нечта фахрли номлар билан аташган. Зотан, Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд” деб билган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Ҳазрат Хожа Убайдулло” деб ҳурмат билан тилга олган. 
 

1897 йил (бундан 128 йил олдин) – навоийшунос ва матншунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Порсо Шамсиев таваллуд топди (вафоти 1972 йил). У Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол қатнашган.
 

Порсо Шамсиев “Хамса”нинг илмий-танқидий матнини яратиб, мазкур матн юзасидан амалга оширилган матншунослик тадқиқотларини докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя этган. У Британия музейида сакланаётган ва Абдужамилга нисбат берилган “Туҳфат ул-салотин” асари микрофильмини ўрганиб, унинг Навоий ғазалларидан олинган ва Абдужамил хаттот томонидан кўчирилган шоҳбайтлар эканини ва мавзу бўйича 45 фаслга бўлинганини аниқлаган. 
 

1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Хоразм республикаси ҳукуматининг қарорига кўра Хоразм Иқтисодий Кенгаши қайта ташкил қилинди. Иқтисодий Кенгаш раиси этиб А.Усмонов тайинланди. Мазкур кенгаш дастлаб 1921 йил майда ташкил этилиб, 1922 йил июлда тугатилган эди.
 

1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Бухоро республикаси Иқтисодий Кенгаши мажлисида пахта экиладиган майдонларни кўпайтириш мақсадида деҳқонларга 1 миллион рубль миқдорида қарз беришга қарор қилинди. Бу вазифа Ўрта Осиё Қишлоқ хўжалик банки зиммасига юклатилди.
 

1939 йил (бундан 86 йил олдин) – Сирдарё вилоятидаги Сирдарё, Фарғона вилоятидаги Данғара туманлари ташкил этилди. 
 

1940 йил (бундан 85 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ҳукумати “Катта Ўзбекистон трактини қуриш тўғрисида” қарор қабул қилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё вилоятларини кесиб ўтиб, Тошкентдан Термизгача бориши лозим бўлган, халқнинг кучи билан 1940–1941 йилларда ҳашар йўли билан қурилган бу тракт кейинчалик ўз атрофидаги туманлар иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.
 

1943 йил (бундан 82 йил олдин) – ҳашар йўли билан Сирдарёнинг ўрта оқимида жойлашган Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши бошланди. Унинг бунёд этилиши ҳақидаги қарор 1942 йил 18 майда қабул қилинган эди. 1948 йилда унинг биринчи гидроагрегати ишга туширилиб, 1949 йил июнь ойидан ўрнатилган умумий қуввати 126 МВт бўлган 4 та гидроагрегатли станция тўла қувват билан ишлай бошлади. Фарҳод гидроэлектр станцияси 1951 йилда саноат фойдаланишига қабул қилинди. 
 

Фарҳод гидроэлектр станциясининг қурилиши ноёб археологик топилмалар, қадимий ёзувларнинг аниқланишига ҳам ёрдам берган. Мана шундай ноёб топилмалардан бири Гарпократнинг тош шаклидир. Қадимда гўдаклар соғлиғини асровчи “илоҳ”ни оддийгина “Болалар худоси” деб атаганлар. Бундай вазифани Миср “худо”си Гарпократ ҳам бажарган. Миср афсоналарига кўра, ер ости “худо”си Осириснинг хотини Исида ўз ўғлини Гарпократ, яъни “бегуноҳ, ғаройиб чақалоқ” деб атаган. 
 

Тарихчи А.Мирбобоевнинг ёзишича, Марказий Осиёда Гарпократнинг ягона тош шакли 1947 йили Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши вақтида Сирдарёдан топилган эди. У хризолитдан ишланган туморга лабига бармоғини текизиб турган чақалоқ қиёфасида тасвирланган. Мазкур образни қадимдан кўчиб юрувчи дейиш мумкин. Чунки исломгача бўлган даврда болаларнинг, айниқса, чақалоқ ёшидагиларнинг кўп ўлими она аёлларни кимга мансуб бўлишидан қатъи назар ҳар қандай “илоҳ”лардан ёрдам сўраб илтижо қилишларига мажбур этган.
 

1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Халқаро почтамти тузилди.
 

2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 
 

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фонди ташкил қилинди. Бу орқали Орол денгизи фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш дастури амалга оширила бошланди.
 

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония давлатлари фуқаролари ҳамда Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.
 

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (РhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга асосан, 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди.
 

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президети “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
 

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

Ўзбекистон янгиликлари