Юқорида баён қилинган ваҳий ҳолатини тушуниб етмаслик кўп нарсаларга тўсиқ бўлиши турган гап. Бу улкан ҳақиқатни ўрганмай туриб, ўзича «хулоса чиқариш» ва бу хулосани бошқаларга «илмий ҳақиқат» дея тақдим қилиш энг ёмон нарса эканини мактабда ўқиб юрган чоғимда англаб етган эдим. Бир куни бўш қолган дарс соатида мактабимизнинг мудири синфимизга кириб, бизга «таълим» бера бошлади. Мудир Қуръони Карим ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтди: «Муҳаммад Пайғамбар бир тўп илмли одамларни тўплаб, уйга қамаган. «Битта китоб ёзасанлар», деган. Китоб ёзиб бўлингандан сўнг ҳалиги одамларни қатл қилган. Сўнгра китобни бедапояга қўйиб, одамларни чақирган ва «Менга осмондан китоб тушди», деб ҳалиги китобни кўрсатган. Шунинг учун кексалар «Бедапояга бавл қилиб бўлмайди», дейишади...»
Мудир синф хонасидан чиқиб кетиши билан болалар орасида муҳокама бошланди. Ҳамма мудирнинг гапига ишониб бўлмаслигини таъкидлади-ю, аммо бирор киши бор ҳақиқатни айта олмади. Ҳақиқатни муллалар билишини таъкидлашди. Мен уйга боргаиимда отамизга бўлиб ўтган ҳодисани айтган эдим, у киши менга керакли нарсани қисқача тушунтириб бердилар.
Ваҳийнинг ҳақиқатини тушуниб етмаслик фақатгина мактабимиз мудири каби даҳрийлик тузуми одамларига тегишли эмас. Бундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамаср бўлган мушриклар ҳам бу ҳақиқатни инкор қилиб, Қуръони Карим ҳақида ўзларича турли уйдирмалар ва бўҳтонлар тўқиган эдилар.
Мазкур бўҳтонлар турли-туман тахминлардан бошқа нарса эмас эди. Минг афсуски, уларнинг барчаси Қуръони Каримга қарши айтилган эди. Энг ёмони, ҳозиргача айтилиб келмокда. Шу билан бирга, бу нарса Аллоҳ таолонинг инояти ила қайсидир маънода Қуръони Каримнинг ҳақ эканига хизмат ҳам қилмоқда. Мазкур бўҳтонлар асоссиз экани ўз исботини топган сайин, кишилар Қуръони Каримиинг ҳақ эканига яна ҳам қатъийрок ишонч ҳосил қилмоқдалар.
Қуръон илми машойихлари бу мавзуга алоҳида эътибор билан қарайдилар. Қуръоии Каримга қарши тўқилган бўҳтонларга эринмасдан раддиялар қиладилар. Чунки бунда Қуръони Каримнинг ҳақ эканини англатиш, Қуръон душманларининг бўҳтонлари ноҳақ эканини баён қилиш учун қулай фурсат бор.
Қуйида мазкур бўҳтонлардан ҳамда уларга қарши Қуръони Каримнинг ўзи ва машойихларимиз тақдим қилган раддиялардан баъзиларини ўрганамиз.
Араблар назарида алғов-далғов тушлар жиннилик жунбушидан бўлади, деган тушунча бор эди. Шунинг учун ҳам улар ўзларига ваҳий нозил бўлаётганини айтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳакдарида «Бу алғов-далғов туш кўраётган мажнун» деган гап тарқатишди.
Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:
ثُمَّ تَوَلَّوۡاْ عَنۡهُ وَقَالُواْ مُعَلَّمٞ مَّجۡنُونٌ١٤
«...ва: «Бу ўргатилган мажнун», дедилар» (14-оят).
Қалам сурасида шундай деб марҳамат қилади:
وَإِن يَكَادُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَيُزۡلِقُونَكَ بِأَبۡصَٰرِهِمۡ لَمَّا سَمِعُواْ ٱلذِّكۡرَ وَيَقُولُونَ إِنَّهُۥ لَمَجۡنُونٞ٥١
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлурлар ва: «Албатта, у мажнундир», дерлар» (51-оят).
Аллоҳ таоло уларнинг бу бўҳтонларини рад қилиб, Ўз Набийсига тасалли бериб, Қалам сурасининг аввалида шундай деган эди:
نٓۚ وَٱلۡقَلَمِ وَمَا يَسۡطُرُونَ١ مَآ أَنتَ بِنِعۡمَةِ رَبِّكَ بِمَجۡنُونٖ٢
«Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам. Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан» (1-2-оятлар).
Араблар дастлаб у зотга нозил бўлаётган ваҳийнинг ҳолатини тушуна олмай, турли гапларни айтиб кўришди. Лекин ўзлари қилаётган туҳматларга уларнинг ўзлари ҳам ишонмае эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу масхараомуз ҳолатларини тасвирлаб, Анбиё сурасида қуйидагиларни айтади:
بَلۡ قَالُوٓاْ أَضۡغَٰثُ أَحۡلَٰمِۢ بَلِ ٱفۡتَرَىٰهُ بَلۡ هُوَ شَاعِرٞ فَلۡيَأۡتِنَا بَِٔايَةٖ كَمَآ أُرۡسِلَ ٱلۡأَوَّلُونَ٥
«Улар: «Балки, алғов-далғов тушлардир, балки, ўзи уйдириб олгандир, балки, у шоирдир. Бас, бизга аввалгиларга юборилганидек, мўъжиза келтирсин», дедилар» (5-оят).
Улар Қуръоннинг содир бўлишини ухлаган кишининг туши, мажнуннинг довдираши, тўқиб чиқарилган нарса, ёлғончининг уйдирмаси, шоирнинг илҳоми каби алланималарга ўхшатмоқчи бўлишди. Ояти каримадаги «балки» сўзининг уч бор келиши уларнинг ўзлари айтаётган гапларига ўзлари ишонмаётганларини билдиради. Соддагина қилиб, «Аллоҳнинг ояти» дейиш ўрнига шунчалик тубанлик, маккорлик ботқоғига ботишди.
Қуръон ваҳийсини «туш» дейдиганларнинг гумонлари ҳақиқатдан мутлақо йироқ тушунчадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ҳар қандай ҳолатда уйғоқ бўлиши, кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламаслиги маълум ва аниқ бўлиши билан бирга, Қуръони Каримнинг бирор ояти тушда нозил бўлган эмас. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни тушуниб, ўзларига сингдириб олиш хусусиятлари дастлабки «Иқроъ» сураси ваҳий бўлганидан то Қуръоннинг охирги ояти нозил бўлиб, Рафиқи Аълога риҳлат қилгунларига қадар бардавом бўлган. Бу ҳақикат кўплаб саҳиҳ, ишончли хабарларда такрор-такрор келган.
Шу ўринда баъзи муфассирлар ва замондош ёзувчиларнинг, яхши ният билан бўлса-да, «Ҳиро ғорида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлабки ваҳий нозил бўлга нида, у зот ухлаган бўлганлар», деб тасаввур қилишлари хато эканини таъкидлаб қўймоғимиз лозим.
Балки Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳамда бошқа ишончли манбаларда келганки, илк ваҳий нозил бўлган пайтда ҳам у зот уйғоқ ҳолда ҳақиқатни излаб, Аллоҳ таоло ҳақида тафаккур қилиб ўтирган бўлганлар. Шунинг учун ҳам қўрқиб, қалблари изтиробга тушган, баданлари титраган ҳолда Хадижа розияллоҳу анҳонинг олдига келганлар. Агар бу иш уйқуларида содир бўлганида, уйғонганларидан кейин қўрқинчлари кетган бўларди. Балки иш Қуръони Карим Нажм сурасида айтганидек бўлган:
مَا كَذَبَ ٱلۡفُؤَادُ مَا رَأَىٰٓ١١ أَفَتُمَٰرُونَهُۥ عَلَىٰ مَا يَرَىٰ١٢
«Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади. У билан ўзи кўрган нарса устида тортишасизларми?!» (11-12-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган тасарруфлари ҳозиргача энг тўғри сўз, энг одил ечим бўлиб келаётир. У кишининг инсоният учун қилган хизматлари, келтирган манфаатлари башарият тарихида бирор инсондан содир бўлмаганига тарихнинг ўзи гувоҳ. Буни нафақат мусулмонлар, балки кофирлар ҳам баралла айтишмоқда. Бу нарса ҳатто исбот талаб қилмас ҳақиқатга айланиб бўлди.
Ана шундай зотга қадимги мушриклар турли алғов-далғов гапларни айтадиган «жинни» дея туҳмат қилишган бўлса, бугунги Қуръон душманлари бу гапни «илмий» асосда таржима қилиб, «Муҳаммад истерия хасталигига мубтало бўлган, касали тутган пайтдаги ҳар хил гапларни одамларга Қуръон деб айтган», дея бонг уришмоқда. Юқорида келтирилган мисолларда айтилган гапларни истерия хасталигига учраган одам гапира олмаслигини мазкур хасталикдан кўра оғирроқ дардга учраганлар ҳам айтмаса керак...
Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблар, «Қуръонни ўзи тўқиб олган, «Аллоҳдан тушяпти», дегани ёлғон», дейишган. «Уйдирмачининг бўҳтонлари» ёки «ёлғончининг териб олган гаплари» каби бундай даъволарни арабларнинг ўзлари Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида берган гувоҳликлари рад қилади. Чунки улар у зотни содиқлик ва омонатдорлик сифатлари билан сифатлашар эди. Уйдирмачи ва ёлғончиларнинг асл башаралари тез кунда очилиб қолади.
Хўш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси нарсада ёлғон гапирдилар? Ғайб маълумотларидами, ўтган замон хабарларидами ёки келаси замон даракларидами?
Чегараланган араб маданияти ўша даврда ушбу соҳада ким ёлғончи-ю, ким ростгўй эканини ажратиб берадиган даражадаги ҳакамлик имкониятини бера олармиди?!
Дарҳақиқат, Қуръони Карим борлиқ ва ундаги мавжудотларнинг дастлабки яратилиши, уларнинг муқаррар бориш жойининг васфини қилган. Охиратнинг неъматлари ва унинг аламли азобларининг тафсилотини айтгаи. Жаҳаннам эшикларининг ададини ва ҳар бир эшик олдида вакил қилинган фаришталарнинг ададини санаган. Шуларнинг барчасини Китоб берилган илм аҳлларининг кўз ўнгида араблар олдига кўндаланг қўйган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ушбу кенг ғайбий маърифат қаердан пайдо бўлиб қолди?! Ваҳоланки, у зот бутпараст, саводсиз қавмлар орасида яшар эдилар. Ёки бу маърифат ушбу қавмга осмондаги юлдузлардан тушдими ёхуд Шеърою Миррих юлдузларидан келдими?! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлиқдан олдин улар орасида қирқ йил яшамадиларми?! Қирқ ёшга етганда энди адашиб, иғвога тушдиларми?! Уларнинг ўзлари у зотни «Ростгўй», «Ишончли» деб номламаганмидилар?!
Аллоҳ таолонинг ўша ростгўй ва ишончли зотга уларни жим қилиб қўядиган илмни бериши ажабланадиган нарсами?!
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:
قُل لَّوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا تَلَوۡتُهُۥ عَلَيۡكُمۡ وَلَآ أَدۡرَىٰكُم بِهِۦۖ فَقَدۡ لَبِثۡتُ فِيكُمۡ عُمُرٗا مِّن قَبۡلِهِۦٓۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ١٦
«Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (16-оят).
Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида уларнинг ичида яшаган эдилар. Яхши сифатлари билан уларнинг орасида машҳур бўлган эдилар. Хусусан, ўта ростгўй бўлганларидан Амин деган лақабни олган эдилар. Араблар у зотнинг исмларига қўшимча қилиб, «Муҳаммад ал-Амин» - «Ишончли Муҳаммад», деб қўйишар эди. Ана шундай сифатларга эга бўлган одам қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан ёлғон гапириши ҳеч бир ақлга сиғадими?! Ўзини билган ҳар бир одам, ҳатто душман, кофир бўлса ҳам, бу ҳақиқатни дарҳол англаб етарди. Рум императори Ҳирақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида бўлиб ўтган машҳур суҳбатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди.
Ўшанда Ҳирақл Абу Суфёндан: «Гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деб сўради. Ўша пайтда куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлган Абу Суфён: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда Ҳирақл: «Аниқ биламанки, одамлар шаънига ёлғон гапирмабдими, Аллоҳ шаънида ёлғон тўқиши мумкин эмас», деди.
Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етгунларича Қуръон ва Ислом ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар. Чунки у киши бундай ишлар бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эдилар. Қирқ ёшга кирганларида, Аллоҳдан ваҳий келди ва у киши амри илоҳийга итоат этиб, ўша ваҳийни одамларга етказа бошладилар. У зот Аллоҳ ҳақида ёлғон гапиришлари мумкин эмас эди. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Аллоҳ у зотни ўз ҳолларига ташлаб қўймасди, балки жазолар эди. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбий илмларга оид айтган сўзларини аввалги илоҳий китоблардан хабардор инсофли шахслар ҳам тан олишар эди.
Энди Қуръонда келган тарихий маълумотлар, келажакка оид хабарлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Қуръони Карим ўтган замон хабарларидан қай бирини келтирган бўлса, энг ибратлисини, ўтган умматлар қиссаларидан энг гўзалларини ҳақиқат асосида келтирди ва олдинги китоблардаги хатоларни тўғрилади. Улардаги анбиёларнинг маъсумлигига футур етказадиган янглиш тушунчаларни ислоҳ қилди. Баъзи тарихий адашишларни рад этди. У тарихий қиссаларни баён қилар экан, тингловчи ўша воқеаларнинг шоҳиди ва кузатув-чиси сифатида ўзини гўё ўша воқеъликнинг эгалари орасида, уларнинг асрида яшагандек ҳис этадиган қилиб тасвирлади.
Масалан, Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар. Ана шу одамларга улар учун номаълум бўлган илм – Нуҳ алайҳиссалом ва қавмларининг хабари ваҳий йўли билан келди.
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида Ўз Набийсига Нуҳ қиссасини айтиб бериб, сўнгра қуйидагиларни айтади:
«Булар ғайб хабарларидан бўлиб, уларни сенга вахни қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир» (49-оят).
Аллоҳ таоло Қосос сурасида Мусо алайҳиссаломнинг Мадян ва Мисрда ўтказган кунлари, у ердаги ҳодисаларнинг узун тафсилотларини келтирар экан, сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди:
وَمَا كُنتَ بِجَانِبِ ٱلۡغَرۡبِيِّ إِذۡ قَضَيۡنَآ إِلَىٰ مُوسَى ٱلۡأَمۡرَ وَمَا كُنتَ مِنَ ٱلشَّٰهِدِينَ٤٤
«Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда, сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан» (44-оят).
Яъни «Биз Мусога пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда, сен Тур тоғининг ғарбий томонида эмасдинг. Бу ишга гувоҳ ҳам бўлмагансан».
Қуръон нозил бўлгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом ва қавмлари ҳақида ҳеч нарса билмаганларидан, бу тўғрида бир оғиз ҳам сўз гапирмаган эдилар. Акс ҳолда душманлар дарҳол юзларига солар эди. Шундай бўлишига қарамай, Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг қиссаси батафсил келиши, ҳатто яҳудий ва насронийларнинг бу борадаги хатоларини тўгрилаши Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир.
وَلَٰكِنَّآ أَنشَأۡنَا قُرُونٗا فَتَطَاوَلَ عَلَيۡهِمُ ٱلۡعُمُرُۚ وَمَا كُنتَ ثَاوِيٗا فِيٓ أَهۡلِ مَدۡيَنَ تَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِنَا وَلَٰكِنَّا كُنَّا مُرۡسِلِينَ٤٥
«Лекин Биз бир неча авлодларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Расул юборувчи бўлдик» (45-оят).
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчадан-қанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен ҳозир Маккада туриб, Мадян хабарларини қавмингга тиловат қилиб бермоқдасан. Бироқ қавминг бунга ишонмаяпти. Мадян қаёқда-ю, Макка қаёқда. Сен тиловат қилаётган Мадяндаги ҳодисалар қачон ўтган-у, ҳозир қайси замон. У ердаги ва у вақтдаги ишлар унутилиб кетган, ҳеч ким билмайди.
«Аммо Биз Расул юборувчи бўлдик».
Ана ўша юборган Пайгамбаримиз сенсан. Сенга мазкур хабарларни Қуръон оятлари орқали етказдик. Фақат сен Пайғамбар бўлганинг учун бу ишлардан энг тўғри хабарларни одамларга етказмоқдасан. Шунинг ўзи ҳам сенинг ҳақ Пайғамбар эканингга далилдир.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида саййида Марямнинг Ийсо алайҳиссаломни дунёга келтиришлари, уни кафилликка олишга қуръа ташлашгани, Закариё алайҳиссаломнинг Марямни уз кафилликларига олганларини баён қилиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай дейди:
ذَٰلِكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلۡغَيۡبِ نُوحِيهِ إِلَيۡكَۚ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ يُلۡقُونَ أَقۡلَٰمَهُمۡ أَيُّهُمۡ يَكۡفُلُ مَرۡيَمَ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ يَخۡتَصِمُونَ٤٤
«Бу ғайб хабарларидан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Марямни қай бирлари кафилликка олишга қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаёттанларида ҳам олдиларида эмасдинг» (44-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Юсуф сурасида Юсуф алайҳиссалом ва ака-укаларининг ҳаётий қиссаларини узоқ зикр қилиб, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай дейди:
ذَٰلِكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلۡغَيۡبِ نُوحِيهِ إِلَيۡكَۖ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ أَجۡمَعُوٓاْ أَمۡرَهُمۡ وَهُمۡ يَمۡكُرُونَ١٠٢
«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида келишаётганларида, олдиларида бўлмаган эдинг» (102-оят).
Улар ҳасад қилиб, Юсуфни йўқотиш учун макр-ҳийла ишлатиб, маслаҳатлашаётганларида уларнинг олдиларида бўлсанг эканки, бу гаплардан хабардор бўлсанг. Одамлар ибрат олиб, ўзларини ўнгласинлар, тўғри йўлга тушсинлар, деган мақсадда Биз сенга бу қиссани ваҳий қилмоқдамиз.
Юқорида келган мисоллар Қуръони Каримнинг ўтмиш воқеалари, тарихий ҳодисалар хусусида келтирган маълумотларига мисоллар эди. Уларнинг тарихий воқеъликка тўгри келиши, Қуръони Каримнинг тарихий хабарлари ўша даврда қадимги илмларга соҳиб бўлганлар томонидан ҳам, ҳозирда замонавий илм эгалари тарафидан ҳам қайта-қайта ўз исботини тониши бу маълумотларнинг ростлиги, уни етказган зот ростгўй экани, бу хабарларни у зотга Оламларнинг Робби нозил қилганининг энг ёрқин далилидир.
Энди келажак ҳақида берган хабарлари ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам бир-икки мисол келтирсак.
Қуръони Карим келажак хабарларидан бир нечтасининг пардасини очди. Улар мушриклар ҳаётида рўёбга чиқиб, уларни ўз кўзлари билан кўришди.
Румнинг Форс давлатидан учраган мағлубиятидан сўнг, Аллоҳ таоло айтганидек, саноқли йиллар ичида қайтадан ғалаба қозониши содир бўлди.
Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:
الٓمٓ١ غُلِبَتِ ٱلرُّومُ٢ فِيٓ أَدۡنَى ٱلۡأَرۡضِ وَهُم مِّنۢ بَعۡدِ غَلَبِهِمۡ سَيَغۡلِبُونَ٣ فِي بِضۡعِ سِنِينَۗ لِلَّهِ ٱلۡأَمۡرُ مِن قَبۡلُ وَمِنۢ بَعۡدُۚ وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ٤ بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ٥
«Алиф лаам миим. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар... Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У ўта иззатлидир, ўта раҳмлидир» (1-5-оятлар).
Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У Зот ўта иззатли (барчадан ғолиб) ва ўта раҳмлидир.
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамнинг хаёлига, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган ran эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар Қуръоний хабарни масхара қилиб, кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, Аллоҳ таолонинг ўлчови эса бошқа экани хаёлларига келмас эди.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи имом Ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятидир:
«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилишар эди. Мусулмонлар эса румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилишарди. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.
«Алиф лаам миим. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:
«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг «Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади», демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр:
«Тўғри айтади», дедилар. Улар:
«Биз билан гаров ўйнайсанми?» дейишди. Еттй йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнашди. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» деб сўрадилар. Абу Бакр:
«Ўндан оз», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, гаровнинг устига яна қўшимча қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб, отлиқлар келиб, Румнинг Форс устидан ғолиб келганининг хабарини беришди. Мўминлар бундан шодландилар».
Ояти каримада Румнинг «бизъу», яъни «саноқли йиллар»да ғолиб келиши айтилган эди. Бу ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бирор ran бўлмаганидан хурсанд бўлишди. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширипши иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.
Аллоҳ Азиз, ҳамманинг устидан Ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб, румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар нозил бўлган пайтда ҳеч бир одам боласи румликларнинг форсдан, мусулмонларнинг мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар – тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келди.
Мушриклар Маккада нозил бўлган Қамар сурасида келган оятнинг тасдиғи ўлароқ, ҳижратнинг иккинчи йили Катта Бадрда мағлубиятга учрадилар. Ваҳоланки, бу икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви содир бўлишини Маккада бўлган вақтларида на мушриклар, ва на мусулмонлар асло тасаввур қилмаган эдилар.
Аллоҳ таоло Қамар сурасида деди:
سَيُهۡزَمُ ٱلۡجَمۡعُ وَيُوَلُّونَ ٱلدُّبُرَ٤٥
«У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» (45-оят).
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда Икрима айтадиларки, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» ояти нозил бўлганда, ҳазрати Умар: «Қайси жамоат енгилади?! Қайси жамоат ғолиб бўлади?!» деган эди. Кейинроқ ҳазрати Умар: «Бадр уруши куни Пайғамбар алайҳиссалом-нинг совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиётганларини кўрганимда, ушбу оятнинг маъносини тушундим», деган».
Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб: «Аллоҳим! Сендан Ўзинг берган ахдинг ва ваъдангни сўрайман! Аллоҳим! Истасанг, бугундан кейин Сенга ибодат қилинмайди!» дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ у зотнинг кўлларидан тутиб: «Етар, эй Аллоҳнинг Расули, Роббингизга кўп ёлвордингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутларининг ичида сакрар эканлар, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиб чиқдилар».
Бадр урушида сон ва қурол жиҳатидан катта устунликка эга бўлган кофирлар шармандаларча енгилдилар. Уларда тўққиз юз эллик нафар жангчи, етти юзта туя, юзта от, етарлича қурол ва бошка зарур ашёлар бор эди. Мусулмонлар уч юз ўн уч кишидан иборат эдилар, холос. Аллоҳнинг мадади билан мусулмонлар ғолиб келишди. Мушриклардан етмиш киши ўлди, етмиш киши асирга тушди. Мусулмонлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқди.
Ушбу ояти карима улкан мўъжиза ҳисобланади. У Маккада нозил бўлган пайтда мусулмонлар оз сонли ва кучсиз эдилар. Ҳеч ким уларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишларига ишонмас эди. Лекин кўп вақт ўтмай, бу оят ҳаётда – Мадинаи Мунавварада, Бадр урушида ўз ифодасини топди.
Аллоҳ таоло Ҳудайбия йилида мўминларга Масжидул-Ҳаромга киришлари тўгрисидаги берган ваъдасига – хавфдан кейин омонлик ваъдасига хилоф килмади. Сочларини олиб ва қисқартириб, ибодатларининг қазосини бажаришларига берган ваъдасига ҳам хилоф қилмади.
Воқеа бундай бўлган эди: бир куни саҳобаи киромлар тўпланиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, эминликда, қўрқинчсиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.
Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани ният қилиб, сафарга чиқдилар. У зот билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадиналик араблар – ҳаммаси бўлиб, бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Аммо мушриклар уларнинг йўлларини тўсишди. Охири Ҳудайбияда икки тараф сулҳ тузиб, мусулмонлар ортга қайтишди. Қайтаётганларида, Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги йўлда кечаси Фатҳ сураси нозил бўлди. Унда Аллоҳ таоло жумладан, шундай деган эди:
لَّقَدۡ صَدَقَ ٱللَّهُ رَسُولَهُ ٱلرُّءۡيَا بِٱلۡحَقِّۖ لَتَدۡخُلُنَّ ٱلۡمَسۡجِدَ ٱلۡحَرَامَ إِن شَآءَ ٱللَّهُ ءَامِنِينَ مُحَلِّقِينَ رُءُوسَكُمۡ وَمُقَصِّرِينَ لَا تَخَافُونَۖ فَعَلِمَ مَا لَمۡ تَعۡلَمُواْ فَجَعَلَ مِن دُونِ ذَٰلِكَ فَتۡحٗا قَرِيبًا٢٧
«Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади. Албатта, Масжидул Ҳаромга, иншааллох, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва (сизга) бундан бошқа яқин фатҳни қилди» (27-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир нечта хушхабарни етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарини Аллоҳнинг Узи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншааллоҳ» - «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боглашдан иборатдир. Ҳудайбия сулҳидан кейин кўп ўтмай, бу ваъда амалга ошди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тушлари тасдиқланиб, Маккаи Мукаррама фатҳ бўлди. У ердаги барча аҳоли Исломга кирди. Ислом Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди.
Бундан ҳам ажабланарлиси, Аллоҳ таоло Набийсининг шахсини ва обрўсини инсонлардан сақлашни Ўз зиммасига олишидир. Ваҳоланки, ўша даврда у зотни қатл қилишга рағбатлилар атрофларида тўлиб-тошар эди. Шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамлардан Ўзи сақлашини баралла эълон қилди.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلرَّسُولُ بَلِّغۡ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَۖ وَإِن لَّمۡ تَفۡعَلۡ فَمَا بَلَّغۡتَ رِسَالَتَهُۥۚ وَٱللَّهُ يَعۡصِمُكَ مِنَ ٱلنَّاسِۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٦٧
«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (67-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, ҳар қандай шароитда, одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муносбатларига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда. Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас. Ислом даъва-ти йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўп бўлади. Унга қарши тур ли иғво-бўҳтонлар уюштирилади, маломатлар тошлари отилади, обрўсига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма. Чунки сени одамларнинг ёмонликларидан Аллоҳнинг Ўзи асрайди».
Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар экан. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг, у зот алайҳиссалом муборак бошларини чодирдан чиқариб, эшик олдида қўриқчилик қилаётган саҳобалар гуруҳига: «Эй одамлар, кетаверинглар, Аллоҳ мени Ўз ҳимоясига олди», деган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни душманга энг яқин масофада турдилар. Ўшанда ўлим у зотга кавушларининг боғичидан ҳам яқинроқ эди, ҳатто Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Агар уруш қизиб кетса, биз Расулуллоҳнинг ҳимояларига ўтиб олардик, натижада бирор киши душманга у зотдан яқинроқ бўлмай қолар эди», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида хачирларини душман томонга ҳайдаб бордилар. Мушриклар юзланиб, у зотни ўраб олишганда, қочмадилар, балки хачирларидан тушиб, гўё ўзларини уларнинг ўқларига тутган ҳолда:
«Мен ҳақ Набийдирман, эмасдир ёлғон!
Абдулмутталибга эрурман ўғлон!» дедилар.
Зотурриқоъда Пайғамбар алайҳиссалом дарахт остига тушдилар ва қиличларини унга осдилару, ёнбошлаб, ухлаб қолдилар. Ёнларида ҳеч ким қолмаган эди. Шунда мушриклардан бир киши келиб, қилични олди-да, у зотга ўқталиб: «Мендан қўрқасанми?» деди. «Йўқ», дедилар. «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», дедилар. У: «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», дедилар. Учинчи марта ҳам сўраган эди, «Аллоҳ», дедилар. Ҳалиги одамнинг қўлидан қилич тушиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични олиб: «Энди сени мендан ким тўса олади?» дедилар. У киши ўтириб қолди. Сўнгра Исломини эълон қилди. Ғайб хабарларини бу қадар кескин тарзда айтиш учун ё беҳуда тахминлар ёки ўта ишончли ваҳий бўлиши лозим. Бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда тахминчининг хаёлотларини, уйдирмачилик аломатларини кўрмаган. У зотнинг ростгўй, соғлом ва баркамол инсон бўлганларини дўст ҳам, душман ҳам билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажак ҳақида Аллоҳдан деб айтган хабарлари воқеъликда содир бўлганининг ўзи у кишининг ҳақ пайғамбар эканлари, ростгўй ва ишончли зот бўлганларининг исботидир. У зотни ёлғончи дейиш иймон келтиришдан қочиш учун ўйлаб топилган бўҳтондан бошқа нарса эмас.
Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини фараз қилишди. Ваҳийнинг манбасини Муҳаммад алайҳиссалом шахсларининг атрофидан излай бошлашди. Ўз қабилаларининг одамлари саводсиз бўлгани учун, унга улардан бири таълим берган, деган даъвони қилишга журъатлари етмади. Воқеъликдан маълумки, жоҳил инсон одамларга бирор нарсани ўргата олмайди. Улар буни яхши билишарди.
Улар тўсатдан хаёлларидаги ўша «муаллим»ни топгандай бўлишди. Бу улкан муаллим ким бўлди экан? Ушбу муҳим илм манбаи ким экан? Бу – румлик гулом, ажам, насроний одам. Маккада темирчилик қилиб, килич ясайдиган шахс. Ўз шевасига кўра ўқиш ва ёзишдан хабардор киши. «Китоб»дан фақат хомхаёлларнигина билади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан унинг ҳунарини томоша қилгани келар эдилар. Бу ҳол саводсиз арабларнинг «Бу унинг муаллими» дейишлари учун қулай фурсат бўлди.
Қуръони Карим уларнинг мазкур пуч хаёлларига ўринли, таъсирли ва қаноатли раддияни берди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай дейди:
وَلَقَدۡ نَعۡلَمُ أَنَّهُمۡ يَقُولُونَ إِنَّمَا يُعَلِّمُهُۥ بَشَرٞۗ لِّسَانُ ٱلَّذِي يُلۡحِدُونَ إِلَيۡهِ أَعۡجَمِيّٞ وَهَٰذَا لِسَانٌ عَرَبِيّٞ مُّبِينٌ١٠٣
«Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга бирорта башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар ишора қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир» (103-оят).
Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Набий алайҳиссалом ҳақларидаги сийрат китобида шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Марва тепалигидаги Субайда деган жойда Жабр исмли бир насроний ғулом билан ўтирар эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ «Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга бирорта башар таълим бермоқца, холос», дерлар. Улар ишора қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир» оятини нозил қилди».
Шунга ўхшаш бошқа бир неча ривоятлар ҳам бор. Умумий маъно шуки, мушриклар Қуръоннинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келаётганини тан олмасдан, «Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқармоқда», деган туҳматни қилиб кўрдилар. Аммо ўйлаб кўришса, умрида таълим кўрмаган, ўқиш-ёзишни билмаган одам Қуръонга ўхшаш нарсани тўқиб чиқариши мумкин эмаслигини тушунишлари қийин эмас эди. Шунинг учун ҳам «Унга Қуръонни бирорта одам ўргатмоқда», «Фалончи ўргатмоқда», деган бошқа уйдирма – ёлғонни тўқидилар.
Кофирлик, мушриклик одамларни ана шундай жоҳил қилиб қўяди. Аввал бошда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уйдирмачилиқда айблаётганлар бирпас туриб, ўзлари уйдирмачилик билан туҳмат этишга ўтиб олдилар. Уларнинг жоҳилликлари шу даражага етдики, қандай қилиб бўлса ҳам, Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини инкор этиш мақсадида тўқиётган уйдирмалари ғоятда мантиқсиз ва ўзларига қарши далил бўлаётганини ҳам унутиб қўйишди. Ҳа, озгина ўйлаган одам Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тўқиб олишлари мумкин эмаслигини тушунади. Буни турли замон кофирлари ҳам англаб етади. Аммо куфр жаҳолати сабабли «Қуръонни Муҳаммад ўзи тўқиши мумкин эмас, уни Аллоҳ нозил қилган», дея олмайди. Бунинг ўрнига, бошқа аҳмоқона уйдирмаларни айтади.
Қадимги Қурайш кофирлари: «Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди», деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил кейинги кофирлар: «Муҳаммад катта олимларни тўплаб, Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, Китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, «Мана, менга осмондан Китоб тушди», деб даъво қилди», дейишди. Уялмай-нетмай, ушбу уйдирмани дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмалари ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди.
Давоми бор...
Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди.
Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.
Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.
1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].
Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.
Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.
Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.
Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.
Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].
Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].
Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.
2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].
Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].
Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].
Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.
Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.
Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.
Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].
Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].
Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.
Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».
Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.
Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».
Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.
3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].
Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.
Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».
Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.
«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.
Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.
Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.
6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].
«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.
7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].
Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.
Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.
Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.
8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».
Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».
«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].
Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.
Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].
Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.
10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.
Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?
Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?
Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.
Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!
Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.
Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.
11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.
Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.
Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.
Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.