Оғир кунларда доимо бир-бирига елкадош бўлган халқимиз шу кунларда метронинг “Юнусобод” йўналишида содир бўлган фожиада ҳалок бўлган ҳамюртларимиз оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, таъзия билдиришда давом этишмоқда.
Ҳатто қўшни ва олис вилоятлардан ҳам келиб, бундай қайғули кунларида шерик эканларини изҳор қилишмоқда. Савобли ишларда пешқадам бўлган диний соҳа ходимлари бу ишда ҳам ибрат бўлишмоқда.
Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида 90 та хатми Қуръон ўқилиб, ҳалок бўлганлар руҳи покларига бағшида қилинди.
Хатми Қуръонлар якунида Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўралди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси