Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Май, 2025   |   20 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:02
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
18 Май, 2025, 20 Зулқаъда, 1446

Малайзиянинг етакчи ислом университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланади

19.12.2019   2591   1 min.
Малайзиянинг етакчи ислом университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация 2019 йил 19-21 декабрь кунлари Малайзияга ташриф буюради. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси “Миллий суверенитетни қўлга киритишда тараққиётнинг роли” мавзусидаги Куала-Лумпур саммитида иштирок этади.

Саммит 2014 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда мамлакат етакчилари, турли давлатларнинг жамоатчилик, ишбилармонлик, академик ва илмий доиралари вакиллари иштирок этиб, мусулмон олами олдида турган таҳдидларни бартараф этиш, бу борада илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда ислом тамаддунини ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини излаб топиш бўйича фикр алмашади.

Малайзия Бош вазири Маҳатҳир Моҳаммад Саммитнинг раиси ҳисобланади.

Тадбир ишида Осиё ва Яқин Шарқнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг юқори мансабдорлари иштирок этиши режалаштирилган.

Ўзбекистон делегацияси ташрифи дастурида Куала-Лумпур шаҳрида қатор вазирлик ва идоралар, Малайзиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг Малайзиянинг қатор етакчи ислом университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан амалий ҳамкорлиги тўғрисида битим имзолаш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Масжиди Набавийдаги 5 меҳроб

14.05.2025   4638   3 min.
Масжиди Набавийдаги 5 меҳроб

Масжиди Набавий Мадина шаҳрида жойлашган бўлиб, Ислом тарихидаги энг муқаддас жойлардан биридир. Масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳижратнинг биринчи йилида, 622 йили барпо этилган ва мусулмонлар учун Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Қуддусдаги Масжидул Ақсодан кейинги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Масжиди Набавийдаги меҳроблар масжиднинг тарихий ва маънавий аҳамиятини акс эттиради.

Меҳроб – масжидда намоз вақтида имом турадиган ва қиблани кўрсатувчи жой. Масжиди Набавийдаги кенгайтиришлар ва қайта қуриш жараёнларида меҳроблар ўзгариб борган. Масжиднинг дастлабки кўриниши содда шаклда бўлиб, меҳроб ҳам бирор бир нарса билан белгиланмаган. Кейинчалик, Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар ва Саудийлар даврида меҳроблар нақшинкор санъат намуналари билан безатилди.

1. Пайғамбар меҳроби. Меҳроби Набавий Масжиди Набавийдаги энг муҳим ва асосий меҳробдир. Меҳроб Равзада, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ва минбарлари орасида жойлашган. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида У зот намоз ўқиган жойда бирор белги бўлмаган, 707-710 йилда илк бор Умавий халифаси Валид ибн Абдулмалик томонидан бу жойга биринчи меҳроб ўрнатилган.

Масжидда ҳозирги шаклдаги меҳроб 1482 йилда Мамлук султони Қайтбей томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик Усмонлилар ва Саудия подшоҳи Фаҳд даврларида таъмирланган. Меҳроб тилла билан қопланган хаттотлик ёзувлари ва гўзал нақшлар билан безатилган.

2. Усмоний меҳроби. Меҳроби Усмоний ҳозирда кўп фойдаланиладиган асосий меҳроб бўлиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида 651 йилда масжид кенгайтирилганидан қурилган. Қибла деворининг марказида жойлашган Усмон ибн Аффон меҳроби ўрнида дастлаб белги бўлган.

3. Меҳроби таҳажжуд. Меҳроб Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозини ўқиган жойни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларини Масжиди Набавийнинг устунларидан бири ёнида ўқир эдилар. Кейинчалик бу устун ёнида меҳроб қурилди, аммо сўнгги йиллардаги қайта таъмирлаш ишларида олиб ташланди ва унинг ўрнига Қуръони карим мусҳафлари учун китоб жавони ўрнатилган.

4. Сулаймоний меҳроби. Меҳроби Сулаймоний Ҳанафий меҳроби деб ҳам номланади. Сулаймоний меҳроби Равзадан ташқарида, Пайғамбар алайҳиссалом минбарларининг ўнг томонида жойлашган. Бу меҳроб ҳанафий мазҳабидагиларнинг намозгоҳи бўлган. 1532 йили Султон Сулаймон I буйруғи билан бунёд этилди.

5. Фотима меҳроби. Фотима роҳияллоҳу анҳо уйлари яқинида, таҳажжуд меҳробининг жанубида, Набий алайҳиссалом ҳужралари атрофида жойлашгани, мақбара ўралгани боис меҳроб кўринмайди.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.