muftyat.kz сайтининг хабар беришича, Нурсултон шаҳрида Ҳаж зиёрати нархларини пасайтириш хусусида расмийлар иштирокида учрашув ўтказилган. Учрашувда Қозоғистон мусулмонлари идораси девони бошлиғи Гилимбек Мажиев, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Досимжон Нурбаев, Бош муфтий маслаҳатчиси Болтабой Мекежанов, Идоранинг зиёрат бўлими бошлиғи Жандилда Бекжигитов ҳамда зиёрат компаниялари раҳбарлари иштирок этишган.
Сайёҳлик ва зиёратни ташкил этувчи компаниялар раҳбарлари бу борада ўз фикрларини билдириб ўтганлар ҳамда нархларнинг ошишига асосий сабаб транспорт, овқатланиш, авиаташув хизматлари учун нархларнинг юқорилаши эканини қайд этиб ўтишган. Бу борада муҳокамалар яна давом этиши маълум қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиляпти. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан етмишдан зиёд уламо ва олимлар, халқаро ташкилот раҳбарлари, муфтийлар, илмий тадқиқотчилар қатнашяпти.
Конференция иштирокчилари 29 апрель куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлардан катта таассурот олди.
Хорижий уламолар бу диёр дунё цивилизациялар маркази бўлгани, Ислом тамаддуни ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшгани, кўплаб олиму уламоларни етиштириб берганини эътироф этди.
Бугун конференция иштирокчилари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти, мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалаларни муҳокама қилади.
xs.uz