Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий ҳайъат аъзолари, Диний идора раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, таниқли имом-хатиблар иштирок этди.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Мажлисда якунига етиб бораётган 2019 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, масжидлар, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва тизимдаги бошқа ташкилотлар фаолиятининг ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2019 йилда масжидлар фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тузилмасида янги жорий этилган раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига Ишматбеков Ҳомиджон Баҳромович номзоди бир овоздан маъқулланди.
Маълумот ўрнида, Ишматбеков Ҳомиджон 1970 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент ислом институти, Мадина ислом университетида таҳсил олган. Фаолияти давомида "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мудири, Тошкент шаҳар "Муҳаммад Носир ҳожи" масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири лавозимларида хизмат қилган. Бир қатор китоб ва илмий мақолалар муаллифидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар.
(Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).