Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2026   |   6 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:47
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2026, 6 Зулҳижжа, 1447

Ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг ўрни

12.12.2019   15879   10 min.
Ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг ўрни

Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.

Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан ва руҳан камолотга етишмоғида ислом дини таълимотининг ўрни нақадар юксакдир. Пайғамбаримиз (а.с.) Ўзларининг муборак ҳадисларида ушбуни баён қилиб айтганларки: “Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Ҳақиқатан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, ҳушхулқлик энг олий фазилат эканлиги ҳақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фахшу мункар ишлардан ҳамда зулмкорликдан қайтарур...” (Наҳл,90), “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш-бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг... Етимлар молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам адолат билан гапиринг...” (Анъом, 151-152). “Одамлардан такаббурланиб юз ўгирма ва ер юзида кибру ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир...” (Луқмон, 18-19). Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам қатор ҳадисларида ҳушхулқликни мадҳ этадилар. Ҳадисларининг бирида: “Менга энг маҳбуброғингиз ва охиратда Менга энг яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ислом динида энг яхшингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Албатта, гўзал ахлоқ ва одоб инсоннинг ёшлигидан балки, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Амр ибн Абу Салама (р.а) айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: Эй, бола! Аввал, бисмиллоҳни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни  олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.

Дарҳақиқат, ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.

Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишини одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар ( Имом Термизий ривояти). Ёки бўлмаса, “Болаларингизни эъзозланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” дейилган ҳадиси шарифда ҳам айнан ахлоқий тарбия назарда тутилган. Ислом таълимотида кишининг имон эътиқодининг мукаммаллиги унинг одоб-ахлоқининг яхшилигига қараб баҳоланади. Кўплаб ҳадисларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) яхши ахлоққа тарғиб қилишда имонни асос қилиб оладилар. Ҳадисларининг бирида айтадиларки: “Кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса меҳмонини ҳурматласин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса қариндошига силаи раҳм қилсин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”. (Имом Бухорий ривояти). Бош бир ҳадисда эса: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас, дедилар. Ё, Расулуллоҳ! Ким мўмин эмас?-деб сўрадилар. Расулуллоҳ: Ёмонлигидан қўшниси озор чекадиган киши мўмин эмас, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Иккинчидан, жисмоний  тарбия. Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуръони каримдаги: “...Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят) оятининг тафсирида уламолар, ушбу оятда бутун тиб илми жойлашгандир, деганлар. Ҳақиқатан ҳам, саломатликнинг бош омили меъёрида овқатланиш эканлигини замонавий табобат ҳам исботламоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Ёшларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган бўлса, ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилгувчи ва танани бўшаштиргувчи нарсани истеъмол қилишдан қайтарганлар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Учинчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади: “Яратган Раббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Раббинг карамли зотдир. У инсонга қалам билан ўргатди. Инсонга билмаган нарсасини билдирди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар). Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Илму маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий-маънавий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг моддий ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.

Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариъат, ҳам тариқат ва ҳам маърифат борасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

  Ҳаёт инсониятга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган қадрли неъматлардан бири  бўлиб, ёшлик ва ўсмирлик даври киши ҳаётининг энг жўшқин палласидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Ёшлик даврингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” деб, унинг қадрига етиб яшашни таъкидлаганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг ҳушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмасада, тутуни димоғингни ачитади” деганлар. Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган. Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий р.ҳ.: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким  бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Ёшлик даврида инсоннинг қалби беғубор, турли хилдаги қалб касалликларидан холи бўлади. Ҳадисларда айтилишича, Аллоҳ таоло инсоннинг қалбида Ўзи учун жой барпо қилган, ўша қалб Аллоҳнинг назари тушадиган макондир. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

 

Фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков.

 

 

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳайит – катта байрам, ҳар қадамда шодиёна

22.05.2026   6311   5 min.
Ҳайит – катта байрам, ҳар қадамда шодиёна

Юртимизда байрамлар кўп, шодиёналар бисёр. Ҳар бир айёмнинг ўз шукуҳи бор. Илло, Қурбон ҳайитининг файзи, футуҳи, шодлиги, хурсандлиги ўзгача. Чунки бу байрам ҳар йили муҳтарам Президентимизнинг «Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорлари асосида бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланади.


Шу йил 20 май куни қабул қилинган қарорга биноан бу йилги Қурбон ҳайити «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда, меҳр-мурувват, хайру саховат ишлари яна ҳам кенг кўлам касб этишида муҳим ҳуқуқий асос бўлади.


Бу йилги муборак Қурбон ҳайитини ҳар йилгидан кўра ўзгача, кўтаринки нишонланяпмиз. Чунки бу йил ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан юртимизда турли соҳаларда фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган ва қилаётган 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” сифатида Исломнинг бешинчи рукнини мукаммал адо этяпти. Бундай эзгу иш тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади.


Қурбон ҳайити бутун ислом уммати учун жуда катта байрам. Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда мараҳамат қилинади: «Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-оят).


Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз Қурбон ҳайити намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).


Фақиҳларимиз қурбонликнинг истилоҳий маъносини таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, деганлар. Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан тугайди. Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингач қилинади.


Қурбонлик гўштининг учдан бирини оила аҳлига, учдан бирини қўшниларига, қолганини муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.


Жоҳилият даврида Макка мушриклари қурбонлик қилиб, гўштини Каъба атрофига осиб, деворларига қонини суртар ва бу билан Аллоҳга яқин бўламиз, деб ўйлар эдилар. Ислом келиб, кўплаб инсонлар ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганларидан кейин, Аллоҳ таоло мусулмонларни қурбонликдан кўзланган асосий мақсад нима эканига эътиборларини қаратиб, қуйидаги ояти каримасини нозил қилди: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).


Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозим. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.


Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қурбонликни чин кўнгилдан ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).


Бошқа бир ҳадисда: “Одам боласи қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида қон чиқаришидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амал йўқ. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, дейилган (Имом Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).


Қурбон ҳайити – катта байрам. Бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган солиҳ амаллар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аксинча, байрамни азага, мусибатга, маҳзунликка айлантирмаслик зарур.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирларнинг бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланган кишилардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.


Биз ҳам ҳар бир кўнгилга байрам шукуҳини олиб кирайлик.


Қурбон байрамингиз қутлуғ бўлсин! 

 

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

Ўзбекистон янгиликлари