Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Исро сураси, 36-оятида шундай деб марҳамат қилган:
وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولـئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً
“Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар”
Ушбу оят борасида Қатода раҳимаҳуллоҳ “Кўрмаган нарсангни “кўрдим”, эшитмаган нарсангни “эшитдим”, билмаган нарсангни “билдим” дема! Чунки, Аллоҳ таборака ва таъоло буларнинг барчаси ҳақида сендан қиёмат куни сўровчидир” деганлар.
“Ўзинг билмаган нарсага эргашма!” оятини Муҳаммад ибн Ҳанафийя раҳимаҳуллоҳ “Бу ёлғон гувоҳлик ҳақида” деб тафсир қилган бўлсалар, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “Бирор кишини ўзинг билмаган нарса билан айблама!” деб тафсир қилганлар.
Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсири борасида бундай деганлар: “Айтган гапи, қилган иши, Аллоҳ таоло ибодат учун бандада яратиб қўйган тана аъзоларини нималарга ишлатгани ҳақида сўроққа тутилишини билган банда бу саволга жавоб тайёрлаб қўйиши керак. Жавоб эса ўша тана аъзоларини фақат Аллоҳ таолонинг ибодатига, Унга ихлос қилишга ишлатиш, У Зот ёқтирмайдиган амаллар ва гаплардан тийилиш билан бўлади”.
“Тайсийрут Тафсийр” китобида бундай дейилган: “Агар инсон тана аъзоларини яхшилик ишларида ишлатса, савобга эришади. Агар ёмонликка ишлатса, иқобга қолади”.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида “Инсоннинг саодати ушбу оятда зикр қилинган уч аъзонинг саломат, солиҳлигида бўлса, унинг бахтсизлиги шу уч аъзонинг бузилишига боғлиқдир” деганлар.
Ҳадиси шарифларда кўрмаган нарсасини кўрдим дейишнинг оғир гуноҳлиги таъкидланган.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إياكم والظنَّ، فإنَّ الظنَّ أكذب الحديث
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гумондан четланинглар, чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир!» деб марҳамат қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مِنْ أَفْرَى الْفِرَى أَنْ يُرِيَ عَيْنَيْهِ مَا لَمْ تَرَ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйдирмаларнинг энг ёмони – кўрмаганини кўрдим, дейишдир», дедилар».
Бу ерда туш кўриш назарда тутилган. Ёлғондан туш тўқиш энг катта ёлғон ва оғир гуноҳдир, чунки бу бевосита Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш, У Зотга туҳмат қилишдир.
Бу дунёда кўзимиз билан нималарни кўрдик, қулоғимиз билан нималарни эшитдик, қалбимизни покладикми ёки гуноҳлар билан қорайтирдикми, ҳаммаси ҳақида сўраламиз. Демак, барчамиз ибодатларни вақтида адо этиш, Аллоҳ таолони доим зикр қилиш, қулоғимиз, кўзимиз ва бошқа тана аъзоларимизни Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларга ишлатиш билан охиратдаги саволларга тайёрланайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
"Report" хабарига кўра, ташриф Ўзбекистон бўйлаб медиа-тур доирасида бўлиб ўтди.
Имом Бухорий мақбараси Самарқанд вилоятидаги энг муҳим маънавий ва тарихий обидалардан биридир.
Ташриф давомида Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакиллари Имом Бухорий мақбараси, масжид, музей ва кутубхона вазифасини бажарувчи хонани ўз ичига олган ёдгорлик мажмуаси ҳудуди билан танишди. Журналистларга мажмуанинг яратилиш тарихи, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси, шунингдек, унинг ислом илм-фанидаги алоҳида ўрни ҳақида сўзлаб берилди.
Медиа-тур иштирокчилари мажмуанинг музей қисмига алоҳида эътибор қаратди. Бу ерда ислом маданияти ва Имом Бухорий меросига оид қўлёзмалар ва турли тарихий материаллар тақдим этилган. Шунингдек, музейда турли мамлакатлар вакиллари томонидан мажмуага совға қилинган Қуръони карим нусхалари ҳам сақланади.
Иштирокчиларга мажмуа турли мамлакатлардан келган диндорлар учун зиёратгоҳ ва алломанинг маънавий меросини асраб-авайлашнинг муҳим маркази эканлиги ҳақида сўзлаб берилди. Журналистлар мажмуанинг меъморий хусусиятлари ва ташриф буюрувчилар учун яратилган замонавий инфратузилма билан ҳам танишди.
Имом Бухорий энг нуфузли ислом уламоларидан бири ва ислом анъанасидаги энг муҳим ҳадис тўпламларидан бири бўлган "Саҳиҳ ал-Бухорий" ҳадислар тўпламининг муаллифи ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати