Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Қуръон илмлари: МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВА ВАҲИЙ

5.12.2019   3857   15 min.
Қуръон илмлари: МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВА ВАҲИЙ

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВА ВАҲИЙ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло томонидан Расул қилиб юборилишлари янгилик эмас эди. У зот инсонларга ваҳий номи билан хитоб қилган биринчи набий ҳам эмас эдилар. У зот одамларга осмоннинг сўзидан гапирдилар. Нуҳ алайҳиссаломдан бошлаб, Аллоҳ ихтиёр қилган барча пайғамбарлар каби, Аллоҳ таолонинг сўзини айтдилар, ҳаводан гапирмадилар. Аллоҳ таолонинг ўтган пайғамбарларни қувватлаб юборган ваҳийси Муҳаммад алайҳиссаломни қувватлаб юборган ваҳийсига мухолиф эмас эди. Балки ваҳий ҳолати барчаларида бир хил эди. Чунки унинг келиб чиқиш жойи ва ғояси, Аллоҳ таоло айтганидек, ягона эди.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

۞إِنَّآ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ كَمَآ أَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ نُوحٖ وَٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ مِنۢ بَعۡدِهِۦۚ وَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰٓ إِبۡرَٰهِيمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَ وَٱلۡأَسۡبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَٰرُونَ وَسُلَيۡمَٰنَۚ وَءَاتَيۡنَا دَاوُۥدَ زَبُورٗا١٦٣ وَرُسُلٗا قَدۡ قَصَصۡنَٰهُمۡ عَلَيۡكَ مِن قَبۡلُ وَرُسُلٗا لَّمۡ نَقۡصُصۡهُمۡ عَلَيۡكَۚ وَكَلَّمَ ٱللَّهُ مُوسَىٰ تَكۡلِيمٗا١٦٤

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек, ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик.

Ва Биз сенга илгари қиссаларини айтиб берган расулларни ва Биз қиссаларини айтиб бермаган расулларни (юбордик). Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди» (163-164-оятлар).

Шунинг учун ҳам Қуръони Карим Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалбларига нозил бўлган илмни «ваҳий» деб номлашга қаттиқ эътибор берган. Чунки Қуръондаги ваҳий тушунчаси Аллоҳ таолонинг бошқа барча набийларга юборган ваҳийсига ўхшаш бўлиши, уларнинг ягона илоҳий масдардан келиб чиққанлиги намоён бўлиши лозим эди.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида шундай дейди:

وَٱلنَّجۡمِ إِذَا هَوَىٰ١ مَا ضَلَّ صَاحِبُكُمۡ وَمَا غَوَىٰ٢ وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ٣ إِنۡ هُوَ إِلَّا وَحۡيٞ يُوحَىٰ٤

«Ботаётган юлдуз билан қасам. Биродарингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас» (1-4-оятлар).

Яъни «Сизнинг адашмаган ва йўлдан озмаган соҳибингиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг номидан гапирганида ўз нафсу ҳавосидан гапирмайди. Аксинча, у зот «Аллоҳ менга нозил қилди», деб айтаётган Қуръон ваҳийдан ўзга нарса эмас.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

قُلۡ مَا يَكُونُ لِيٓ أَنۡ أُبَدِّلَهُۥ مِن تِلۡقَآيِٕ نَفۡسِيٓۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۖ إِنِّيٓ أَخَافُ إِنۡ عَصَيۡتُ رَبِّي عَذَابَ يَوۡمٍ عَظِيمٖ١٥

«Сен: «Мен уни ўзнмча алмаштира олмасман, Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт» (15-оят).

Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабалари қанча юқори бўлмасин, Қуръонни, ҳатто унинг бирор ҳарфини алмаштиришга ҳақлари йўқ. У кишининг вазифалари Аллоҳ таоло томонидан келган ваҳийни – Қуръонни қабул қилиб олиб, шундайлигича кишиларга етказишдир.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

وَإِذَا لَمۡ تَأۡتِهِم بِ‍َٔايَةٖ قَالُواْ لَوۡلَا ٱجۡتَبَيۡتَهَاۚ قُلۡ إِنَّمَآ أَتَّبِعُ مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّ مِن رَّبِّيۚ هَٰذَا بَصَآئِرُ مِن رَّبِّكُمۡ وَهُدٗى وَرَحۡمَةٞ لِّقَوۡمٖ يُؤۡمِنُونَ٢٠٣

«Ва агар уларга оят келтирмасанг, «Ўзинг тўқиб қўявермайсанми?» дерлар. Сен: «Мен фақат Роббимдан ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Бу иймон келтирувчи қавм учун Роббингиздан «кўз очгувчи»лар, ҳидоят ва раҳматдир», деб айт» (203-оят).

Кофирлар ўзларининг бузғунчиликлари, куфрлари ва Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқишлари етмаганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ёлғондан мўъжиза тўқиб, Аллоҳга нисбат беришни таклиф қилишарди. Улар пайғамбарлик вазифасини тушунишни ҳам хоҳламайдилар. Ҳолбуки, ўзидан бир нарсани тўқиб, Аллоҳга нисбат бериш катта жиноят, пайғамбарга тўғри келмайдиган иш. Ёлғиз ўзларининг ожиз ақлларига суянувчилар, табиийки, ваҳий тўғрисида «Бу ғаройиб нарса-ку!» деб, ножўя ўй-фикрларни айтишади. Аллоҳ таоло уларга раддия бериб, Юнус сурасида шундай дейди:

أَكَانَ لِلنَّاسِ عَجَبًا أَنۡ أَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ رَجُلٖ مِّنۡهُمۡ أَنۡ أَنذِرِ ٱلنَّاسَ وَبَشِّرِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَنَّ لَهُمۡ قَدَمَ صِدۡقٍ عِندَ رَبِّهِمۡۗ قَالَ ٱلۡكَٰفِرُونَ إِنَّ هَٰذَا لَسَٰحِرٞ مُّبِينٌ٢

«Одамларга ўзларидан бўлган бир кишига: «Одамларни огоҳлантир ва иймон келтирганларга Роббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик борлигининг хушхабарини бер», деб ваҳий юборишимиз ажабланарли бўлдими? Кофирлар: «Албатта, бу очиқ-ойдин сеҳргардир», дедилар» (2-оят).

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бандалари ичидан бир салоҳиятли кишини танлаб, унга пайғамбарлик мартабасини беради. Унга ваҳий юбориб, атрофидаги кишиларни огоҳлантиришга амр қилади. Қадимдан шундай бўлиб келган. Лекин кофир одамлар бу ишга доимо инкор назари билан қарашган, ўзларидан бўлган бир одамга Аллоҳдан ваҳий келиши уларга ажабланарли туюлган.

Соғлом мантиқ инсонларнинг барчаси тенг бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло улар орасидан хоҳлаган биттасини илм, ҳикмат ва иймонда танлаб олишини тақозо қилмайдими? Мантиқ ушбу танланишни ғалати иш деб санайдими? Йўқ, албатта. Аксинча, ақл шуни тақозо қилади. Ақл инсонга тўкис ҳидоят йўлини кўрсатиб беришдан ожиз эканини воқеълик кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид, ақл гувоҳ.

Қолаверса, ўзидан бир вакилнинг Аллоҳ таолодан ваҳий қабул қилишининг ўзи инсоният учун шараф.

Энди инсонларнинг бу ишни бўлмағур гап дейишлари, кофирлар эса буни сеҳргарлик амалига ўхшатишлари мантиққа тўғри келадими?!

Албатта, ваҳийдан ажабланиш тўғри эмас. У тушунилиши осон, жумбоқсиз бўлиши лозим. Дин нуқтаи назаридан қараганда, ваҳийнинг ҳақиқати ўзи нима? Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий билан бошқа анбиёларга нозил қилинган ваҳий орасида қандай ўхшашликлар бор?

Диннинг ушбу тез, махфий билдиришни «ваҳий» деб номлаши сўзнинг айнан луғавий маъносидан келиб чиққан. Араб тилидаги «ийҳаун» – «ваҳий қилмоқ» сўзи тез ва махфий ха­бар йўллаш маъносини билдиришини юқорида айтиб ўтдик.

Аллоҳ таоло Ўзи нозил қилган Китобларидаги оятларни Набийга олиб боришни фариштага буюрди ва буни «ваҳий» деб атади. Ушбу ваҳий бевосита Набийнинг ўзига қилинган ваҳий билан мазмунан фарқ қилмайди.

Бу икки ваҳийнинг орасида зиддият йўқ. Фариштанинг ваҳийни олиб келиб, омонат билан нақл қилиши ҳам, Набийнинг уни олиб, ўзига сингдириши, ёдлаши ва етказиши ҳам бир хил вазифани адо этишдир. Ушбу маъно Нажм сурасидаги оятда кўринади:

فَأَوۡحَىٰٓ إِلَىٰ عَبۡدِهِۦ مَآ أَوۡحَىٰ١٠

«Ва бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, ваҳий қилди» (10-оят).

Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга нимани ваҳий қилган бўлса, Жаброил алайҳиссалом ҳеч бир хиёнат қилмасдан, қўшмасдан ёки камайтирмасдан, ҳаммасини етказди.

Зеро, бу оятдан мурод шуки, Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси, ишончли ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссаломга охирги Набий – Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий қилишни ваҳий қилди. Ушбу оятда зикр қилинаётган «ваҳий» сўзининг далолатини Шуаро сурасида келган бошқа бир оят билан ойдинлаштириб олиш мумкин:

وَإِنَّهُۥ لَتَنزِيلُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ١٩٢ نَزَلَ بِهِ ٱلرُّوحُ ٱلۡأَمِينُ١٩٣ عَلَىٰ قَلۡبِكَ لِتَكُونَ مِنَ ٱلۡمُنذِرِينَ١٩٤ بِلِسَانٍ عَرَبِيّٖ مُّبِينٖ١٩٥

«Албатта, у (Қуръон) оламлар Роббининг нозил қилганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди... сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида» (192-195-оятлар).

Ушбу ояти карималардаги «Руҳул Амин»дан фаришта Жаброил алайҳиссалом назарда тутилган, «огоҳлантирувчилардан» дегани эса «пайғамбарлардан» демакдир.

Бинобарин, ушбу тўрт оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Эй Муҳаммад, Жаброил Қуръонни сенинг қалбингга пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди».

Ваҳий ҳолатидаги диний ҳақиқатлар ва ғайбий хабарлар ҳиссий услубларга табиатан мутлақо бўйсунмайди. Шунингдек, ушбу ваҳий ҳолати зоҳирий ҳис-туйғу миқёсларига ҳам бўйсунмайди. Балки ваҳий икки зот ўртасидаги олиймақом суҳбат дея тасаввур қилиниши мумкин, холос. Бир тарафда берувчи, буюрувчи, сўзловчи Зот, иккинчи тарафда қабул қилувчи, буюрилган, хитоб қаратилган зот бўлади.

 

ҚУРЪОНИЙ ВАҲИЙ ҲОЛАТИ

Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида дейди:

إِنَّا سَنُلۡقِي عَلَيۡكَ قَوۡلٗا ثَقِيلًا٥

«Албатта, Биз устингга оғир Сўзни ташлармиз» (5-оят).

Яъни «Қуръонни ташлаймиз». Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Унинг қалбга таъсири оғир. Ҳашр сурасининг 21-оятида Аллоҳ таоло: «Агар ушбу Қуръонни тоққа нозил қилганмизда, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг», деган. Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган буюк ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.

Юқорида ўтганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳиҳ ҳадисларида ваҳийнинг қалбларига нозил бўлиш ҳолатларини баён қилиб берганлар:

«Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида гавдаланиб сўзлайди, мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан».

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу адайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишининг икки хил кўринишини сўзлаб бермоқдалар:

Биринчи суратда оғир сўз – Қуръони Карим оятлари қалбларига нозил бўлар экан, худди қўнғироқнинг жарангига ўхшаб келади. Бунда у зот идрок этиладиган сўзни диққат билан тинглайдилар. Ваҳий тўхтаган пайтда сўзларни тўла англаб, ёдлаб олган бўладилар.

Иккинчи суратда Жаброил алайҳиссалом у зотга инсон суратида кўринадилар. Кўриниши худди оддий инсон шаклида бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламга бу ваҳий осонроқ кечади.

Биринчи ҳолатда инсоннинг фариштанинг ҳолатига мос­лашиши, иккинчисида эса фариштанинг инсоннинг ҳолатига мослашиши талаб қилинади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчиси енгилроқ кечади, унда хотиржамроқ бўладилар, қўрқув босмайди. Биринчи су­ратда эса таъсир, босим шиддатлироқ, ваҳий оғирроқ бўлади.

Қуръон оятларининг кўнғироқ жарангига ўхшаб тушиш жараёни у зот учун ниҳоятда оғир кечарди. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: «Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, ваҳийнинг салобатидан, юкидан соним ёрилиб кетай деди». Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетдётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай, чўкиб қолар эди. Ваҳий тушган пайтда кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг нафас олишлари тезлашиб, терлаб кетар эдилар.

Мўъминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо бу хусусда шундай деган эдилар: «Дарҳақиқат, у зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у зотдан ариганида пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман».

Иккинчи суратда ваҳийнинг босими енгил ва тушиши латифроқ бўлади. Бунда қўнғироқ овозлари ва пешона терлари бўлмайди. Балки берувчи ва олувчининг шакли бир-бирига ўхшайди. Бу вақтда ваҳийни нақл қилувчи ишончли фаришта учун ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам иш енгил кўчади.

Икки суратда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий қилинган нарсани сингдириб олишга ўта ҳарис бўладилар. Биринчи сурат хусусида у зот шундай деганлар:

«Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан».

Иккинчи сурат хусусида ҳам:

«Мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гаплари билан қалбларидаги тўла сингдириб олиш қуввати ваҳийдан олдин ҳам, ваҳий асносида ҳам, ваҳийдан кейин ҳам бор бўлишини исбот қилмоқдалар. Ваҳий енгилроқ кечган тақдирда ҳам, оғирроқ кечган тақдирда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ёдлаб, ўзларига сингди­риб олар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мукаммал сингдиришни ваҳий нозил бўлиши босқичларини ўз ичига олган узун қуръоний даврда бирор марта ҳам ўзларининг қабул қилиб олувчи, буйруқ кутувчи инсоний шахсиятларига аралаштириб юбормадилар. У зот ваҳийда келган нарсани ўзларига сингдирар эканлар, Аллоҳнинг ҳузурида заиф инсон ҳолларида турардилар. Ҳатто Аллоҳ таоло ўзлари ва қалбларининг орасини тўсиб қўйишидан қўрқардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дуоларида Роббларига ёлвориб:

«Аллоҳим, эй қалбларни буриб қўювчи Зот! Менинг қалбимни итоатингга бургин. Аллоҳим, эй қалбларни айлантирувчи Зот! Менинг қалбимни динингда собит қилгин!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийнинг дастлабки нозил бўлиш пайтида баъзи оятларнинг қалбларидан унутилиб қолишидан қўрқиб, уларни ваҳий асноси­да тиллари ва лабларини қимирлатиб, Жаброил алайҳиссаломга ҳарфма-ҳарф эргашиб талаффуз қилар эдилар. Аллоҳ таоло ваҳийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилларига муҳрлаб, тилларига жорий қилишни, ҳатто уни изоҳ ва баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳй васалламни хотиржам бўлишга буюрди.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:

لَا تُحَرِّكۡ بِهِۦ لِسَانَكَ لِتَعۡجَلَ بِهِۦٓ١٦ إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ١٧ فَإِذَا قَرَأۡنَٰهُ فَٱتَّبِعۡ قُرۡءَانَهُۥ١٨ ثُمَّ إِنَّ عَلَيۡنَا بَيَانَهُۥ١٩

«Сен шошилиб, у билан тилингни қимирлатма. Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зимма­мизда» (16-19-оятлар).

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан, ёдлаб олиш мақсадида унга тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турар эдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келсалар, бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Жаброил кетгач, Аллоҳ қандай ваъда қилган бўлса, ўшандай ўқийдиган бўлдилар».

Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қа­бул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла у зотни тинчланишга амр этди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларида жамлаб бериш, баён қилиб бериш, очиқлаб бериш кафолатини олди. Биринчи ҳолат – уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат – тиловати. Учинчи ҳолат – тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни қабул қилишда шошилишдан қайтариб, юқоридаги маънони таъкидлаб, шундай дейди:

وَلَا تَعۡجَلۡ بِٱلۡقُرۡءَانِ مِن قَبۡلِ أَن يُقۡضَىٰٓ إِلَيۡكَ وَحۡيُهُۥۖ وَقُل رَّبِّ زِدۡنِي عِلۡمٗا١١٤

«Сенга ваҳийси битмасидан, Қуръонга ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (114-оят).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

25.11.2024   1647   4 min.
Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.

Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.

Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.

Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:

– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:

Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;

Умора ибн Шиҳобни Куфага;

Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;

Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;

Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...

Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.

– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.

У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.

1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.

2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.

3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.

Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар