Сўнгги вақтларда айрим “шоввоз” турфирмалар СОХТА умра визасини расмийлаштириб, Саудия Арабистони виза низомига зид равишда Ўзбекистон фуқароларини Саудияга киритишга уринмоқда.
2019 йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига борган 14 нафар ўзбекистонлик ватандошимизнинг визаси қалбаки бўлиб чиқди.
Ушбу турфирма 14 нафар юртдошимизга қалбаки визаларни расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига юборган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинди.
Саудия аэропортида заҳмат ва машаққат чекиб, кўз ёш тўккан юртдошларимизнинг ҳасратлари акс этган фото ва видеолавҳалар Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилган.
Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.
Ҳурматли юртдошлар! Унутманг, биз ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоримиз. Ўз навбатида, сиздан турли фирибгарлар алдовига учмасдан, ҳукумат томонидан ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли “Умра зиёрати”дан фойдаланишингизни тавсия этамиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси