Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Март, 2026   |   12 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:40
Қуёш
06:58
Пешин
12:40
Аср
16:29
Шом
18:17
Хуфтон
19:29
Bismillah
01 Март, 2026, 12 Рамазон, 1447

Арилар ҳимоя қилган саҳоба

02.12.2019   5526   4 min.
Арилар ҳимоя қилган саҳоба

Осим ибн Собит ибн Абул Ақлаҳ – ансорийлардан, авс уруғидан, ансорлар ичида Исломга аввал кирган кишилардан бири бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.

У киши Бадрда иштирок этиб, Уқба ибн Абу Муайтни, Уҳудда эса Мусофиъ ибн Талҳа ва унинг укаси Килоб ибн Талҳани ўлдирганлар. Мусофиъ ярадор ҳолда онаси Сулофанинг олдига бориб, бошининг унинг тиззасига қўяди. Онасининг “Сени ким бу аҳволга солди?” деган саволига ўғли “Менга ўқ отаётган одамнинг “Мана буни ол. Мен Ибн Абу Ақлаҳман” деганини эшитдим” деб жавоб берди. Шунда онасининг жаҳли чиқиб, агар имкон топса, ўғлини ўлдирган кишининг бош суягида хамр ичишга назр қилди ва Осимнинг бошини келтирганга катта мукофот эълон қилди.  

Уҳуд жангидан сўнг бироз вақт ўтгач, қабилалар мусулмонлардан ноодатий йўл билан ўч олишга киришдилар. Сафар ойида Ҳузайл қабиласи Азл ва Қора уруғи вакилларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Улар Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Бизга фиҳқни, Қуръонни, Ислом шариатини таълим бериш учун бир гуруҳ саҳобаларингизни биз билан юборсангиз” деб илтимос қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг илтимосига рози бўлиб, бир ривоятда Марсад ибн Абу Марсад розияллоҳу анҳу, бошқа ривоятда Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу бошчиликларида 6 кишилик гуруҳни (баъзи ривоятларда 7 киши, бошқасида эса 10 киши дейилган) улар билан бирга юбордилар.

Саҳобалар Ҳузайл қабиласига тегишли Ражийъ қудуғи олдига етганларида, келган кишиларнинг хоинлиги маълум бўлиб қолди. Ҳузайл қабиласининг Бану Лиҳён уруғидан тахминан икки юз киши саҳобаларни қуршаб олди. “Биз сизларни ўлдирмоқчи эмасмиз. Сизларга тегмасликка аҳд берганмиз. Фақат сизларни Маккага топшириб, эвазига пул олмоқчимиз” дейишди. Осим ибн Собит, Марсад розияллоҳу анҳумо ва яна бир шериклари “Мен ҳеч қачон мушрикларнинг ёнига бормайман” деб, уларнинг таклифини рад этдилар ва урушишга бел боғладилар. Қолган уч нафар саҳобалар Абдуллоҳ ибн Ториқ, Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна розияллоҳу анҳум таслим бўлиб, асир олиндилар. Осим розияллоҳу анҳу ва икки шериклари эса шаҳид этилдилар. Кейинчалик Зайд ибн Дасинна, Хубайб ибн Адий ва Абдуллоҳ ибн Ториқ розияллоҳу анҳум ҳам шаҳид этилдилар.

Ҳузайл қабиласи вакиллари Сулофанинг Осимнинг боши учун катта мукофот ваъда қилганидан хабарлари бор эди. Ана шу бойликка эришиш илинжида Осимни унга топширмоқчи эдилар. Осим розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганларини эшитган Сулофа Осим розияллоҳу анҳунинг бошларини олиб келиш учун Ҳузайл қабиласига ваъда қилинган пул билан элчи жўнатди.

Қотиллар Осимнинг жасадини олиш учун борганларида, кўп сонли арилар соябонга ўхшаб Осим розияллоҳу анҳунинг танаси устида учаётганини кўрдилар. “Ариларни ўз ҳолига қўйинглар. Кечгача кутсак, арилар ўзи кетади” дейишди ва нарироққа кетишди. Орадан бироз вақт ўтиб, қаттиқ ёмғир ёғиб, сел улуғ саҳобийнинг танасини оқизиб кетди. Кеч тушгач, хоинлар Осим розияллоҳу анҳунинг танасини олиш учун боришганда, уни жойидан топа олмадилар. Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу “Бирорта мушрик мени ушламайди ва мен ҳам бирорта мушрикка қўлимни теккизмайман” деб назр қилган эдилар. Аллоҳ таоло у кишини тириклик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам мушрикларнинг қўли тегишидан сақлади.

Арилар тўдаси Осим розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилгани ҳақидаги бу ҳодиса Мадинага етиб борганда, Умар розияллоҳу анҳу “Осим бирор мушрик унга қўлини теккизмаслигига ва ўзи ҳам бирорта мушрикни ушламасликка назр қилган эди. Аллоҳ таоло уни ҳаётлик чоғида асраганидек, вафотидан кейин ҳам мушрикларнинг қўли унга тегишидан сақлабди” дедилар.

Ана шу ҳодисадан кейин Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу “Ҳамийюд дабр” (“Арилар тўдаси ҳимоя қилган киши”) деб аталадиган бўлдилар.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, шу жумладан, Осим ибн Собит розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

26.02.2026   5197   4 min.
Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари ташаббуси билан Марғилон шаҳридаги “Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасуловнинг Новосибирск ва Кемерово шаҳарларига ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида ташкил этилган учрашувларда Юнусхон домла Мамарасулов халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга ундайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш мақсадида бу йил юртимизда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Юртимизда маҳалла аҳли, жамоатчилик вакиллари уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кексалар ва ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларга эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишга катта эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

Имом-хатиб фуқароларимиз, айниқса, ёшларнинг асл исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган турли бузғунчи диний оқимларга кириб қолишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Ўзбекистонда “Рамазон – меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва шукроналик ойи” шиори остида ишлаб чиқилган, эҳтиёжманд оилалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларга ёрдам кўрсатишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

Новосибирск вилояти муфтийси Абдулҳамид Шокиржонов билан бўлиб ўтган учрашувда экстремистик руҳдаги ғояларнинг кириб келишига йўл қўймаслик, Новосибирск ва вилоят мусулмон уммати томонидан соф Ислом арконларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистон фуқароларининг минтақа ҳаётидаги иштироки каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Россия томони Ўзбекистондан етакчи имом-хатибларни масжидларда маърузалар ўқиш ва жума намозларини адо этиш учун таклиф этишни амалиётга жорий этиш муҳимлигини қайд этди.

Юнусхон домла Мамарасулов Новосибирск жоме масжидида жума намозида иштирок этди. Мазкур масжид Сибир федерал округи ҳудудидаги энг йирик масжид бўлиб, бу ерда 500 дан ортиқ киши, жумладан, кўплаб ватандошларимиз ҳам ибодатини адо этади.

Юртимиздан ташриф буюрган имом-хатиб ўз марузасида барча йиғилганларни муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, Рамазон ойининг эзгулик, меҳр-оқибат ва маънавий бирлик фасли эканига эътибор қаратди.

Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда муқаддас ойни муносиб ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини, маҳаллаларда ободонлаштириш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва хайрия тадбирларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Кемерово шаҳрига ташриф доирасида имом-хатибнинг Сибирдаги энг йирик маданий мажмуа қурилишида ишлаётган ватандошлар билан учрашувлари бўлиб ўтди. У ерда ҳозирда икки ярим мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари фаолият юритмоқда.

Юртдошларимиз нафақат машаққатли меҳнатларига ўз вақтида ҳақ тўланаётгани, балки уларга яратилган шароитлар: уч маҳал бепул овқат, ётоқхона, тиббий суғурта, иш берувчи ҳисобидан барча зарур ҳужжатлар билан таъминланганидан мамнунлигини билдирди.

Бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳамюртларимиз Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси билан доимий алоқалари ва мунтазам равишда ўтказилаётган сайёр консуллик қабуллари туфайли миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари кузатилмаётганини таъкидлади.

Ўтказилган суҳбатлар давомида имом-хатиб йиғилганларга халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга чорлайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш учун бу йил ҳам Ўзбекистонда катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Буларнинг барчаси инсонпарварлик тамойилларига асосланган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани айтилди.

Имом-хатиб Кемерово масжидига ҳам ташриф буюриб, у ерда муқаддас Рамазон ойида ўз фикр ва ғояларини пок сақлаш муҳимлиги ҳақида маъруза қилди.

“Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон домла Мамарасулов Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Новосибирск шаҳридаги “Осиё–Сибир” улгуржи-тақсимлаш марказида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар учун ташкил этилган ифторликда иштирок этди.  

Ифторликда икки юздан ортиқ юртдошларимиз қатнашди. Имом-хатиб ўз нутқида Рамазон ойининг маънавий моҳиятини очиб берди, Қуръон сураларидан ўқиб, Исломнинг анъанавий қадриятларига содиқ қолиш муҳимлигини таъкидлади.

Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Ўзбекистон янгиликлари