Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446

Намоз сабоқлари: Жума намози, жаноза намози ҳамда ҳайит намози (Аудио)

30.11.2019   26409   5 min.
Намоз сабоқлари: Жума намози, жаноза намози ҳамда ҳайит намози (Аудио)

ЖУМА НАМОЗИ

 

Жума намози икки ракат фарздир. Ундан олдин ва кейин тўрт ракат суннат ўқилади. Жума фарзидан олдин ва кейинги суннатлар пешин намозининг тўрт ракат суннатлари каби ўқилади. Жуманинг икки ракат фарзи бомдод намозининг фарзи каби ўқилади.

Жума намозида  фарздан олдинги тўрт ракат суннатдан кейин, икки ракат фарз ўқилмасдан олдин имом минбарда хутба қилади.

 

ЖАНОЗА НАМОЗИ

 

Ният: «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қилиб, шу имомга иқтидо қилиб Аллоҳ таоло учун жаноза намозини ўқишни ният қилдим».

Қўллар қовуштирилиб киндик остида тутилади, имом ният қилгач, унинг ортидагилар ҳам ифтитоҳ такбирини айтади, сўнгра сано ўқийди: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ва табарокасмук ва таъала жаддук ва лаа илаҳа ғойрук».

Сўнг имом овоз чиқариб такбир айтгач,  яъни «Аллоҳу акбар» дегач, унинг ортидагилар ҳам ичларида ўзлари эшитадиган даражада такбир айтади. Бу такбирда қўллар кўтарилмайди. Сўнг салавот ўқилади. Ва яна қўлни кўтармасдан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтилади ва жаноза дуоси ўқилади. Дуодан сўнг қўллар қовуштирилган ҳолда «Аллоҳу акбар» деб, ўнг ва чап томонларга салом берилади.

 

ЖАНОЗА ДУОСИ

 

Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам. Ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ­ъалал ийман.

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бизларнинг тиригимизни, ўлигимизни, бу ерда бўлганларни ва бўлмаганларни, кичикларимизни ва катталаримизни, эркак ва аёлларимизни кечир. Ё Аллоҳ, биздан туғилажак янги наслларни Ислом динида дунёга келтир. Ажали етиб ҳаётдан кўз юмадиганларнинг жонларини имонли ҳолларида олгин».

Жанозаси ўқилаётган маййит балоғатга етмаган ўғил бола бўлса, мана бу дуо ўқилади:

Аллоҳуммажъалҳу лана фаротав-важъалҳу лана ажров-ва зухров важъалҳу лана шафиъам-мушаффаъа.

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бу болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу болани биз учун шафоати мақбул шафоатчи қил».

Жаноза балоғатга етмаган қиз бола учун ўқилаётган бўлса, қуйидаги дуо ўқилади:

Аллоҳуммажъалҳа лана фаротав-важ­ъалҳа лана ажров-ва зухров-важъалҳа лана шафиъатам-мушаффаъта.

Маъноси: Ё Аллоҳ! Бу қиз болани жаннатда бизни қарши олувчи, мукофот ва захира қил. Бу қизни бизга шафоати мақбул шафоатчи қил.

Бу дуоларни билмаганлар «Аллоҳуммағфирлий ва лаҳу ва лил-муъминийна вал муъминат».

Яъни, Ё Аллоҳ, мени ва уни, эркак ва аёл барча мўминларни кечир», дея дуо қилсалар ёки «Роббана атина фид дуня...» дуосини ўқисалар ҳам бўлади.

Жаноза намозининг бошланишига улгурмаган киши жамоатга тезда қўшилиб, ифтитоҳ такбирини айтади ва имомга иқтидо қилади. Имом салом берганидан кейин, тобут кўтарилмасдан олдин қолган такбирларнинг ўзини айтади.

Тушган, ўлик туғилган болага жаноза ўқилмайди. Унга исм қўйилиб ювилади ва матога ўраб кўмилади. Тирик туғилиб ўлган болага ҳам исм қўйилиб, ювилиб, жанозаси ўқилади.

 

ҲАЙИТ НАМОЗИ

 

 Ҳар бир намозни бошлашдан аввал ният қилингани каби ҳайит намозини бошлашдан олдин ҳам ният қилинади. «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қаратиб, шу имомга иқтидо қилиб, шу вақт  Рамазон (ёки Қурбон) ҳа­йити намозини Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим», дейилади.

Сўнг имом «Аллоҳу акбар», дея ифтитоҳ такбирини айтгач, жамоат ҳам қўлларини кўтариб, ифтитоҳ такбирини ичларида ўзлари эшитадиган даражада айтади.

Сўнг ҳамма ичида, ўзи эшитадиган даражада сано ўқийди. Сўнг имом кетма-кет қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Имом ҳар бир такбир айтганида жамоат ҳам унинг ортидан қўлларини кўтариб такбир айтади. Бу такбирларнинг биринчи ва иккинчи такбиридан сўнг қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб, киндик остида тутилади.

Сўнг имом ичида «Аъузу»ни ва «Бисмиллаҳ»ни айтиб, овоз чиқариб Фотиҳа сурасини ва яна бир сурани ўқийди, руку ва икки марта сажда қилинади.

Руку ва саждадан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом Фотиҳа сураси ва бир сура ўқигач, рукуга бормай, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтилади. Сўнг тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва икки марта сажда қилинади. Сўнг чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқилиб салом берилади ва намоз тугайди. Кейин имом минбарга чиқиб хутба қилади, сўнг дуо қилинади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ИСТИҒФОРнинг 72 та ХИСЛАТИ

02.06.2025   5055   33 min.
ИСТИҒФОРнинг 72 та ХИСЛАТИ

ИСТИҒФОР нинг 72 та ХИСЛАТИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

Каломуллоҳ – Қуръони каримнинг

муборак ояти карималаридан

ва

Жаноби Пайғамбаримиз

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг

муборак ҳадиси шарифларидан

 

ИСТИҒФОР нинг 72 та ХИСЛАТИ:

 

1.        Аллоҳ таолога итоатгўй банда истиғфор айтади.

2.        Истиғфор айтган банда пайғамбарлар, солиҳлар йўлидан юради.

3.        Истиғфор айтувчи одам имон ҳаловатига эришади.

4.        Истиғфор бандани гуноҳлардан поклайди.

5.        Истиғфор айтувчининг гуноҳлари савобли ишларга алмаштирилади.

6.        Истиғфор айтувчига неъматлар кўпайтириб берилади.

7.        Истиғфор банданинг икки дунёда ҳам мартабасини кўтаради.

8.        Истиғфор бахт-саодат олиб келади.

9.   Истиғфор туфайли истиғфор айтувчи ҳам, атрофдаги одамлар ҳам бузуқликлардан покланади.

10.       Истиғфор ёмғир ёғишига сабаб бўлади.

11.       Истиғфор мол-дунёга барака киритади.

12.       Истиғфор айтувчи инсон фарзанд неъмати билан сийланади.

13.       Деҳқончилик, чорвачиликдаги унумдорлик ҳам истиғфор айтиш билан узвий боғлиқ.

14.       Истиғфор айтувчи жаҳаннамдан нажот топади.

15.       Истиғфор банданинг жаннатга киришига сабаб бўлади.

16.       Истиғфор Аллоҳ таолонинг раҳмати тушишига сабаб бўлади.

17.       Истиғфор танани бақувват қилади.

18.       Истиғфор айтувчи одамнинг ҳаёти фаровон бўлади.

19.       Истиғфор айтувчига яхшиликлар кўпайтирилиб берилади.

20.       Истиғфор инсон кўнглини хотиржам қилади.

21.       Истиғфор бошга тушган балоларни даф этади.

22.       Истиғфор бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради.

23.       Истиғфор айтувчи одам Аллоҳ таолонинг раҳмат-марҳаматига сазовор бўлади.

24.       Истиғфор банда ҳолатини ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлади.

25.       Истиғфор ғийбатга каффорат бўлади.

26.       Истиғфор шайтон васвасасини қайтаради.

27.       Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандани яхши кўради.

28.       Истиғфор айтиш Аллоҳ таолони хурсанд қилади.

29.       Истиғфор ғам-ташвишларни кетказади.

30.       Истиғфор айтувчи муаммоларидан қутулади.

31.       Истиғфор айтувчи одам гуноҳлардан фориғ бўлади.

32.       Истиғфор айтувчи муваффақият қозонади.

33.       Истиғфор ташвишларни аритади.

34.       Кўп истиғфор айтувчи одам касалликдан тўлиқ тузалиб кетади.

35.       Истиғфор айтувчи одам қийинчиликдан фаровонликка чиқади.

36.       Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг мушкулларини осон қилади.

37.       Етиб бўлмас марраларни истиғфор ила забт этади.

38.       Истиғфор ила дилдаги васвасалар йўқолади.

39.       Истиғфор билан қўрқувлар арийди.

40.       Истиғфор билан дилга қувонч киради.

41.       Истиғфор қалбга таскин беради.

42.       Истиғфор кўнгилни хотиржам қилади.

43.       Истиғфор тинчлик-хотиржамлик олиб келади.

44.       Истиғфор инсонни соғлом қилади.

45.       Истиғфор касалликларни аритади.

46.       Истиғфор айтувчи одам ёруғ кунларга эришади.

47.       Истиғфор билан инсон орзусига етади.

48.       Истиғфор айтувчининг дили яйрайди, кўнгли ёзилади.

49.       Истиғфор хурсандчилик олиб келади.

50.       Истиғфор қалбни чароғон, руҳни тетик қилади.

51.       Истиғфор айтувчининг хотираси кучаяди.

52.       Истиғфор юзни нурли қилади.

53.       Истиғфор ризқ келишини осонлаштиради.

54.       Истиғфор айтувчининг дуоси қабул бўлади.

55.       Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг оғирини енгил қилади.

56.       Кўп истиғфор айтган одам Қиёмат куни номаи аъмолини кўриб хурсанд бўлади.

57.    Оламдан ўтиб кетган ота-оналар фарзандлари айтган истиғфорлари туфайли жаннатда энг юқори мартабаларга кўтарилишади.

58.       Истиғфор одамни тушкунликдан халос этади.

59.       Истиғфор ҳасрат-надоматни, пушаймонни кетказади.

60.       Истиғфор қалбни тиниқлаштиради.

61.       Истиғфор айтиб юрувчи одамга Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатади.

62.       Истиғфор айтиб юрувчи одамнинг Аллоҳ таоло мусибатларини кўтаради.

63.  Истиғфор айтиб юрган банданинг Аллоҳ таоло ҳар қандай қийинчиликларини енгиллаштиради.

64.       Истиғфор айтиб юрувчи инсон қашшоқликка йўлиқмайди.

65.       Истиғфор айтувчининг ишлари юришади.

66.       Истиғфор эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликни даф этади.

67.       Истиғфор фарзандларни итоатли қилади.

68.       Аллоҳ таоло истиғфор айтиб юрган одамга кутмаган тарафидан неъмат, ризқ жўнатади.

69.       Истиғфор айтувчи одамнинг ризқи улуғ бўлади.

70.       Истиғфор айтувчи одамнинг касб-корига Аллоҳ таоло хайр-барака беради.

71.       Ким мўминлар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин муқобилида биттадан ҳасанот ёзиб қўяди.

72.       Истиғфор айтилган хонадонга илоҳий файзу хайр-барака киради.

 

Меҳрибон Парвардигоримиз

ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

 

Ибратли ҳикоялар