Пешин намози тўрт ракат суннат, тўрт ракат фарз ва икки ракат суннатдир. Пешин намозининг вақти қуёш оғганидан бошлаб ҳар бир нарсанинг сояси (қуёш тик келгандаги узунлигидан ташқари), икки баробар бўлгунгачадир.
Тўрт ракат суннат қуйидагича ўқилади:
Ният қилинади, ифтитоҳ такбири айтилади, сано ўқилади, сўнг “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ” айтилиб, Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқилади. Сўнг руку ва икки марта сажда қилинади ва иккинчи ракатга туриб, “Бисмиллаҳ” айтилиб, Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқилади. Сўнг руку ва икки марта сажда қилинади, сўнг чўкка ўтириб Ташаҳҳуд ўқилади. Сўнг учинчи ракатга туриб, “Бисмиллаҳ” айтиб, Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқилади, сўнг руку ва икки марта сажда қилинади ва тўртинчи ракатга турилади. Ва “Бисмиллаҳ” айтилиб, Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқилади ва руку ҳамда икки марта сажда қилинади. Сўнг чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқилади. Ва икки елкага қараб салом берилиб, намоз тугатилади.
Пешин намозининг фарзи ҳам айни шу тартибда ўқилади. Унга бундай ният қилинади: «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қилиб шу вақт пешин намозининг фарзини холис Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим». Пешиннинг фарз намози учинчи ва тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасидан кейин бошқа сура ўқилмайди.
Пешин намозининг икки ракат суннати бомдод намозининг суннати каби ўқилади ва дуо қилинади.
АСР НАМОЗИ
Аср намози тўрт ракат фарздан иборат. Аср намозининг фарзи ӽам пешин намозининг фарзи каби ўқилади. Ниятда «...шу вақт аср намозининг фарзини...» дейилади.
ШОМ НАМОЗИ
Шом намози уч ракат фарз ва икки ракат суннатдир. Шомнинг уч ракат фарзи бундай ўқилади:
Ният. Ниятда «...шу вақт шом намозининг фарзини...» дейилади.
Ифтитоҳ такбири.
Сано.
Фотиҳа, яна бир сура ўқилади, сўнг
Руку, икки марта сажда қилинади, сўнг туриб, Фотиҳа ва яна бир сура ўқилади ва руку, икки марта сажда қилинади ва чўкка ўтириб, ташаҳҳуд ўқилади ва туриб, фақат Фотиҳа ўқилади ва руку, икки марта сажда қилинади ва чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқилади. Ва икки елкага қараб салом берилади ва дуо қилинади.
Шом намозининг икки ракат суннати бомдод намозининг икки ракат суннати каби ўқилади.
ХУФТОН НАМОЗИ
Хуфтон намози тўрт ракат фарз, икки ракат суннатдир.
Хуфтон намозининг тўрт ракат фарзи пешин намозининг тўрт ракат фарзи каби ўқилиб, фақат ният фарқли бўлади. ...Шу вақт хуфтон намозининг фарзини... дейилади. Хуфтоннинг икки ракат суннати ҳам бомдод ва шом намозларининг икки ракат суннатлари каби ўқилади.
ВИТР НАМОЗИ
Витр намози уч ракат вожибдир. Витр вожиб бирор сабаб билан вақтида ўқилмаса, қазоси ўқилади. Витр намози хуфтон намозидан кейин ўқилади.
Витр намози бу тартибда адо этилади:
Ният. Ниятда ... шу вақт витр вожиб намозини ... дейилади.
Ифтитоҳ такбири.
Сано ўқилиб “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ” айтилгач
Фотиҳа ва яна бир сура ўқилади.
Руку.
Ва икки марта сажда қилинади ва
Иккинчи ракатга туриб, “Бисмиллаҳ” айтилиб, Фотиҳа ва яна бир сура ўқилади.
Руку.
Ва икки марта сажда қилинади.
Сўнг чўкка ўтириб, ташаҳҳуд ўқилади.
Учинчи ракатга туриб “Бисмиллаҳ” айтилиб, Фотиҳа ва яна бир сура ўқилади ва
«Аллоҳу акбар», деб қўллар қулоқ тўғрисигача кўтарилади. Сўнг
Қўл яна қовуштирилиб, киндик остида тутилади ва Қунут дуоси ўқилади.
ҚУНУТ ДУОСИ
Аллоҳумма инна настаъинука ва настағфирук. Вануъмину бика ва натаваккалу ъалайка ва нусний ъалайкал хойр. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку май-яфжурук. Аллоҳумма иййака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду наржу роҳматак(а). Ва нахша ъазабака инна ъазабака бил куффари мулҳиқ.
Маъноси: Ё Аллоҳ! Биз Сендан ёрдам сўраймиз, гуноҳларимизни афв этишингни тилаймиз. Сенга имон келтирамиз ва Сенга таваккул қиламиз. Ва Сенга ҳамд айтамиз. Бизларга берган неъматларингга шукр қиламиз ва ношукрлик қилмаймиз. Сенга итоат қилмайдиганлардан ажраламиз, улардан узоқлашамиз.
Ё Аллоҳ! Биз фақат Сенга қуллик қиламиз, Сен учун намоз ўқиймиз. Сенга сажда қиламиз. Сенинг розилигингга интиламиз ва талпинамиз. Раҳматингдан умид қиламиз, азобингдан қўрқамиз. Ҳеч шубҳа йўқки, Сенинг азобинг кофирларга бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Динимизда баъзи амаллар борки, уларга ҳажнинг савоби берилади. Албатта, ҳеч бир амал ҳаж ибодатининг ўрнини боса олмайди. Лекин Аллоҳнинг раҳмати ва фазли кенг. Ўзининг розилигини топиш имконият ва йўлларини бандаларига осон қилиб қўйган.
1. Масжидга таҳорат олган ҳолда бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким фарз намозни ўқиш учун таҳорат олган (пок) ҳолда (масжидга) чиқса, унинг ажри эҳромдаги ҳожининг савобига тенгдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Зуҳо намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Ота-онанинг юзига қараш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига раҳмат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар. “Кунда минг марта боқса ҳам шундайми?” деб сўрадилар. “Кунда юз минг марта боқса ҳам”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Илмга интилиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади” (Имом Табароний ривояти).
5. Яхши ният қилиш.
Узун ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “....Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади...” (Имом Термизий ривояти).
6. Ота-онанинг розилигини топиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодда иштирок этишни истайман, лекин бунга ҳеч қодир бўла олмаяпман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.
У: “Онам ҳаёт”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борасида Аллоҳдан қўрқ (яъни унга яхшилик қил). Шундай қилсанг ҳаж, умра ва жиҳод қилувчи бўласан...” (Имом Байҳақий ривояти).
7. Шом намозини жамоат билан адо этиш.
Уқба ибн Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шом намозини жамоат билан ўқиш ҳажга, бомдодни ўқиш эса умра намозига тенгдир”.
8. Қурбон ҳайити намозини адо этиш.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. Саҳоба Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ҳайити намозига қатнашнинг ажри (савоби) умранинг ажри билан баробардир. Қурбон ҳайити намозига бориш эса ҳаж савобига тенгдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД