Жорий йилнинг 24-ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовлар Андижон вилоятига ташриф буюриб, вилоятда фаолият кўрсатаётган барча имом – хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби лавозимига Андижон вилоятидаги "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мудири Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбековични Андижон вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинлангани эълон қилинди.
Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбекович 1973 йил Андижон вилояти Жалақудуқ туманида, зиёли оилада таваллуд топган. 1996 йилда “Имом Буҳорий” Тошкент ислом институти тамомлаган.
Иш фаолияти давомида Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбекович Жалақудуқ туманидаги “Сўфи қишлоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби, туман бош имом-хатиби, Андижон вилоят бош имом-хатиби ўринбосари ҳамда "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мудири вазифаларида меҳнат қилган.
Мирзамақсуд домла Алимовга ушбу шарафли вазифада, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси