15 ноябрь куни Саудия Арабистонига умра амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Мадинаи мунавварадаги “Зам-зам пулман” меҳмонхонасида катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди. Катта орзулар, яхши тилаклар ва чин ихлослар оғушида келган зиёратчиларни ишчи гуруҳи аъзолари кутиб олдилар.
Зиёратчиларимизга меҳмонхонада таомлар тортилди ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, икром қилинди. “Ҳаж – 2019” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати мутасаддилари юртдошларимизга табассум ила пешвоз чиқдилар.
Бундай шароитлар ва илтифотлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатларини янада оширади ва ихлосларини зиёда айлайди, иншо Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати