«Ваҳий» сўзининг луғавий маъноси.
«Ваҳий» сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам ишлатилади:
Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:
وَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰٓ أُمِّ مُوسَىٰٓ أَنۡ أَرۡضِعِيهِۖ فَإِذَا خِفۡتِ عَلَيۡهِ فَأَلۡقِيهِ فِي ٱلۡيَمِّ وَلَا تَخَافِي وَلَا تَحۡزَنِيٓۖ إِنَّا رَآدُّوهُ إِلَيۡكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ ٱلۡمُرۡسَلِينَ
«Ва Мусонинг онасига «Уни эмизавер. Бас, қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, албатта, Биз уни сенга қайтарувчимиз ва уни расуллардан қилувчимиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).
Уламоларимиз ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг оналари пайғамбар бўлмаган, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Зотан, араб тилида, жумладан, Қуръони Каримда ҳам «ваҳий» сўзи пайғамбарларга келган махсус хабардан бошқа маъноларда ҳам ишлатилиши маълум ва машҳур.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай дейди:
وَأَوۡحَىٰ رَبُّكَ إِلَى ٱلنَّحۡلِ أَنِ ٱتَّخِذِي مِنَ ٱلۡجِبَالِ بُيُوتٗا وَمِنَ ٱلشَّجَرِ وَمِمَّا يَعۡرِشُونَ * ثُمَّ كُلِي مِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ فَٱسۡلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلٗاۚ يَخۡرُجُ مِنۢ بُطُونِهَا شَرَابٞ مُّخۡتَلِفٌ أَلۡوَٰنُهُۥ فِيهِ شِفَآءٞ لِّلنَّاسِۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَةٗ لِّقَوۡمٖ يَتَفَكَّرُونَ
«Роббинг асаларига ваҳий юборди: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббингнинг осон қилиб қўйган йўлларидан юргин» (68-69-оятлар).
Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига «ваҳий қилиши» унга илҳом бериши ҳисобланади. Аллоҳ таоло асаларини яратганда, унга бир ҳис-туйғу ҳамда илҳомни қўшиб бергани учун, у кўпгина ақлли инсонлар қила олмайдиган аниқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради. Жумладан, тоғлардан, дарахтлардан ва одамлар кўтариб қўйган ишком каби нарсалардан ўзига уй тутади. Ана шу илҳом – инстинкт араб тилида «ваҳий» деб юритилиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:
فَخَرَجَ عَلَىٰ قَوۡمِهِۦ مِنَ ٱلۡمِحۡرَابِ فَأَوۡحَىٰٓ إِلَيۡهِمۡ أَن سَبِّحُواْ بُكۡرَةٗ وَعَشِيّٗا
«Бас, меҳробдан ўз қавми хузурига чиқди ва уларга: «Эртаю кеч тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилди» (11-оят).
Соғлом ҳолида тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбеҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлганлар. Меҳробдан чиқиб, қавмларига: «Эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилганлар. Ўша ишора қилишлари ушбу оятда «ваҳий қилди» деган ибора билан ифодаланган.
Қуръони Карим шайтоннинг васвасаларини ва инсонларга ёмонликни чиройли кўрсатишини ҳам «ваҳий» сўзи билан ифода қилган.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай деб марҳамат қилади:
وَكَذَٰلِكَ جَعَلۡنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوّٗا شَيَٰطِينَ ٱلۡإِنسِ وَٱلۡجِنِّ يُوحِي بَعۡضُهُمۡ إِلَىٰ بَعۡضٖ زُخۡرُفَ ٱلۡقَوۡلِ غُرُورٗاۚ وَلَوۡ شَآءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُۖ فَذَرۡهُمۡ وَمَا يَفۡتَرُونَ
«Ана шундай қилиб, ҳар бир набийга инсу жин шайтонларни душман қилиб қўйдик. Баъзилари баъзиларига алдаш учун жимжимадор гапларни «ваҳий» қилурлар» (112-оят).
Ушбу оятда шайтонларнинг васваса қилишлари «жимжимадор гапларни «ваҳий» қилиш» деб айтилмоқца.
Яна Анъом сурасининг 121-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَلَا تَأۡكُلُواْ مِمَّا لَمۡ يُذۡكَرِ ٱسۡمُ ٱللَّهِ عَلَيۡهِ وَإِنَّهُۥ لَفِسۡقٞۗ وَإِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ لَيُوحُونَ إِلَىٰٓ أَوۡلِيَآئِهِمۡ لِيُجَٰدِلُوكُمۡۖ وَإِنۡ أَطَعۡتُمُوهُمۡ إِنَّكُمۡ لَمُشۡرِكُونَ
«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».
Шайтонларнинг васвасалари тезкорлик ва махфийлик билан бажарилгани учун ҳам ушбу оятда бу ишга «ваҳий» сўзи ишлатилган. Биз уни «васваса» деб таржима қилдик.
Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:
إِذۡ يُوحِي رَبُّكَ إِلَى ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ أَنِّي مَعَكُمۡ فَثَبِّتُواْ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْۚ سَأُلۡقِي فِي قُلُوبِ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلرُّعۡبَ فَٱضۡرِبُواْ فَوۡقَ ٱلۡأَعۡنَاقِ وَٱضۡرِبُواْ مِنۡهُمۡ كُلَّ بَنَانٖ
«Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг, тезда куфр келтирганларнинг қалбларига қўрқинч соламан. Бас, бўйинлар устидан зарба беринглар ва ҳамма бармоқларига зарба беринглар», деб ваҳий қилган эди» (12-оят).
Аллоҳ таоло фаришталарга ушбу оятда келган амрларини тез ва махфий хабар орқали Ўзи билдирган эди. Шу боис бу амр «ваҳий» деб айтилган.
Ваҳийнинг истилоҳий маъноси.
Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар:
«Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир».
Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз анбиёларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориши ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис, унга «ваҳий» сўзи танланган.
Аллоҳ таолонинг мазкур ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини набийларига тезлик билан ва бошқалардан махфий равишда юбориши ҳам бир неча услуб билан бўлган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган.
Аллоҳ таоло Шуро сурасида бундай деб марҳамат қилади:
وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ ٱللَّهُ إِلَّا وَحۡيًا أَوۡ مِن وَرَآيِٕ حِجَابٍ أَوۡ يُرۡسِلَ رَسُولٗا فَيُوحِيَ بِإِذۡنِهِۦ مَا يَشَآءُۚ إِنَّهُۥ عَلِيٌّ حَكِيمٞ
«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий билан, ёки парда ортидан, ёхуд элчи юборади ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У Олийдир, ўта ҳикматлидир» (51-оят).
Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан юзма-юз гаплашиш муяссар бўлмаган. Чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Аллоҳ таоло инсон билан ушбу уч услубнинг бири билангина сўзлашади:
Ваҳий, аввал таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини дарҳол билади.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзи кўринмай туриб гапиргани каби.
Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб, фариштани юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ билан инсон орасидаги суҳбат бевосита ёки билвосита бўлади. Бевосита бўлганида, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг қалбига Ўзи ирода қилган маънони ваҳий қилади. Бу ё уйқудаги солиҳ туш, ё уйғоқликда пайғамбарнинг қалбига тушган илҳом, ёки оятда айтилганидек, «парда ортидан» хитоб бўлади, яъни пайғамбар каломни эшитади, аммо калом эгасини кўрмайди. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий бўлади. Билвосита бўлганида, Аллоҳ таоло билан пайғамбари ўртасида фаришта воситачилик қилади. Воситанинг бир тарафида Аллоҳ таоло турса, иккинчи тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган пайғамбар туради. Яъни ўша воситали гаплашиш ҳам ҳар кимга муяссар бўлмайди.
Қуръони Карим фақат уйғоқликда, фаришта воситасида нозил бўлган.
ВАҲИЙНИНГ ТУРЛАРИ
Бошқа набийларга келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ваҳий келган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиш ҳоллари қуйидаги шаклларда бўлган.
عَنْ عائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَاْ قالَتْ: أوَّلُ ما بُدِئَ به رَسولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ مِنَ الوَحْيِ الرُّؤْيا الصَّالِحَةُ في النَّوْمِ، فَكانَ لا يَرَى رُؤْيا إلَّا جاءَتْ مِثْلَ فَلَقِ الصُّبْحِ ...رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди...»
Бухорий ривоят қилган.
Бу хилдаги ваҳий ушбу сўзнинг луғатдаги маъносининг юзага чиқиши десак, хато қилмаган бўламиз. Ҳақ туш шаклидаги ваҳий яхши нарсага ишора бўлади.
Динимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларидан ҳукм олинмаган, Қуръони Каримнинг бирорта ояти туш орқали нозил бўлмаган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Руҳул-амин менинг қалбимга солдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво этинг ва талабни гўзал қилинг. Ризқнинг кеч қолиши сизларни уни Аллоҳнинг маъсияти ила талаб қилишга олиб бормасин. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага У Зотнинг тоати билангина эришилади».
Ибн Абу Шайба ҳамда Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифдан фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг ўзлари кўринмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига бир неча маъноларни ваҳий қилгани тушунилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида гавдаланиб сўзлайди, мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Қуръони Карим асосан ушбу ривоятда айтилган қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келадиган ваҳий орқали нозил бўлган.
Баъзан фаришта Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эркак киши шаклида кўриниб гаплашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларини ўзларига сингдириб олганларидан кейин, қайтиб кетар эди. Фариштанинг Диҳя Калбий исмли киши қиёфасида келгани ҳақидаги ривоятлар кўп.
Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг асл яратилган суратида кўринган. Бу ҳолат икки марта рўй берган. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан осмону фалакни тўсган ҳолларида кўриниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийни етказганлар.
Биринчиси Ислом даъватининг илк босқичида рўй берган эди. Ҳиро ғорида Жаброил фаришта Муҳаммад алайҳиссаломга «Иқроъ» сурасининг аввалини етказганларидан сўнг, орада ваҳий узилиб қолди.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом Абтаҳ деган ерда кетаётганларида, Жаброил алайҳиссалом у зотга Аллоҳ яратган асл суратларида кўриндилар, олти юзта қанотла-рини ёйиб, вужудлари билан уфқни тўсиб турган ҳолда на-моён бўлдилар. Сўнгра яқинлашиб, Аллоҳ юборган ваҳий- ни етказдилар. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом ўзларига ваҳий келтираётган фариштанинг қанчалар улуғлиги, олий қадарлиги, буюклигини ва унинг Аллоҳнинг ҳузуридаги мақомини тўла тушуниб етдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитган:
«Сўнг мендан ваҳий узилиб қолди. Мен юриб кетаётган эдим, тўсатдан осмондан бир овоз эшитиб қолдим. Нигоҳимни кўтариб қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан ер ўртасида, курси устида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб: «Мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатқич азобдан четлан!»ни нозил қилди».
Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни асл суратида иккинчи марта кўришлари меърож кечаси бўлган. Аллоҳ таоло Нажм сурасида шундай дейди: «Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди... Сидротул-мунтаҳа (Тугаш дарахти) олдида» (13-14-оятлар).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган меърож ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шунда Аллоҳ менга ваҳий қиладиганини ваҳий қилдм, бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди», деганлар.
ВАҲИЙНИНГ ДАРАЖАЛАРИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг бир неча турлари борлигини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зудлик билан юборган, бошқалардан махфий тутилган хабаридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийларнинг барчаси ҳам Қуръони Карим бўла олмаслигини яхши англашимиз керак. Бу борадаги шаръий матнларни яхшилаб ўрганиб чиқсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолодан келган ваҳийларнинг даражаси уч хил экани маълум бўлади:
Ушбу турлардан биринчиси – «ҳадиси набавий» одатда шунчаки «ҳадис» деб юритилади.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон;
Қуръони Каримнинг таърифи;
Қуръоннинг исмлари;
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли