Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб бораётганларида ҳамроҳлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорига беркинишди. Кофирлар уларнинг изларидан қидириб, ғор оғзигача етиб келишди. Изқувар “Оёқ излари шу ерга келганда тугаган”, яъни ғор оғзига келганда тўхтаган деди.
Ичкарида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Агар улардан бири оёқлари турган ерга қараса, бизни кўриб қолади” деб хавотир олганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига “Эй Абу Бакр, учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида гумонингиз қандай?” дедилар. (Имом Бухорий, Имом Муслим, Аҳмад, Ибн Абу Шайба, Ибн Абу Осим, Табарий ривоятлари)
Аллоҳ таоло ғордаги ушбу ҳодиса ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
“Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 40-оят).
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг эътиборларини Аллоҳ улар билан бирга эканига, уларни У Зотнинг инояти ўраб турганига, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига кўринмайдиган Зотлиги, шу боис ким Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлса, уни ҳеч ким кўра олмаслигига, шу сабабли мушриклар, кофирлар ғор ичига ҳар қанча назар солмасинлар, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаргиз кўра олмасликларига қаратмоқчи бўлдилар.
Кофирларни ғорга киришдан ўргимчак уяси ёки кабутар тухуми тўсгани йўқ, балки Аллоҳнинг Ўзи тўсди. Агар мушриклар “Муҳаммад бу ғорга беркиниши ақлга тўғри келмайди” деган тақдирда ҳам, ғорда ҳеч ким йўқлигига кўнгиллари хотиржам бўлиши учун у ерга кириб кўришган бўларди. Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўйлар ва ақллар устидан Ўзи ҳокимлик қилиб, Ўзи идора қилувчидир. Шу боис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ғор оғзигача излаб келган мушрикларнинг хаёлларига ғорга кириб чиқиш фикрини келтирмади. Мабодо улар ғор ичига кирган тақдирда ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг Расули ва Расулининг ҳамроҳи Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга бўлгани учун мушриклар барибир кўра олишмаган бўларди!
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳобалар ва солиҳлар қиссаси” китоби асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Буюк саҳобий Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Биз ҳижратда эдик. Мен жуда чанқаб турган эдим. Озгина сут олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, ичиб олинг”, дедим. Расулуллоҳ ичдилар-у, менинг чанқоғим қонди”.
Бу гаплар айнан ҳақиқат. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чин дилдан шундай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари қонди. Бу муҳаббатнинг гўзаллигини ҳис қила оляпсизми? Бу ўзгача, хос бир муҳаббатдир...
Савбон розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Пайғамбар алайҳиссалом дастёрлари Савбон розияллоҳу анҳунинг олдида кун давомида бўлмадилар. Набий алайҳиссалом қайтиб келганларида Савбон розияллоҳу анҳу у зотга қараб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ёлғиз ташлаб кетдингиз”, деди-да, йиғлаб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунга йиғлаяпсанми?” – дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, Расулуллоҳ! Лекин жаннатда сизнинг ва ўзимнинг мартабамни ёдга олиб қўрқиб кетдим. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти эсимга тушди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир»[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлавер! Сен ҳам ўзинг муҳаббат қўйганлар билан биргасан”, дедилар.
Савод ибн Ғозийянинг муҳаббати
Савод ибн Ғозийя Уҳуд ғазоти кунида қўшиннинг марказида турарди. Набий алайҳиссалом қўшинга қарата: “Сафларни ростланглар, тўғри туринглар!” – дедилар. Қараб борар эканлар Набий алайҳиссалом Савод розияллоҳу анҳунинг тўғри турмаганини кўриб: “Ростлангин, эй Савод!” – дедилар. Саҳобий: “Хўп”, деди-ю, бироқ тўғирланмасдан тураверди. Пайғамбар алайҳиссалом у томонга яқинлашиб, қўлларидаги мисвоклари билан саҳобийнинг биқинига ниқтаб: “Савод, тўғри тургин!” – дедилар. Савод: “Оғриттингиз, Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни ҳақ ила юборган бўлса, энди мен сиздан ўч олишим учун имкон беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоринларини очиб: “Қасосингни олвол, Савод”, дедилар. Савод розияллоҳу анҳу эгилиб қоринларини ўпа бошлади ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик кунидир, шунинг учун ҳам охирги онларимда танам сизнинг муборак танангизга тегиб қолишини хоҳладим”, деди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Минбар ясалмасидан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир муддат ўтиб, минбар жойлаштирилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Шунда ўша хурмо танасидан (ёш боладай) ўксик овоз чиқди. Уни, ҳатто биз ҳам эшитдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, унга қўлларини теккиздилар. Зум ўтмай у тинчиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Нисо сураси, 69-оят.