“Табаррук” арабча сўз бўлиб, луғатда “баракани талаб қилиш”; шаръий истилоҳда эса, “Аллоҳ таолодан бир нарса сабабли яхшиликни исташ”ни билдиради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган муборак нарсалар (кийим, таом, шароб, идиш, соч-соқол, намоз ўқиган жойлари ва ҳоказо)ни табаррук қилишга уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Саҳобаи киромлар шундай қилганликлари ҳақида бир қанча ҳадиси шариф ва сийрат китобларида кўплаб маълумотлар баён қилинган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Таҳорат сувларининг табаррук қилиниши. Расулуллоҳнинг муборак баданларига теккан нарсани табаррук қилишга ўта ҳарис бўлган саҳобаи киромлар У Зот саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини талашишарди. Етмай қолганлар сувдан насибадор бўлган саҳобалар қўлидаги намликни табаррук қилишган. Тарихдан маълумки, Макка мушриклари элчиси Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муносабатларини, У Зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва қавмига қайтиб боргач шундай деди:“(Эй қавмим), қасамки, мен кўп подшоҳлар, жумладан, Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳнинг аёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Уни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмаганман. Қасамки, агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. Таҳорат қилса, таҳоратига сув беришга (ёки таҳоратидан ортган сувни) талашиб, уришиб кетгудек бўладилар. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди” (Шу мазмундаги ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилган).
“Авнул маъбуд” номли китобда бундай дейилади: “Бузоа қудуғи атрофида яшайдиганлардан бирортаси хасталанса, қудуқ суви билан ювингин, унга Расулуллоҳнинг таҳорат сувлари тушган, дейиларди. Бемор ювингандан сўнг гўё кишандан халос бўлгандек ўзини енгил ҳис қиларди”.
Мўйи муборакларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мўйларидан бир тола бўлса ҳам олиш ғамида эдилар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини сартарош олаётганини кўрганман. Асҳоблари атрофларида айланиб туришарди. Бирор сочлари ергача етмас, албатта, бир саҳобий қўлига тушарди” (Имом Муслим ривоятлари).
“Саҳиҳи Бухорий” китобида қуйидаги ривоят келган: “Умму Салама разияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларидан бир нечтасини идишда сақлар эдилар. Саҳобаи киромлардан қайсилари бемор бўлсалар, бир идишга сув тўлдириб онамизнинг ҳузурига келарди. Шунда онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларини сувга ботириб берар эдилар. Бу табаррук сувни ичган саҳобий Аллоҳнинг қудрати билан шифо топарди”.
Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ярмук урушида бош кийимларини йўқотиб қўйдилар. Топилгандан кейин: “Буни яхши кўришим сабаби шуки, Расулуллоҳ умра қилиб бўлиб сочларини олдирдилар. Саҳобалар мўйи муборакдан насибадор бўлиш учун шошишди. Мен ҳаммадан ўзиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешона сочларига эришдим ва уни шу бош кийимим ичига қўйдим. У билан қайси жангга кирган бўлсам, мўйи муборак баракотидан Аллоҳ таоло менга ғалабани насиб қилган”, деб айтди.
Таомларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган таомни ейишда бир-бирлари билан мусобақалашарди. Бунга қуйидаги ривоят мисол: “Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳга ичимлик олиб келинди. Ундан ичдилар. Ўнг тарафларида ёш йигит Ибн Аббос, чап тарафларида эса катта ёшли саҳобалар ўтиришганди. Расулуллоҳ Ибн Аббосдан чап тарафдаги катта ёшли саҳобаларга ўзларидан қолган сувни биринчи узатишни сўрадилар. Ибн Аббос эса: “Ё Расулуллоҳ, сиздан менга келадиган насибани ҳеч кимга бера олмайман”, деб узр айтди. Шундан кейин Пайғамбаримиз сувни Ибн Аббосга узатдилар”.
Мазкур мавзуда сўз кетар экан, Пайғамбаримиз Мадинага янги борганларида Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу уйида меҳмон бўлганлари ёдга тушади. У Зотни йўқлаб ҳар тарафдан Абу Айюбникига таом келар, хонадон соҳиблари ҳам овқат тайёрлашарди. Пайғамбаримиз ҳузурларидан қайтиб чиққан егуликнинг муборак бармоқлари теккан жойидан Абу Айюб ва хотини табаррукона ейишарди. Уламоларимиз шу ривоятни далил келтириб, улуғ устозлардан қолган таомни табаррук қилиб ейиш жоиз эканлигини айтадилар.
Муборак либосларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз либосларига эришиш ва уни уйда сақлашга ўта ҳарис эдилар. Муборак либосни табаррукона кийишар, у ювилган сув эса беморларга Худонинг қудрати ила шифо бўлганини кўп кўришганди. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Асмо исмли қизлари уйидан яшил чопон чиқариб: “Бу муборак либосни Расулуллоҳ киярдилар. Биз уни ювиб, сувини беморларга берамиз. Муборак чопон баракотидан Аллоҳ таоло уларга шифо ато этади”, дегани ривоят қилинган.
Муовия разияллоҳу анҳу айтадилар: “Менда Расулуллоҳнинг муборак кўйлаклари бор. Агар вафот этсам, уни менга кийгизиб қўйинг. Шояд Аллоҳ таоло унинг баракотидан менга раҳм қилса”.
Қўллари теккан муборак нарсаларни табаррук қилиниши. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳар хил касалликка чалинган беморлар келса, муборак қўллари билан оғриқ бор ёки шишган жойни силардилар. Хасталар Аллоҳ таоло қудрати ила бироздан кейин ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб қайтишарди.
Собит разияллоҳу анҳу ҳазрати Анас ибн Молик ҳузурига келиб, қўл, кўзларини ўпиб: “Бу қўллар Расулуллоҳни ушлаган, бу кўзлар эса У Зотни кўрган”, дер эди.
Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз намоз ўқиган жойда намоз ўқишга ҳам ўта ҳарис эди. Ҳатто уйларига таклиф қилиб, бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, биз шу жойни намозгоҳ қилиб оламиз, дейишарди.
Утбон ибн Молик разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, кўзим хиралашиб қолди. Масжидга борадиган йўлимга ёмғир ёққан пайтда сел келади. Шу сабабли баъзида жамоатга кела олмаяпман. Қани эди, уйимга бориб бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, мен ўша ерни зарурат бўлган пайтда ўзимга намозгоҳ қилиб олардим”, деди. Пайғамбаримиз рози бўлдилар. Эртасига эрталаб ҳазрат Абу Бакр билан бирга бордилар. Утбон ибн Моликдан: “Уйингизни қаерида намоз ўқишни яхши кўрасиз?” деб сўрадилар. Уй эгаси ўзига ёқадиган жойни кўрсатди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатилган ерда намоз ўқидилар ва ҳазрат Утбон бу табаррук жойни намозгоҳ қилиб олдилар.
Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мен сизларга фарзандингиз, аҳли-аёлингиз, молларингиз ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайсиз”, деган маънодаги ҳадисларига оғишмай амал қилишган. Биз ҳам улардан ўрнак олиб, У Зотга бўлган муҳаббатларимизни янада ошириб, суннатларини бажаришга ҳаракат қилишимиз ва унутилаётган суннатларини эса тирилтирайлик. Шояд Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига эришсак.
Шунингдек, бу улуғ ойни ғанимат билиб, ота-оналар фарзандлари билан Пайғамбаримиз тарихларига оид бўлган китобхонликларни ташкил қилсалар айни муддао ва муҳаббатнинг бир нишонаси бўлади. Беадад шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунда китоб дўконларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихларига доир, ўзбек тилида етарлича адабиётлар мавжуд. Фақат ундан фойдаланишимиз керак, холос.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ
ЎМИ Фатво бўлими ходими,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.