Икки олам сарвари – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини саодатманд бўлишга ундаб, гуноҳ ва маъсиятга бошловчи ишлардан узоқ бўлишга чақирганлар. Шунингдек, мусулмонларни Аллоҳ таоло буюрган амалларни чин ихлос, иймон-эътиқод билан адо этиб боришга чақириб: “Кимки ўзи билан Аллоҳ таоло ўртасидаги муносабатларни яхши қилиб борса, Аллоҳ таоло у билан одамлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаб қўяди. Кимки ички кўринишини ислоҳ қилиб юрса, Аллоҳ таоло унинг ташқи кўринишини ислоҳ этиб қўяди”, деганлар.
Ислом дини инсон тарбиясига ва уни комиллик сари интилишига катта аҳамият беради. Инсонларни комилликдан тўсадиган амаллардан бири бу ёлғон сўзлашликдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Ўзингизга тўғри сўзликни лозим тутинг, чунки тўғри сўзлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга олиб боради. Инсон тўғри сўзликка одатланса, Аллоҳнинг наздида сиддиқлар (доимо тўғри сўзловчилар) қаторига ёзиб қўйилади. Ёлғон гапиришдан сақланинглар, чунки ёлғончилик инсонни ёмонликка бошлайди, ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Инсон ёлғон гапириб ёлғончиликка одатланса, у Аллоҳнинг наздида каззоблар (доимо ёлғон сўзловчилар) қаторига ёзиб қўйилади”, деганлар.
Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермай гапираверадилар. Ёлғон фақат ёлғон гапиргувчининг ўзигагина зарар келтиради холос, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, исломда арзимас деб ҳисобланган ёлғонга ҳам жиддий эътибор берилади ва унга қарши курашилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “мана буни ол деса-ю”, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар.
Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади. Ҳадисни ривоят қилгувчи Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?”, деб сўралди. У зот “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди. У зот “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?”, деб сўралди. У зот “Йўқ”, дедилар”.
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, қўрқоқлик ва бахиллик ҳам аслида салбий сифат бўлса ҳам, ёлғончиликнинг олдида арзимас бўлиб қолмоқда. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: “Бир одам келиб “Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?”, деб сўради. Расулуллоҳ: “Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради”, деб жавоб бердилар.
Ҳадиси Қуддисийда айтилганидек: “Эй Одам ўғли! Менга исён қилаётганингда, бирор гуноҳ қилмоқчи бўлганингда, Менинг гуноҳкорларга ғазаб қилишимни эслаб, ақл-ҳушингни йиғиб, гуноҳ қилишдан ўзингни ҳеч орқага тортдингми?”
Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик – мунофивликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: “Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда, берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди”.
Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онага яхшилик қилиш, умрни зиёда қилади. Ёлғон, ризқни қисқартиради. Дуо, қазони қайтаради”, деганлар.
Бугунги кунда инсонларда одатий холга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий холатлар аста секинлик билан ривожланиб келаётган жамиятимизга ҳунук оқибатларни олиб келишлиги мумкин. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз уйимизда, махалламизда, иш жойимизда ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини бир-биримизга эслатиб турмоғимиз керак.
А.Наимов,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби
Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради.
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб.
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди.
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси