ТАҲНИК ҚИЛИШ
«Таҳник» дегани бирор ширинликни (масалан, хурмо) чайнаб ёки эзиб, оз миқдорда бармоққа олиб боланинг оғзига суриб қўйиш, дегани. Бизда бунга «танглай кўтариш», дейилади. Бундан мурод, боланинг биринчи бўлиб тотадиган нарсаси ширинлик бўлсин ва она кўкрагига тезда ёпишсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яшаган жойда машҳур ширинлик ва қувват берувчи мева хурмо бўлгани учун таҳник асосан шу мева билан қилинган.
عن أبي موسى رضى الله عنه قال ولد لى غلام فأتيت به رسول الله صلى الله عليه و سلم فسماه إبراهيم وحنكه بتمرة ودعا له بالبركة ودفع إلي
Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Ўғлим туғилганида уни кўтариб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бордим. У зот унга «Иброҳим» деб исм қўйдилар, хурмо билан таҳник қилдилар. Барака тилаб дуо қилдилар ва менга узатдилар».
Ҳадисдан кўриниб турибдики, фарзандга исм қўйиш, таҳник қилиш, бола ҳақига яхшиликларни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш яхши амаллардан экан. Бу ишларни илмли, тақволи, фазилатли кишилар амалга ошириши, айниқса, муҳимдир.
ЧИРОЙЛИ ИСМ ҚЎЙИШ
Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.
عن أبي الدرداء قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إنكم تدعون يوم القيامة بأسماءكم وأسماء أباءكم فأحسنوا أسماءكم
Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Бас, (шундоқ экан) исмларингизни гўзаллаштиринг!»
Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Лекин кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзаҳда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилади:
عن ابن عمر أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إن أحب أسماءكم إلى الله عبدالله و عبد الرحمن
Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”», дедилар.
Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар инсон Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.
Бошқа бир ҳадисда бундай келган:
عن أبي وهب الجشمي قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم تسموا بأسماء الأنبياء, وأحب الأسماء إلى الله عبد الله و عبد الرحمن وأصدقها حارث وهمام وأقبحها حرب و مرة
Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”дир, энг садоқатлиси “Ҳорис” ва “Ҳаммам”дир, энг ёмони “Ҳарб” (уруш) ва “Мурра” (аччиқ)дир».
Ўғил болаларга пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абулқосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.
Шу ўринда Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида бўлиб ўтган ажойиб воқеани эсга олиб ўтиш фойдадан холи эмас.
Умар ибн Ҳаттоб ҳузурларига бир киши келиб, ўғлини оқ қилганини айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини чақиртириб, отаси оқ қилганини билдиргач, отасининг ҳақларига риоя қилмагани учун унга танбеҳ бердилар. Шунда у йигит: «Эй мўминлар амири, отанинг устида боланинг ҳақлари йўқми?» деди. «Бор», деб жавоб қилдилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу). «Улар қайсилар?» деди йигит. «Ота боласига яхши она топиши, чиройли исм қўйиши ва Қуръонни ўргатишидир», деди ҳазрат Умар. «Бўлмаса, отам ҳеч нарса қилгани йўқ эканда. Онам бир мажусий қўлида қора ишчи бўлиб ишлаяпти. Исмим Хунфусо (гўнг титадиган қўнғиз маъносини англатади). Қуръоннинг эса бирон ҳарфини билмайман, отам ўргатмади», деди йигит.
Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг отасига: «Олдимга келиб ўғлингни оқ қилмоқчи бўлдинг, ваҳоланки, у сени оқ қилиши керак экан-ку! У гуноҳ қилишидан олдин сен гуноҳ қилибсан», дедилар.
Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.
БОЛАНИНГ СОЧИНИ ОЛИШ
Бола туғилганидан кейин етти кун ўтгач, унинг сочи олиниб, ўлчанади, шу миқдорда фақирларга кумуш садақа қилиш суннат амал ҳисобланади. Бунинг икки ҳикмати бор. Биринчиси, боланинг соғлом ўсиши, куч-қувватга тўлиши, кўриш, ҳид билиш ва эшитиш каби сезги турлари мукаммал бўлиши учундир. Иккинчиси, ижтимоий ҳикмат бўлиб, жамиятда бола ўз ўрнини топиши, ижтимоий адолатнинг қарор топиши ва боланинг келажакда қўли очиқ бўлиши учундир.
Имом Молик «Муватто» асарида бундай деган: «Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳасан ва Ҳусайн, Умму Гулсум ва Зайнабларнинг сочларини олиб, ўлчаб, шу миқдорда кумуш садақа қилганлар».
Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасанга бир қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар ва Фотимага: “Унинг сочини ол ва шу миқдорда садақа қил”, дедилар. Унинг вазни бир дирҳам ёки бир неча дирҳам миқдорида эди».
Китобларда қиз боланинг сочини олдирмаслик кераклиги айтилган. Улуғларимиз қиз боланинг сочини ҳатто ёшлигида кесишдан ҳам қайтаришган.
АҚИҚА ҚИЛИШ
«Ақиқа» луғатда кесиш деган маънони англатади. У «аққа» сўзидан олинган бўлиб, шаръий истилоҳда чақалоқ туғилганининг еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи куни ёки кейинроқ фарзанд шукронаси ва жонининг гарови сифатида қўй сўйиб қилинадиган «ақиқа»ни англатади. Арабларда янги туғилган чақалоқнинг бошидаги соч «ақиқа» дейилгани учун унинг сочи ҳам олинади. Ақиқа эваз, гаров бўлиб, болага етадиган бало, тузалмас касалликлар эвазига унинг номидан бирор жонлиқни сўйиб, садақа қилишдир.
Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
قال النبي عليه السلام: مع الغلام عقيقة فأهريقوا له دما و أميطوا عنه الأذى
«Янги туғилган болага ақиқа қилинглар, қон оқизиб, азиятларини даф қилинглар» (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда:
و روى أصحاب السنن عن سمرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «كل غلام رهينة بعقيقته، تذبح عنه يوم سابعه، و يسمى ويحلق رأسه».
«Сунан» эгалари Самрадан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ақиқа болага гаровдир. Еттинчи куни қўй сўйилади, исм қўйилади ва сочи олинади”, дедилар».
Ақиқанинг яна бир фазилати – туғилган чақалоқ ёшига тўлмасдан вафот этадиган бўлса, жаннат эркатойи бўлади. Яъни, қиёмат куни «онам жаннатга кирмаса, мен ҳам кирмайман», дейди. «Онанг кирди, энди жаннатга кир», дейилса, «отам кирмагунича кирмайман», деб туриб олади. Балоғатга етмай вафот этган болалар жаннатий ҳисобланишади.
Ақиқанинг бир неча фойда ва ҳикматлари бор:
Шу ўринда шариат жорий қилган баъзи зиёфатларнинг номларини маълумот учун келтириб ўтишни маъқул кўрдик:
Қироҳ – ёз зиёфати.
Туҳфа – меҳмон келса бериладиган зиёфат.
Харс – туғруқдан кейин бериладиган зиёфат.
Маъдаба – таклиф қилинганида бериладиган зиёфат.
Валима – тўй зиёфати.
Ақиқа – фарзанд туғилганидан кейин етти кун ўтиб бериладиган зиёфат.
Ғадира – бола хатна қилинганида бериладиган зиёфат.
Вазима – азадан сўнг бериладиган эҳсон.
Нақиҳа – сафардан қайтганида бериладиган зиёфат.
Вакира – иморат битганида бериладиган зиёфат.
Шу ўринда бир нарсани айтиш керак, одамларнинг топиш-тутишлари ҳар хил бўлгани учун баъзилар ақиқа қилолмасликлари мумкин. Шу боис қурби етмайдиганлардан ақиқа соқит бўлади. Қўй ўрнига хўроз ёки бошқа жонлиқ сўйдираман деса, ақиқа ўрнига ўтмайди, чунки ҳадисда айтилган жонлиқнинг миқдори энг кам эътиборидадир. Яъни, ундан кичикроқ нарса ақиқа ҳукмига кирмайди. Чунки ақиқа қурбонликка ўхшаш бир амалдир.
Ҳозирги пайтда айрим жойларда ўғил болаларга ақиқа қилинади-ю, аммо қизларга ақиқа қилишга унча аҳамият берилмайди. Бу иш нотўғри. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Боланинг офат ва касалликлардан омонда бўлиши ақиқага боғлиқдир», деганлар.
ЎҒИЛ БОЛАНИ ХАТНА ҚИЛИШ
«Хатна» деб луғатда терини кесишга айтилади. Шариат истилоҳида эса, бола закарининг учини кесишга айтилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу хусусда шундай марҳамат қилганлар:
روى الامام احمد فى مسنده من حديث عمار بن ياسر قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «من الفطرة: المضمضة، والإستنشاق، و قص الشارب، والسواك، وتقليم الاظافر، ونتف الابط، والاستحداد، والإختنان.
Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Етти нарса фитратдандир: оғизни ғарғара қилиб чайиш, бурунни чайиш, мўйлабни қисқартириш, мисвок тутиш, тирноқларни олиш, қўлтиқлар тагини, киндик остини пок тутиш ва хатна қилиш», дедилар.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар:
الختان سنة للرجال
«Хатна эркакларга суннатдир».
Хатнанинг зарари йўқ, аксинча, фойдаси бор, тиббиёт мутахассислари ҳам буни тавсия қилишади.
Фарзандга муносиб ота ва она танлаш, бола эмизиш, унинг қулоғига азон айтиб, исм қўйиш, сочини олиш, ақиқа қилиш масалаларининг умумий таснифотига китобимизнинг “Фарзандлик бурчи ва вазифалари” бобида ҳам қисқа тўхталиб ўтамиз.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Бола бошидан;
Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталар;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан