Ҳадис илмида дунё имоми, ҳадис мулкининг амири номларини олган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг қўним топган равзалари Ислом оламида юксак эътиборга эга бўлган масканлардан ҳисобланади. У зотни зиёрат қилиш учун бутун ислом оламидан зиёратчилар, олиму талабалар ташриф буюрадилар.
8 ноябрь куни юртимизга келган ҳадис устози, аллома, муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ал-Аъзомий ал-Ҳиндий бошчилигидаги меҳмонлар Ўзбекистон бўйлаб сафар қилмоқдалар. Бугун, 11 ноябрь куни меҳмонлар Ислом оламида катта ҳурмат билан тилга олинадиган Имом ал-Бухорийнинг қабрлари жойлашган зиёратгоҳ ва ҳадис мактабида бўлдилар. Аввал Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилинди. Тиловат ва дуолардан сўнг мажмуа ёнида жойлашган ҳадис мактабида бўлиб, бу масканда таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув жараёнида муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ҳадис илмидан мавъизалар қилди.
Меҳмонларнинг ушбу ташрифи чоғида уларга ҳадис мактаби ректори Олимхон Юсупов ва устоз Маҳмуджон домла Ибодуллаев ҳамроҳлик қилди.
Шунингдек, юртимизда меҳмон бўлиб турган доктор Джанади Бимо Пракосо бошчилигдаги Индонезия мамлакатининг турзимни ривожлантириш бўйича делегацияси ҳам Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонлар буюк бобокалонимизнинг мақбараларини зиёрат қилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.
“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар:
"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).
“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.