12 ноябрь куни Навоий вилоятида фаолият юритаётган отинойилар ташаббуси билан Мавлид ойи муносабати билан "Қосим Шайх" жоме масжидида имконияти чекланган (эшитиш ва гапириш қобилиятида нуқсони бўлган) шахслар учун эҳсон дастурхони ёзилди.
Отинойилар йиғилганларга Робиъул аввал ойининг фазилати, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳаёт йўллари, сийратлари, сифатлари, инсониятга ибрат бўладиган ахлоқ - одоблари тўғрисида сурдо таржимонлари орқали тушунтирилиб бердилар. Эҳсон дастурхонига маҳалланинг кекса нуроний онахонлари ҳам таклиф этилдилар.
Дастурхонга миллий таомимиз бўлмиш - ош тортилди ва ниҳоясида Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва ўтган аждодларимиз ҳақларига Қуръон тиловат қилиниб, дуолар қилдилар.
"Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча туманларида навбатма - навбат ўтказилиб келинмокда"- дейди Навоий вилояти бош отинойиси Умида Холова.
Эслатиб ўтамиз, "Қосим Шайх" жоме масжидида ҳафтанинг ҳар Якшанба кунлари имконияти чекланган фуқаролар учун имом-хатиблар иштирокида махсус диний-маърифий суҳбатлар ўтказилиб келинади.
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги
Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради.
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб.
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди.
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси