Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: Таҳорат

12.11.2019   4282   14 min.
Нурул изоҳ: Таҳорат

*** Таҳоратнинг фарзлари ***

Таҳоратнинг тўрт фарзи бор:

  1. 1. Юзни, пешонанинг соч чиққан жойидан бошлаб ияк остигача, икки қулоқ юмшоқлари оралиғини ювмоқ.
  2. 2. Қўлни тирсаклари билан қўшиб ювмоқ.
  3. Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортмоқ.
  4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ.

 

*** Таҳоратнинг ҳикматлари ***

Динимиз намозга туришдан олдин, маълум аъзоларни ювишни (таҳорат қилишни) буюрган. Бундан мақсад фақат шу аъзоларни турли ифлос нарсалардан тозалаш эмас, балки моддий тозалик билан бир қаторда, ўша аъзолар воситасида қилинган гуноҳларни маънавий, кўринмайдиган кир ва доғларни тавба, истиғфор суви билан поклаш ҳамдир. Бу жиҳатдан таҳоратда аъзоларнинг ювилиш тартибида ҳайратомуз теран ҳикматлар мавжуд. Бунда катта ҳикмат шуки, энг аввал Аллоҳнинг амрларига исён қилиб, шайтонга итоатда пешқадам бўлган аъзолар, сўнгра унга эргашиб гуноҳ ишлар қилувчи бошқа аъзолар навбати билан ювилади.

  1. Ювилиши фарз бўлган аъзоларнинг биринчиси юздир. Чунки инсон юзида (тил) оғиз, бурун, кўз каби гуноҳ ишлар қилишда асосий восита, сабаб бўлувчи аъзолар бор. Масалан, ҳаром нарсаларни тишлаб-чайнаб, ичга ютувчи оғиздир. Ҳақоратлар, ғийбатлар, туҳматлар, ёлғонлар, инсонларнинг орасини бузувчи, фитнакор ва адаштгирувчи фикрлар, беҳаё сўзлар тил орқали оғиздан чиқади. Демак хоҳ Аллоҳга қарши, хоҳ бандаларга қарши бўлсин, энг катта ёмонликларнинг амалга оширилиш ўрни оғиздир. Кўзлар-чи! Энг сирли ёмонликни ҳам ўзидан қочирмайдиган ва бошқа аъзоларни ортидан югуртирадиган улар эмасми? Ёмонликнинг ҳидини олиб, бутун вужудни ўша томонга йўналтирган буруннинг банда қилган гуноҳлардаги ҳиссаси озми?

Шунинг учун гуноҳга, тақиқланган амалларга бошловчилик қилиб, йўл очиб берган бу аъзоларни, яъни юзни энг аввал ювиш буюрилган. Бу аъзолардаги кир ва ифлосликлар сув билан кетказилганидек, уларни тавба, истиғфор ва зикруллоҳ билан поклаш, яхши амалларга ишлатиш зарур, токи ҳақиқий мусулмон бўлсинлар.

  1. Юздан сўнг ювиш навбати қўлларга келади. Чунки бир ёмон ишни бошлашда аввал тил сўзлайди, сўнгра кўзлар кўриб, кейин қўллар вазифани бажаради ва мазкур ёмонликка шерик бўлади. Шу боис шайтонга эргашишда тил ва икки кўздан сўнг дарҳол қўлларнинг зоҳирий кирлари сув билан, ботиний ифлослиги эса, Аллоҳга тавба қилиш файзи билан покланиши ғоят ўринлидир.
  2. Таҳоратнинг учинчи фарзи бошга масҳ тортишдир. Таҳорат билан жисмоний кирларни кетказибгина қолмай, кўпроқ маънавий покликка эътибор берилишининг ёрқин мисоли бошга масҳ тортишда кўринади. Чунки, шаръий қоидага кўра, бош доим бирор нарса билан ёпилиб, яъни бош кийим кийиб юрилади. Очиқ ҳолатда ҳам қалин сочлар бош терисини чанг-тўзонлардан яхши ҳимоя қилади. Шу боис бошни ҳар куни беш марта ювишга зарурат қолмайди. Ҳар бир таҳоратда бошни ювиш оғир ишдир. Бу бандаларига енгилликни хоҳлаган Аллоҳнинг ғоясига зид. Аммо бош, маънавий покланишда асло бепарволик қилиб бўлмайдиган аъзо. Ҳар қандай гуноҳ хабарини олиб-олмай, фикрлайдиган, режа тузиб, амалга ошириш учун бошқа аъзоларга вазифалар юклайдиган мия бош ичидадир. Бошдаги бундай маънавий доғларни бандага эслатиш, уларни кетказиш мақсадида масҳ тортиш буюрилган. Қалб кўзи очиқ, фикри теран инсонлар бунинг буюк ҳикмат эканини яхши биладилар.

Таҳоратнинг охирги фарзи оёқларни ювиш. Оёқлар вужудни гуноҳ ишлар қилинадиган жойларга элтиб, улар­ни бажаришга имконият яратади. Бу жиҳатдан оёқларнинг ёмон ишларга қўшган ҳиссаси оз эмас. Шу боис намоз ўқиш олдидан оёқларнинг моддий кирларини ювиб, у сабаб бўлган гуноҳларни ҳам эслаб ўтгач, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолодан мағфират сўраш жуда муҳимдир.

 

*** Таҳорат олишга сабаб ва унинг ҳукми ***

Фақат таҳоратли ҳолда бажарилиши зарур бўлган амал таҳорат олишнинг сабабидир. Бу таҳоратнинг дунёвий ҳукми. Ухровий ҳукми эса, охиратда савоб олишдир.

 

*** Таҳоратнинг вожиб бўлиш шартлари ***

Таҳорат вожиб бўлишининг еттита шарти бор:

  1. Ақлли бўлмоқ (чунки телбалар илоҳий буйруқларга
    масъул эмаслар).
  2. Балоғатга етганлик, чунки шариат буйруқларини мукаллаф бўлганлар бажаришга масъулдирлар.
  3. Мусулмон бўлмоқ, чунки кофирлар намоз ўқиш каби вазифалар билан эмас, имон келтириш билан мукаллаф бўладилар.
  4. Таҳоратда ювиладиган барча аъзоларни ювишга етадиган сувга эга бўлмоқ.
  5. Таҳоратсиз бўлмоқ, чунки таҳоратнинг устига таҳорат олиш фарз эмас, мустаҳаб амалдир.
  6. Ҳайз ва нифосдан пок бўлмоқ.
  7. Вақт торлиги. Таҳорат қилиш мажбурияти маълум вақт аввалида эркин адо этилса, вақт торайгач, дарҳол бажари­лиши шарт бўлиб қолади. Чунки охирги вақтда ҳам бажарилмаса, ортиқ уни адо қилишга имкон қолмайди.

 

*** Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари ***

Таҳорат дуруст бўлиши учун уч шарт мавжуд:

  1. Таҳоратда ювиш лозим бўлган аъзоларнинг тоза сув билан тўла ювилиши (игна учи қадар жой қуруқ қолса ҳам, таҳорат комил, дуруст бўлмайди).
  2. Таҳорат қилаётганида унга зид бўлган ҳайз, нифос ёки сийдик каби нарсалардан пок бўлиш (таҳорат пайтида сийдик томчилари ёки таҳоратни бузувчи бошқа ҳолатлар юз берса, таҳорат дуруст бўлмайди).
  3. Таҳоратда ювиш лозим бўлган аъзоларнинг шам, ёғ (ёғли бўёқ) каби терига сув етиб боришига тўсқинлик қилувчи нарсалардан пок бўлиши.

 

*** Таҳоратнинг комил бўлишига доир ҳукмлар ***

Қалин соқолнинг ўзини ювиш, сийрак соқолларнинг тагига, терисига сув етказиши керак. Соқолнинг ўсиб, юзнинг доирасидан ўтган қисмини ва лабнинг оғиз юмилганида кўринмайдиган ички қисмларини ювиш шарт эмас.

Орасига сув тегмас ҳолда бир-бирига ёпишган бармоқлар орасини очиб ювиш, бармоқ учларини ёпиб қўйган узун тирноқлар ва ёпишиб қолган хамир, асал муми, ёғли бўёқ каби нарсалар остита сув етказиш лозим.

Бармоқлардаги тор узуклар, аёлларнинг сирғаларини тагига сув етиши учун қимирлатиб қўйиш вожиб. Оёқларнинг дори сурилган ёриқ, яра жойларини ювиш зарарли бўлса, дори устидан оҳиста ювиш кифоя. Таҳорат олганидан сўнг, устара теккизилган жойларни такрор ювиш, (бош каби масҳ тортиладиган жойларни) масҳ қилиш, олинган тирноқ ва мўйлаб ўрнини ювиш шарт эмас.

 

*** Таҳоратнинг суннатлари ***

Таҳоратнинг ўн саккизта суннати бор. Улар қуйидагилар:

  1. Таҳоратнинг аввалида қўлни ошиқлари билан ювмоқ.
  2. Аллоҳнинг номи билан бошламоқ (яъни, «Бисмиллоҳ» демоқ).
  3. Таҳоратнинг аввалида мисвок ёки чўтка билан, у ҳам бўлмаса, ўнг қўл бармоқлари билан тишларни тозалаш.
  4. Оғизни уч марта чайқамоқ.
  5. Бурунга уч марта сув тортиб қоқиш яъни, истиншоқ.
  6. Рўза тутмаганлар учун яхшилаб мазмаза ва истиншоқ қилиш.
  7. Қалин соқолни қўлни янгидан ҳўллаб, бармоқлар би­лан остидан ҳилол қилиш.
  8. Қўл ва оёқ бармоқлари орасини ҳилол қилмоқ.
  9. Ҳар бир аъзони уч мартадан ювмоқ (биринчи ювиш фарз, қолганлари суннат).
  10. Бошнинг ҳаммасига бир марта масҳ тортиш.
  11. Қулоқларга масҳ тортиш.
  12. Аъзоларни ишқалаб ювиш.
  13. Аъзоларни узлуксиз, кетма-кет ювмоқ.
  14. Ният қилмоқ.
  15. Қуръони каримда белгиланган тартибга риоя қилмоқ (аввал юзни, сўнгра икки қўлни ювгач, бошга масҳ тортмоқ, энг охири оёқларни ювмоқ. Мазкур тартиб асосида таҳорат қилмоқ Абу Ҳанифага кўра суннат, Шофеъийга кўра фарз).
  16. Жуфт аъзоларни ювишни ўнгдагисидан бошламоқ.
  17. Қўл ва оёқларни бармоқ учларидан бошлаб ювиш.
  18. Бошга пешонадан бошлаб масҳ тортиш, бўйинга масҳ тортиш. (Халқумга масҳ тортиш суннат эмас).

Охирги тўрт суннатни мустаҳаб деганлар ҳам бор.

 

*** Таҳорат одоби ***

Таҳоратнинг ўн тўрт одоби бор:

  1. Сув сачрамайдиган баланд жойда таҳорат қилмоқ.
  2. Қиблага юзланмоқ.
  3. Таҳорат олишда ёрдам талаб қилмаслик (узрлилар ёрдам олишлари мумкин).
  4. Таҳорат қилаётганида дунёвий сўзлар айтмаслик.
  5. Қалбан қилган ниятни тил билан айтиш (фақат қалбан ният қилиш суннат).
  6. Ҳар бир аъзони юваётганида (Пайғамбаримиз ва саҳобалардан ривоят қилинган) манзур дуоларни ўқимоқ.
  7. Ҳар бир аъзони «Бисмиллоҳ» деб ювмоқ.
  8. Қулоқларнинг ички қисмини илигча бармоғи билан тозаламоқ.
  9. Кенг узукни қимирлатмоқ (тор узукни тагига сув ети­ши учун қимирлатиш фарз).
  10. Оғиз ва бурунга ўнг қўл билан сув олмоқ.
  11. Чап қўл билан миширмоқ.
  12. Узрли бўлмаганлар учун намоз вақти кирмасдан ав­вал таҳорат қилмоқ.
  13. Таҳорат олгач, шаҳодат калимасини айтмоқ.
  14. Таҳорат олгач, тик турган ҳолда ортиб қолган сувдан ичмоқ ва "Аллоҳуммажъалний минат-таввобин, важъалний минал мутатаҳҳирин" (Аллоҳим, мени кўп тавба қилгувчилардан ва гуноҳлардан поклангувчилардан айлагин), деб дуо қилмоқ.

 

*** Таҳорат олаётганида қуйндаги олти ҳолат макруҳдир:

  1. Сувни исроф қилмоқ.
  2. Сувни ҳаддан зиёд (масҳ тортаётгандек) оз ишлатмоқ.
  3. Сувни юзга урмоқ (сепмоқ).
  4. Таҳорат олаётганида дунёвий сўз айтмоқ (гапирмоқ).
  5. Узрсиз, бошқа кишидан ёрдам сўрамоқ.
  6. Қўлни кайта-қайта ҳўллаб, бошга уч марта масҳ тортиш.

 

*** Таҳорат турлари ***

Таҳоратнинг уч тури мавжуд: фарз таҳорат, вожиб таҳорат, мустаҳаб таҳорат.

  1. Фарз бўлган таҳорат: таҳорати бўлмаган одам ҳар қандай намозни ўқиш учун, жаноза ўқиш учун, тиловат саждаси қилиш учун, Қуръони каримнинг бир оятини бўлса ҳам қўлга олмоқ учун таҳорат қилиши фарз.
  2. Вожиб бўлган таҳорат: Каъбани тавоф қилиш учун таҳорат олиш вожибдир.
  3. Қуйидага ҳолларда таҳорат қилиш мустаҳаб:
  • Ухлаш олдидан.
  • Уйқудан уйғонганида.
  • Доимо таҳоратли юриш учун.

Изоҳ: Ҳазрати Билолдан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилинган ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бир кеча тушларида жаннатда такуня (таҳорат учун ёғоч пойафзал кийган Ҳазрапш Билолнинг қадам товушларини эшитганларини айтдилар. Уйғонгач, Ҳазрати Билолдан қайси хайрли ама­ли учун бундай мартабага эришганини сўрадилар. Билол Ҳабаший бунга жавобан шундай деди: "Ҳар қачон, таҳоратим бузилса, дарҳол таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқир эдим".

  • Таҳорат устига олинган таҳорат.
  • Ғийбат қилганидан сўнг.
  • Ёлғон сўзлагач.
  • Гап ташувчилик, яъни одамлар орасини бузиш, фитна чиқариш учун чақимчилик қилганидан сўнг.
  • Қандайдир бир ёмонлик қилгач.
  • Ёмон маънода (қабиҳ) шеър ёзгач.
  • Қаҳқаҳа отиб кулгач (намоздан ташқарида).
  • Майитни ювиш учун.
  • Жаноза (майитни) кўтарганидан сўнг.
  • Ҳар бир намоз вақти киргач.
  • Жунуб бўлса, ғусл қилмасдан аввал.

Жунуб бўлган киши ейиш, ичиш, ухлаш ёки такрор қўшилишни хоҳлаганида.

  • Ғазабланган пайтда (чунки таҳорат ғазаб оташини сўндиради).
  • Қуръон тиловати ва ҳадис ривояти учун.
  • Фиқҳий илм ўқиш ёки ўқитиш учун.
  • Азон ва такбир айтиш учун.
  • Хутба ўқиш учун.
  • Равзаи мутаҳҳарани (Пайғамбаримизнинг қабрларини) зиёрат қилиш учун.
  • Арафотда вуқуф учун.
  • Сафо ва Марва орасида саъй (югуриш) учун.
  • Туя гўшти еганидан сўнг.
  • Мужтаҳидлар ўртасидаги хилофли масалалардан чиқиш учун бегона аёлга тегиб кетгач (яъни, ҳар иккисининг очиқ аъзолари бир-бирига текканида), таҳорат қилиш мустаҳабдир.

 

*** Таҳоратни бузадиган нарсалар ***

  1. Олдидан ва орқадан чиққан нарсалар (нажосат).
  2. Ҳеч қандай қон кўринмаса ҳам, туғиш.
  3. Олд ва орқадан бошқа, вужуднинг исталган жойидан оққан қон ва йиринг каби нарсалар.
  4. Хоҳ овқат, хоҳ сув ёки қуюқ қон ёки сафро бўлсин, оғиз тўла қусмоқ. Оғиз тўлалиги, саҳиҳ нақлга кўра, қийқналиб қоладиган даражадаги тўлаликдир. Битта сабаб туфайли қусиш оз-оз бўлиб, жами оғизни тўлдирадиган бўлса, у ҳам айни ҳукмдадир.
  5. Оғиздан тупурғига тенг ёки ундан ҳам кўп қон оқиши.
  6. Оёқлар устига ўтирган ҳолда, чалқанча ёки юзтубан ётган ҳолда, мақъадни батамом ерга теккизмасдан ухламоқ.
  7. Тамаккун этган ҳолда (мақъадни батамом ерга теккизиб) ухлаган кишининг йиқилмаса ҳам, уйғонмасдан мақъадини ердан кўтариши.
  8. Ҳушидан кетмоқ.
  9. Жинни бўлмоқ (ақлдан озмоқ).
  10. Маст бўлмоқ.
  11. Балоғатга етган ва уйғоқ кишининг рукули ва саждали намозда қаҳқаҳа билан кулиши, намоздан чиқиш мақсадида бўлса ҳам.
  12. Эркак жинсий аъзоси аёл жинсий аъзосига (ички кийим) каби ҳеч қандай тўсиқсиз тегиши таҳоратни бузади.

 

*** Таҳоратни бузмайдиган нарсалар ***

Қуйидаги нарсалар таҳоратни бузмайди:

  1. Чиққан жойидан ён-атрофига ёйилмаган қон.
  2. Қотган яранинг қон оқмаган ҳолда кўчиб тушиши, асосан сигирлар, баъзан инсонлар терисида ҳам учрайдиган қурт (ирқи маданий, нукра).
  3. Ярадан, қулоқ ва бурундан қурт чиқиши.
  4. Жинсий аъзони ушлаш.
  5. Оғзи тўлмаган ҳолда қусмоқ.
  6. Кўп бўлса ҳам, балғам ташламоқ.
  7. Очиқ қавлга кўра, мақъади жойидан ажралмасдан ухлаётган кишининг жойидан ўнгга, чапга бурилиши.
  8. Рукуда бўлса ҳам, намоз ўқиётган кишининг ухлаши.
  9. Суннатга мос тарзда, сажда ҳолида бўлса ҳам, намоз ўқиётган кишининг ухлаши. Муваффақият Аллоҳдандир.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар;

Ғуслнинг ҳикматлари;

Жунуб бўлгач, нима учун ғусл қиламиз?

Ғуслни вожиб қилмайдиган нарсалар?

Ғуслнинг фарзлари;

Ғуслнинг суннатлари;

Ғусл одоби ва макруҳлари;

Суннат бўлган ғусл турлари;

Қуйидаги ўн олти ҳолатда ғусл қилиш мустаҳабдир;

Такрорлаш учун саволлар;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   1952   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар