Кеча, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳар “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида "Вақф" хайрия жамоат фонди вилоят филали ҳамкорлигида гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган шахслар иштирокида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари муносабати билан Мавлуд тадбири бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили, сурдо таржимони Рустам Бердиев ҳамда “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжиди имом хатиби Ёқуб Мансуровлар иштирок этди. Вилоят бош имом-хатиби сўз олиб, йиғилганларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг насл-насаблари, туғилишлари, ҳаётининг дастлабки йиллари ва мана шу даврда у зот билан содир бўлган мўжизалар ҳақида гапириб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, амалга оширган ишлари ҳақида кейинги учрашувларда яна суҳбатлар бўлиши таъкидланди.
Шундан сўнг тадбирда иштирок этган етмиш нафар гапириш ва эшитиш имконияти чекланган фуқароларга ҳомийлар томонидан тақдим этилган ширинликлар тарқатилиб, уларга байрамона кайфият улашилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.