Масжид имомларидан бўлган бир шайх ҳикоя қилади: Бир йигит гуноҳларидан шикоят қилиб, масжидга менинг ҳузуримга келди.
У: “Мен ҳамма гуноҳни қилганман”, деди.
Шунда мен унинг қўлидан тутиб, баъзи биродарларни зиёрат қилиш учун бирга йўлга чиқдик. Лекин уларни топа олмадик. Кейин мен унга: “Қабристонни зиёрат қилсак, нима дейсан?”, дедим.
У: “Майли”, деди.
Биз бирга қабристонга бориб, қабрлар орасида ўтирдик. Мен ўнгга-чапга қараб: “Эй қабр аҳли, бизга хабар беринг, қабр остида нималар бўляпти?, лаҳадда ҳозир нималар бўляпти?, подшоҳлар ҳали ҳам подшоҳ бўлиб туришибдими?”, дедим.
Сўнгра мазкур йигитга: “Қабрга бироз муддат тушиб ўтиришга нима дейсан?”, деган эдим, у қабрга тушди. Бироз вақт ўтиб мен унинг олдига келиб: “Эй фалончи, маъшуқанг фалончи қабрингга келиб, сенга фойда бера оладими?”, дедим.
У: “Йўқ”, деди.
Мен: “Сени йўлдан оздириб, гуноҳга бошлаганлар қабрингга келиб, сенга фойда бера оладими? ”, дедим.
У: “Йўқ”, деди.
Мен: “Шундай экан, ўрнингдан тур, янги ҳаёт бошлаймиз”, дедим.
Тошкент шаҳар "Аҳмаджон қори" жоме масжиди имом ноиби
Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).