«Улум» калимаси «илм» сўзининг кўплик шакли бўлиб, «Улуми Қуръон» бирикмасининг сўзма-сўз таржимаси «Қуръон илмлари» деган маънони билдиради. Бундан «Улуми Қуръон» Қуръони Карим билан боғлиқ бўлган илмларни ўз ичига олишини англаб оламиз.
«Илм» сўзи луғатда «жаҳл», яъни «билимсизлик» сўзининг аксини – «билим», «фаҳм» ва «маърифат»ни билдиради. «Илм»ни олимлар турлича таърифлаганлар:
Файласуфлар «Илм бир нарсанинг ақлда ҳосил бўлган суратидир», дейди.
Мутакаллимлар «Илм ўз эгасига ишни ойдинлаштириб берувчи сифатдир», дейишади.
Бошқа олимлар «Илм бир нарсани воқеълиқда қандай бўлса, шундай идрок этишдир», дейдилар.
«Илм» сўзининг луғатдаги маъносини билиб олганимиздан сўнг энди унинг «тиб илми», «кимё илми», «фиқҳ илми», «ҳадис илми» деб алоҳида соҳаларга нисбатан ишлатилишидаги маъносини ўрганишга киришайлик. Бу борадаги «илм»дан мурод маълум мавзуга оид асослар, қоидалар ва уларнинг тасдиғидир. Ушбу маънодан келиб чиқиб, илмларни қайд этиб, ёзма шаклда алоҳида китобларга битишни йўлга қўйган уламолар «илм»ни қуйидагича таърифлайдилар:
«Маълум йўналишга оид назарий, зарурий, жузъий ва куллий асосларни, қоидаларни баён қилиш ҳамда исботлаш илмдир».
Энди эса «Улуми Қуръон» илмининг таърифига ўтсак ҳам бўлади. Машҳур олим, «Манаҳилул-ирфан фи улумил-Қуръан» китобининг муаллифи Муҳаммад Абдулазим Зарқоний раҳматуллоҳи алайҳи «Улуми Қуръон» илмини қуйидагича таърифлайдилар:
«У Қуръони Каримнинг нозил бўлишига, тартиб берилиши, жамланиши, ёзилиши, ўқилиши, тафсири, носих (насх қилувчиси), мансух (насх бўлувчиси), ундан шубҳаларни рад қилиш ва бошқаларга оид илмий баҳслардир».
Устозимиз шайх Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда раҳматуллоҳи алайҳи эса «Улуми Қуръон»ни шундай таърифлар эдилар:
«У Қуръони Каримга боғлиқ бўлган ёки ундан чиқариб олинган ёхуд уни тушунишга ёрдам берадиган барча илмлардир».
«Улуми Қуръон» кўп соҳаларни ўз ичига олган бўлиб, жумладан, қуйидагиларни айтиш мумкин:
- Қуръони Карим тарихи;
Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари;
Қуръони Каримнинг жамланиши;
Қуръони Каримнинг тартиб топиши;
Қуръони Каримнинг қироати;
Қуръони Каримнинг расми хатти;
Қуръони Каримнинг оятлари сони;
Қуръони Каримнинг мўъжизалиги;
Қуръони Каримнинг муҳкам ва муташобиҳи;
Қуръони Каримнинг носих ва мансухи;
Қуръони Каримнинг тафсири ва бошқалар.
Ўта муҳим ва шарафли ушбу илм ичида илмлар кўп бўлгани учун у алоҳида соҳа сифатида шаклланган ва «Улуми Қуръон» – «Қуръон илмлари» деб номланган.
«УЛУМИ ҚУРЪОН»НИНГ АҲАМИЯТИ
Ушбу илм исломий илмлар ичидаги энг аҳамиятли илмлардан биридир, десак, заррача муболаға қилмаган бўламиз. Чунки «Улуми Қуръон» мўмин-мусулмонлар учун энг муқаддас бўлган Қуръони Каримга бевосита боғлиқ илмдир. Қуръони Карим Ислом ва мусулмонлар учун асосий манба экани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам қарши тарафлар ҳар доим Қуръони Каримга тош отиб келишган, ундан айб топишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишган. Ҳозир ҳам бу ҳаракатлар давом этмоқда.
Шу боис мусулмон уламолар бу илмга алоҳида аҳамият берганлар: мусулмон умматига ўз илоҳий Китобини яхшилаб таништирганлар ва душманларнинг ҳужумларини қайтариб, уларнинг ўзларини шарманда қилганлар.
«Улуми Қуръон» ўзида Қуръони Карим ҳақидаги умумий ва юксак маърифатни жамлагандир. Ушбу илмдан хабардор бўлган инсон Қуръони Каримга тааллуқли ўта қимматли маълумотларга эга бўлади. Бу эса ўз навбатида Қуръони Каримга нисбатан душманлар томонидан тўқилган туҳматларга раддия беришда асқотади. Энг муҳими, «Улуми Қуръон» билан танишган киши Қуръони Каримга боғлиқ илмларнинг дебочалари билан ошно бўлади ва уларни англаб етиши осонлашади. Бу илм Қуръони Каримга оид илмларнинг калити десак, хато қилмаган бўламиз.
«УЛУМИ ҚУРЪОН»НИНГ ТАРИХИ
Барча исломий илмлар қатори, «Улуми Қуръон» ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида куртаклаган. Ўша саодат асрига оид ривоятларга диққат билан назар соладиган бўлсак, бугунги кунда Қуръон илмлари орасидан жой олган маккий ва маданий оятлар, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳ каби илмларга оид маъноларни ўзига жо қилган маълумотларга кўзимиз тушади. Саҳобаи киромлардан «фалон оят фалон сабаб ила нозил бўлган», «фалон сура мана бу ерда нозил бўлган», «фалон оятни фалон оят насх қилган» каби маънодаги ривоятлар жуда ҳам кўп келган.
«Улуми Қуръон»га тўрт рошид халифа даврларида асос солина бошлади. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Карим ёзма шаклда жамланиб, мусҳаф шаклига келтирилди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримдан нусха кўчириш ишлари йўлга қўйилди, Қуръони Каримни хатга тушириш – «расми хат» илмига, Қуръони Каримни муайян шаклда таълим бериш фаолиятига асос солинди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримга боғлиқ илмлар пайдо бўла бошлади. Одамлар Қуръони Каримни араб тили қоидаларига зид ўқиётганлари мулоҳаза қилиниб, наҳв илмига асос солинди. Ундан кейин эса «Қуръон эъроби илми» юзага келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни унинг ўзига хос илмлари билан қабул қилиб олган саҳобаи киромлар уларни ўзларидан кейинги авлод – тобеъинларга омонат билан етказиш борасида улкан хизматларни амалга оширдилар. Бу шарафли ишга айниқса тўрт халифа, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳум катта ҳисса қўшдилар.
Ўз навбатида тобеъинлар ҳам ўзларидан кейинги авлод мусулмонларига Қуръони Каримни ва унинг илмларини етказишда таҳсинга сазовор улуғ хизматларни адо этдилар. Ушбу улкан аҳамиятли ишни амалга оширишда, хусусан, Мужоҳид, Ато, Қатода, Икрима, Ҳасан Басрий, Саъид ибн Жубайр, Зайд ибн Аслам ва бошқалар – ҳаммаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – беқиёс жонбозлик кўрсатдилар.
Бошқа исломий илмларда бўлганидек, «Улуми Қуръон» борасидаги битиклар ҳам иккинчи ҳижрий асрда юзага кела бошлади. Дастлаб бу соҳада ёзилган нарсалар «Улуми Қуръон» илмларидан маълум бирига бағишланар эди. Биринчилардан бўлиб учинчи ҳижрий асрда Абу Убайд Қосим ибн Саллом раҳматуллоҳи алайҳи (224 ҳижрий санада вафот этган) носих ва мансух илми ҳақида китоб ёзди. Имом Бухорийнинг устози Алий ибн Мадиний раҳматуллоҳи алайҳи (234 ҳижрий санада вафот этган) «асбабун-нузул» (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари) илмига оид асар яратди. Ундан кейин яна бошқа уламолар турли мавзуларда асарлар битдилар. Баъзилар насх мавзусида, баъзилар маккий ва маданий оятлар ҳақида, яна бошқалар Қуръони Каримнинг фазилатлари ҳақида асарлар ёздилар ва ҳоказо.
Кейинчалик тафсирларнинг муқаддималарида ҳам «Улуми Қуръон»га оид маълумотлар бўлиши одат тусига кира бошлади. Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур тафсирлари муқаддимасида «Улуми Қуръон»га оид «ал-аҳруфус-сабъа» – етти ҳарф, қироатлар ва шуларга ўхшаш бошқа мавзуларни кўрамиз. Абу Муҳаммад Ҳомид ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Бистом раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-мабаний линазмил-маъаний» номли тафсирлари муқаддимасида «Улуми Қуръон»га оид ўнта фасл бор.
Муҳаммад Абдулазим Зарқоний раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, «Улуми Қуръон» китобининг ҳозирги кўринишдаги нусхаси дастлаб Алий ибн Иброҳим ибн Саъид Ҳуфий раҳматуллоҳи алайҳи (430 ҳижрий санада вафот этган) томонидан ёзилган бўлиб, мазкур китобнинг исми «Ал-бурҳан фи улумил-Қуръан»дир. Бу китобнинг асли ўттиз жуздан иборат бўлиб, ундан ўн беш жузи қўлёзма шаклида бугунги кунгача етиб келган.
Олтинчи ҳижрий асрга келиб, Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи (597 ҳижрий санада вафот этган) «Фунунул-афнан фи улумил-Қуръан» ва «Ал-Мужтаба фи улумин татаъаллақу бил-Қуръан» номли китобларини ёзди.
Еттинчи ҳижрий асрга келиб, Аламуддин Саховий раҳматуллоҳи алайҳи (643 ҳижрий санада вафот этган) «Жамалул-Қурро ва камалул-иқро» китобини, Абу Шома раҳматуллоҳи алайҳи эса (665 ҳижрий санада вафот этган) «Ал-муршидул-азиз фима ятаъаллақу бил-Қуръанил-азиз» китобини тасниф қилди.
Саккизинчи ҳижрий асрда имом Бадруддин Заркаший раҳматуллоҳи алайҳи (794 ҳижрий санада вафот этган) ўзининг машҳур «Ал-бурҳан фи улумил-Қуръан» номли асарини ёзди.
Тўққизинчи ҳижрий асрда эса имом Жалолуддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи (911 ҳижрий санада вафот этган) «Ал-итқон фи улумил-Қуръан» номли китобни таълиф этди. Бу китоб ўз соҳасидаги барча китобларнинг гултожи бўлди. Ундан барча фойдаланди ва фойдаланмоқда.
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ушбу фан бўйича китоб тасниф қилиш фаолияти тўхтаб қолди. Тушкунлик даврининг таъсирида бўлса керак, бошқа исломий илмлар қатори, «Улуми Қуръон» илмида ҳам тушкунлик ва турғунлик даври босиб ўтилди.
Бизнинг давримизда, исломий илмларни қайта таълиф қилиш жараёнида «Улуми Қуръон»га оид китобларни ҳам қайта ёзишга эҳтиёж туғилди. Бунинг устига, «Азҳари Шариф» ва шунга ўхшаш бошқа илм даргоҳларида «Улуми Қуръон» дарс сифатида ўқитила бошлади. Шу муносабат билан «Улуми Қуръон»га оид китоблар ҳам янгидан ёзила бошлади.
Шайх Тоҳир Жазоирий раҳматуллоҳи алайҳи «Ат-тибян фи улумил-Қуръан» номли ажойиб китобни ёзди.
Шайх Муҳаммад Алий Салома раҳматуллоҳи алайҳи «Манҳажул-Фурқон фии улумил Қуръан» номли китоб таълиф қилди.
Шайх Абдуллоҳ Дарроз раҳматуллоҳи алайҳи «Ан-набаул-азим анил-Қуръанил-карим» номли асар тасниф қилди.
Шайх Муҳаммад Абдулазим Зарқоний раҳматуллоҳи алайҳи «Манаҳилул-ирфан фи улумил-Қуръан» китобини ёзди.
Шайх Мусо Шоҳин Лошин раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-лаалил-ҳисон фи улумил-Қуръан» номли китоби чоп этилди.
Шайх Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳи «Мабаҳис фи улумил-Қуръан» китобини нашр этди.
Шайх Манноъ Халил Қаттон ҳам «Мабаҳис фи улумил-Қуръан» номли китоб ёзди.
Шайх Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда Триполидаги «Куллиятуд-даъва ал-Исламийя» талабалари учун «Музаккаротун фи улумил-Қуръан» номли дарсликни тайёрлади. Ушбу битикларнинг баъзилари у кишининг хотирасига бағишлаб чоп этилган китобда нашр этилди. Аммо қолганлари ҳали китоб ҳолига келтирилмаган.
Доктор Фазл Ҳасан Аббос ҳам «Итқонул-бурҳан фи улумил-Қуръан» китобини таълиф қилди.
Ушбу китобда келадиган матнлар орқали бу илоҳий дастур ҳақида баъзи бир маълумотларни тақдим қилиш ниятидамиз. Тажрибаларнинг кўрсатишича, бунга ўхшаган маълумотлар ўқувчини ҳар хил хаёлга олиб келиши мумкин. Чунки Қуръони Каримнинг улуғлигидан, бу муқаддас Китобнинг олиймақомлигидан, қолаверса, мусулмонларнинг бу илоҳий Китобга бўлган чексиз эҳтиромлари ва икромларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир шахснинг хаёлида ўзига хос Қуръон шаклланган бўлади. Бу шаклнинг қандай бўлиши ўша шахснинг хаёлига, Қуръони Карим ҳақида эшитган мақтовларига асосланган бўлади.
Ўқувчиларга одатда Қуръони Карим ҳақида тақдим қилинадиган баъзи илмий маълумотлар эса мазкур хаёлдаги сиймони такрорламаслиги мумкин. Чунки Қуръони Карим хаёлий нарса эмас, воқеъликдир. Зотан, Исломнинг ўзи воқеъий диндир. Аллоҳ таоло уни хаёл учун эмас, воқеъликда яшаш учун юборгандир.
Ўша динга Аллоҳ таоло фариштани эмас, воқеъликда ҳамма танийдиган, бошқалар каби инсоний сифатларга эга бўлган зотни – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб танлади. Ҳар бир одамга жорий бўладиган нарсалар у зотга ҳам жорий бўлар эди. Ана шу шароитда у зотнинг пайғамбарлик қилишлари ҳақиқий мўъжиза эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришта ёки ғайриоддий шахс бўлганларида, одамлар «Бу фаришта бўлгани ёки ғайриоддий бўлгани учун Аллоҳ таолонинг амрларини бажармоқда, биз эса оддий одаммиз», деб баҳона топган бўлар эдилар.
Ана шундай диннинг муқаддас дастури бўлган Қуръони Карим ҳам воқеъликдаги Китоб бўлиши лозим эди. Агар бу Китоб хаёл аралаш, осмонда турадиган китоб бўлганида, одамлар унга амал қилмаслик учун яна бошқа баҳона топар эдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг самовийлиги, муқаддаслиги, бузилмаслиги ва мўъжизалигини Ўз ҳузурида, етти осмоннинг юқорисида собит қилиб қўйди. Аммо шу билан бирга, уни ерга нозил қилиб, ер юзида яшайдиган бандаларига омонат шаклида топшириб ҳам қўйди. Аллоҳ таоло мусулмон умматига Ўзининг охирги ва қиёматгача турадиган Китоби бўлмиш Қуръони Каримни бериш билан бирга, уни ўқиш, ўрганиш ва сақлашни ҳам топширди.
Мусулмон умматининг бу Китобни қабул қилиб олиб, ўрганиб, уни сақлаш борасида қилган фидокорликлари, Аллоҳ таоло томонидан берилган ваъданинг амалий-воқеъий исботи ўлароқ, ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Зотан, Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги ҳам унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқа китоблардан устун бўлишидадир. Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқа китоблар сингари бузилиб кетмаганидадир.
Хуллас, Қуръони Карим ва унинг таърифи ҳақида ҳар қанча гапирилса, бутун бошли бир неча китоблар бағишланса ҳам оз.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Ваҳий;
Ваҳийнинг турлари;
Ваҳийнинг даражалари;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазҳаб – бу умматдир. Уммат эса кўпчилик уламолардан ташкил топган. Бу уламолар ижтиҳод қилишади, таҳқиқ қилишади. Масала бир эмас, кўпчилик томонидан илмий таҳқиқ қилинади. Умматда саноқсиз уламолар бор, саноқсиз китоблар бор. Уламолар қайта-қайта ўзаро баҳслар қилиб, «Фалон масала тўғри», деб хулоса қилишади.
Натижада мукаммал даражада маъсум бўлмасак-да, кучли ишонч ила тўғри йўлда бўламиз. «Маъсум бўлмасак-да», деганимнинг сабаби шуки, биз ҳанафийлар «Сўзимиз юз фоиз тўғри», деб даъво қилмаймиз. Тўқсон саккиз-тўқсон тўққиз фоиз тўғри бўлиши мумкин, хато қилиш эҳтимоли бор. Токи шофеъий мазҳабига ҳам йўл қолсин. Аммо биз бу қадар катта нисбатга фақат Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди билан эмас, балки илм ижтиҳоди билан эришдик, катта миқдордаги, жуда кўп уламолар воситасида эришдик. Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
Масалага енгил, юзаки қарайдиган, мутаассиб мактаблар наздидагина мўътабар бўлган Фалончи ёки Пистончининг фатво бериши билан улуғ уламоларнинг ижтиҳоди ва қарорлари орасида қанчалар фарқ бор!
Қуръон ва Суннатни англашни, фаҳмлашни якка шахсларга топшириб қўйиш мумкинми? Йўқ. Қуръон ва Суннатни англашни илмий мактабдан ҳосил бўлган илмларгагина ҳавола қилиш мумкин.
Аҳли суннанинг наздида Қуръон ва Суннатнинг қадрини кўряпсизми?
Аҳли сунна Аллоҳнинг Каломи ва Расулининг Суннатини англаш йўлида дунёдаги энг буюк илмни сафарбар қилишди. Тўрт мазҳабнинг илми дунёдаги энг кенг илмдир. Бу илм сон-саноқсиз уламоларни қамраб олган. Уларнинг вазифаси – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилган нарсани баён қилиб беришдир. Ақоид борасида Аллоҳ ва Расулининг иродасини очиқлаб берадиган мустаҳкам илмлар ишлаб чиқилди. Одоб-ахлоқ борасида ҳам шундай бўлди.
Биз тўғри, нотўғри эмас, балки қатъиян ҳақ, деяётган бу мактаб қаерда-ю, залолат мактаби – енгиллик ва мутаассиблик мактаблари қаерда?!
Ҳақ мактаб Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини ҳурмат қилди. Уни англаш учун керакли барча илмларни ишлаб чиқди. Бу мактабда инсоният тарихидаги энг афзал, энг улуғ уламолар фаолият кўрсатдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини оламда тенги йўқ илмлар, қоида ва усуллар орқали тафсир қилишди. Бу дунёда фиқҳ қоидаларининг ўхшаши йўқ! Бирон киши уларнинг мақомию ҳисобига ета олмайди. Саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам барча саъй-ҳаракатларини Аллоҳ ва Расулининг муродига бағишлашди. Шу боис барча илмлар ўз қоидаларига эга бўлиб, мустаҳкам қарор топди. Бизда – Урдунда «Ким қонунларни ўрганмоқчи бўлса, усулул-фиқҳни ўргансин», деган гап бор. Усулул-фиқҳ (фиқҳ қоидалари)ни билсангиз, қонунларни ҳам яхши тушунасиз.
Қонунлар ишлаб чиқилган, лекин ўзларида усул йўқ, шунинг учун усулул-фиқҳни ўрганишга мажбур бўлишади, шунда уларни яхши тушунишади. Тасаввур қилинг, қанча-қанча қоидалар ишлаб чиқилган! Буларнинг барчаси усулдандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан