Хабарингиз бор, мамлакатимиз бўйлаб кетма-кет масжидларнинг янгидан барпо этилган бинолари фойдаланишга топшириб келинмоқда. Албатта буларнинг барчаси ихлоси баланд халқимиз, орамиздаги Аллоҳнинг байтини обод қилишга ҳарис бўлган кишиларнинг ҳашари, фидокорона меҳнатлари эвазига амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти Асака туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди жорий йилда янгидан қуриб битказилган масжидлардан биридир.
“Масжидимизнинг аввалги ҳолатида ибодатларни эмин-эркин адо этишнинг имкони йўқ эди. Алҳамдулиллаҳ, бугунга келиб, масжидда замон талаблари асосида намозхонларга барча шарт-шароитлар яратилди”, дейи имом-хатиб Хурсандбек Камолов.
Лойиҳада миллий ва замонавий масжидларнинг меъморий услублари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан меҳроб қисми Қўқон нақш мактаби ва Табриз нақш санъати уйғунлигидаги бетакрор ансамблни ташкил этган.
Асосий хонақоҳ анча баланд қилиб қурилган бўлиб, ертўла қисм билан бирга икки қаватли масжид қиёфасини кўрсатади. Пастки ва юқори қисмдаги асосий хонақоҳ 700 дан ортиқ намозхонни ўз бағрига сиғдирса, устки қисми ёпилган кенг ҳовлида яна 300-400 киши барча мавсумда ибодат қилишлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ