Сиз бахт излаб бутун оламни кезиб чиқасиз. У эса доим ёнгинангизда, ҳар қандай инсоннинг қўли етадиган масофададир...
Гораций
Одамлар бахтли яшамоқ учун яратилганлар, бинобарин, кимда-ким ўзини бахтиёр санар экан, “Худонинг айтганларини бажо келтирдим!” демоқликка ҳақлидир.
***
Одам ўзининг бахтли эканини билмагани учун ҳам бахтсиздир.
Фёдор Достоевский
Кимгадир бахтли кўринган эмас, балки ўзини бахтли сезган одам бахтлидир.
Публий Сир
Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.
Асқад Мухтор
Бахт йиллар, ойлар, ҳафталар ва ҳаттоки кунлар ичида яширинган эмас, уни ҳар бир лаҳзада топиш мумкин.
Бахт излаб узоқларга кетма. Шундай бир иш қилгинки, бахт ҳузурингга келсин.
Цицерон
***
Кўнгли тилаған муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши.
Бу иккиси муяссар ўлмаса гар оламда,
Бошни олиб бир сориға кетса киши!
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
***
Бахтсизликдан қўрққан кишининг ёнига бахт яқин келмайди.
***
Дунёда бахт ва бахтсизлик тушдай бир нарсадир. Кўзни юмиб очгунча ҳаммаси ўтиб кетади.
Низомиддин Мир Алишер Навоий. “Ҳайратул аброр”.
***
Александр Солженицин (рус ёзувчиси):
“- Мен Америкага борсам, жуда бахтли бўламан, деб ўйлаган эдим. Афсуски, бу ерда ҳам руҳий бўшлиқни ҳис этяпман. Сизлар ортиқ моддиятнинг асирига айлангансиз. Ҳа, бу ерда ҳуррият бор. Ҳар ким истаганини қила олади. Аммо ҳамма моддиятга эътибор беради, руҳият билан қизиқмайди. Ҳамманинг руҳи бўм-бўш. Холбуки, инсонни инсон қилган жисм эмас, балки унинг пок аслли комил руҳидир. Сизга тавсиям шуки, руҳингизни ўстиринг, уни гўзаллаштиринг! Фақат ўшандагина мамлакатингизда мавжуд бўлган ва сизни қийнаётган салбий ҳолатлар барҳам топади. Динни маҳкам тутинг! Дин руҳнинг озуқасидир. Динга содиқ инсонлар ҳар ерда сизга ёрдам қўлини узатадилар. Чунки Тангридан қўрқиш ҳисси уларни доимо тўғри йўлда тутиб туради.
Инсонларни ёмонликлардан қайтарадиган куч полиция эмас, бу куч Тангри наздидан ҳосил бўлган кучдир”.
***
Илмий кузатишлардан маълум бўлишича, ёлғиз кишиларга нисбатан оилалилар, даҳрийларга нисбатан тақводорлар ўзларини бахтлироқ ҳис этадилар.
***
Бахтимизнинг ўндан тўққиз улуши соғлиғимизга боғлиқ.
***
Ўз уйида бахтли бўлган кишиларгина бахтлидир.
Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг ҳар бири эса алоҳида бахтсиздир.
Л.Толстой
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ