(Давоми)
3-қисм
Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳулмаҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин, ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш – Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас.
Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур. Яна Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлган бўлмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур.
Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур.
Одам алайҳиссаломнинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, ўз тоатига буюрди, маъсиятидан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор этдилар. Бу уларнинг имони деб саналди. Бас, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келур. Шундан кейин ҳар ким куфрга кетган бўлса, демак, у мазкур имонни ўзгартирган бўлур. Ҳар ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у барқарор қолибдур ва давом этибдур. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмагай. Шунингдек, ҳеч кимни мўъмин ёки кофир қилиб яратмагай. Балки, инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир. Аллоҳ таоло куфрга кетган кишини ўша пайтнинг ўзида кофир деб билади. Қачонки у шундан кейин яна имон келтирса, ўша пайтнинг ўзида уни мўъмин деб билади ва дўст тутади. Лекин унинг илми ҳам, сифати ҳам ўзгармаган бўлур.
Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилсада, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.
(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг
“Фиқҳи акбар” китоби)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ