Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонининг етакчи “Ал-Рияда” ва “Ал-Жазира” газеталари бош муҳаррирлари Хани Вафо ва Ҳолид бин Ҳамад ал-Малик билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Улар Ўзбекистондаги журналистларга кўрсатилаётган эътибор, давлат муассасалари ахборот хизматларининг фаоилиятининг буткул янгича тарзда йўлга қўйилишига юқори баҳо беришди.
Ушбу нашрлар раҳбарлари уларни кейинчалик “Ал-Рияда” ва “Ал-Жазира” газеталарида чоп этиш учун хабар янгиликлар алмашинуви бўйича Ўзбекистон ОАВлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрликларини билдиришди.
Шуни таъкидлаш лозимки, аввалроқ Саудия Арабистонининг ушбу етакчи нашрлари Ўзбекистон вакилларининг “Ҳаж-2019” мавсумидаги иштироки ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилишган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати