Куз фаслида дарахт баргларининг кўп ва кетма-кет тўкилишини, йўлакларда сочилиб ётишини, шамол эсса қуриган барглар ерни қоплаб олишини кўп бора кузатганмиз. Бугун ҳам кўчаларда ана шу манзарага тез-тез гувоҳ бўламиз. Гуноҳларимиз ҳам зикр сабабли худди шундай тўкилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْراً كَثِيراً وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلاً
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч уни поклаб ёд этинглар”. (Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.) (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).
Азизлар, Аллоҳ таоло бу оятда Ўзини кўп зикр қилишимизни буюрмоқда. Кейинги оятда эса Ўзини эртаю кеч поклаб ёд этишимизни амр қилмоқда. “Поклаб ёд этиш” арабчада “Тасбеҳ” дейилади. Яъни бу Субҳаналлоҳ дейишдир. Бу улуғ зикрлардандир. Демак, Роббимизни кўп зикр қилишимиз учун Уни эртаю кеч, доим зикр қилиб юришга барчамиз одатланишимиз керак!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барглари қуриган дарахт ёнидан ўтдилар. Асо билан дарахтга ургандилар, барглар тўкилди. Шунда у зот алайҳиссалом: «Албатта, Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ, Лаа илааҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар банданинг гуноҳларини, худди ушбу дарахт барглари тўкилгани каби тўкиб юборади» дедилар.
Демак, қилган гуноҳларимизга астойдил тавба қилиш билан бирга ушбу ҳадисда келтирилган зикрларни ихлос билан кўпроқ айтиб юрсак, иншаа Аллоҳ, гуноҳлардан фориғ бўламиз.
Қаранг, ушбу ҳадисда келган зикрлар тилга осон. Уларни айтиш учун инсонда ихлос, муҳаббат бўлиши керак. Бир дақиқа ичида мазкур зикрларни кўп бор айтиш мумкин. Ана шунда, аввало, Аллоҳни зикр қилганимиз учун савобга эришамиз, қолаверса, гуноҳлардан ҳам қутуламиз.
Аллоҳ таоло бизни кўп зикр қилувчи зокир бандаларларидан қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.