Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

Зикр

5.11.2019   3549   2 min.
Зикр

Куз фаслида дарахт баргларининг кўп ва кетма-кет тўкилишини, йўлакларда сочилиб ётишини, шамол эсса қуриган барглар ерни қоплаб олишини кўп бора кузатганмиз. Бугун ҳам кўчаларда ана шу манзарага тез-тез гувоҳ бўламиз. Гуноҳларимиз ҳам зикр сабабли худди шундай тўкилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْراً كَثِيراً وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч уни поклаб ёд этинглар”. (Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.) (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).

Азизлар, Аллоҳ таоло бу оятда Ўзини кўп зикр қилишимизни буюрмоқда. Кейинги оятда эса Ўзини эртаю кеч поклаб ёд этишимизни амр қилмоқда. “Поклаб ёд этиш” арабчада “Тасбеҳ” дейилади. Яъни бу Субҳаналлоҳ дейишдир. Бу улуғ зикрлардандир. Демак, Роббимизни кўп зикр қилишимиз учун Уни эртаю кеч, доим зикр қилиб юришга барчамиз одатланишимиз керак!  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барглари қуриган дарахт ёнидан ўтдилар. Асо билан дарахтга ургандилар, барглар тўкилди. Шунда у зот алайҳиссалом: «Албатта, Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ, Лаа илааҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар банданинг гуноҳларини, худди ушбу дарахт барглари тўкилгани каби тўкиб юборади» дедилар.

Демак, қилган гуноҳларимизга астойдил тавба қилиш билан бирга ушбу ҳадисда келтирилган зикрларни ихлос билан кўпроқ айтиб юрсак, иншаа Аллоҳ, гуноҳлардан фориғ бўламиз.

Қаранг, ушбу ҳадисда келган зикрлар тилга осон. Уларни айтиш учун инсонда ихлос, муҳаббат бўлиши керак. Бир дақиқа ичида мазкур зикрларни кўп бор айтиш мумкин. Ана шунда, аввало, Аллоҳни зикр қилганимиз учун савобга эришамиз, қолаверса, гуноҳлардан ҳам қутуламиз.

Аллоҳ таоло бизни кўп зикр қилувчи зокир бандаларларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ўрганадиган илм" нима дегани?

23.12.2024   1920   4 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.

Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.

Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.

Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.

Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...

Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан