БИРИНЧИ БОБ
ҚАДИМГИ – ИСЛОМ ШАРИАТИДАН
ОЛДИНГИ ТАРИХ ҲАҚИДА СЎЗ
Қадимги – Ислом шариатидан олдинги тарих Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан бошланиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларигача давом этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда ўтган умматларнинг қиссаларида ибрат борлигини таъкидлаб, Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади:
«Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди» (111-оят).
Қуръон ва унинг қиссалари тўқима, уйдирма эмас, балки аввалги илоҳий китобларда келган хабарлар тасдиғидир. Одатда, ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Тезда ўртада хилоф чиқиб, сир фош бўлади.
Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар у тўқилган ва уйдирма бўлганида, бу қадар муфассал, бу қадар аниқ ва равшан, бунчалар муъжизакор бўла олмас эди.
БИРИНЧИ ФАСЛ
ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Биринчи инсон Одам алайҳиссаломдир. Шунингдек, Одам алайҳиссалом набийларнинг ҳам биринчиси ҳисобланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг ҳикмати ила ер юзида инсонни яратиб, Ўзига ўринбосар қилишни ирода этди. Шу билан бирга, ана шу Ўзи яратган ўринбосарига ер юзидаги барча нарсалар ва имкониятларни беминнат хизмат қилдириб қўйишни ҳам ирода этди. Аллоҳнинг алоҳида лутфи ила ва барча имтиёзларга эга қилиб яратилган ана шу жонзот Одам деб аталди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамни тупроқдан яратди. Сўнг унга Ўз руҳидан, яъни Ўзи яратган рухдан жон пуфлади. Одамга Ўзи бу дунёда яратиб қўйган ҳар бир нарсанинг номини ўргатди, фаришталарни унга сажда-таъзим қилишга амр этди. Одамга сажда қилишдан бош тортган, Аллоҳнинг амрига бўйсунмаган иблисни эса лаънатлаб, Ўз ҳузуридан қувди.
Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуйидаги оятни нозил этиб, шундай баён қилган:
«Эсла, Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбу-ки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз», дедилар. (У Зот) «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди» (Бақара сураси, 30-оят).
Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг буюрганларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.
Фаришталарнинг «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган гапларидан билинадики, улар ўзларигагина маълум йўл билан инсоннинг ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини, айни чоқда улар фаришталик табиати билан ўзлари айтиб турган тасбеҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади деб билганлар. Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди. Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам У Зотни улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.
«Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи», деди» (Бақара сураси, 31-оят).
Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни бергани ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, Одамга исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётидаги энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсангиз, уни тоғнинг олдига олиб бориб айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш анча қийин бўларди.
Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.
Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва: «Агар «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган даъволарингиз рост бўлса, Менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:
«(Улар) «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг билувчисан, ҳакимсан», дедилар» (Бақара сураси, 32-оят).
Фаришталар шу ўринда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз «Билмаймиз» деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман» дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.
Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг устунлигини намоён этиш учун:
«Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга: «Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?» деди» (Бақара сураси, 33-оят).
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида бузғунчилик қилиши ва қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.
Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атонинг чап қовурғасидан у зот алайҳиссалом учун жуфти ҳалол – Момо Ҳаввони яратди. Уларга жаннатдан жой ато этиб, унда фароғатда яшашларини таъминлади. Улар жаннатда маълум бир муддат яшадилар.
Аллоҳ таоло уларга жаннатдаги ҳамма меваларни тановул қилишга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини (синов учун) ман қилди.
Одамни ва унинг зурриётларини то қиёматгача иғвога солишни, тўғри йўлдан адаштиришни ваъда қилган лаънати иблис Одам Ато ва Момо Ҳаввони тинмай иғво қилиб, уларни ман қилинган дарахт мевасидан ейишга олиб келди. Ушбу ҳодисадан кейин Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳавво Аллоҳга тавба қилдилар. Аллоҳ тавбаларини қабул килди ва уларни ер юзига туширди.
Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга ер юзида яшаш, ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш, жумладан, деҳқончилик, зироат ишлари, экин-тикинларни суғориш каби ишларни ўргатди. Одам алайҳиссалом ўз жуфтлари билан экин экиб, зироатчилик билан шуғулландилар. Ўз ҳаётлари учун зарур бўлган маҳсулотларни етиштириб, ҳосил олиб, кун кечирдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Ато ва Момо Ҳаввога фарзандлар ато этди.
Тарихчилар Одам Ато ва Момо Ҳавво ер юзининг қайси ҳудудига тушганлари тўғрисида ихтилоф қиладилар. Бу борада турли-туман ва жуда кўп гаплар айтилган. Одам Ато ва Момо Ҳавво Арабистон яриморолига туширилган, деган фикр эгалари кўпчиликни ташкил этади. Яна Ҳиндистондаги тоғ яқинига туширилган, деганлар ҳам бор.
Яратилишининг илк давридан бошлаб инсон ўзининг комил ва гўзал суратида бўлган. Баъзи динсизлар айтганидек, аввал содда жонзот бўлиб, сўнг маймунга ва ниҳоят одамга айланмаган. Балки Аллоҳ таоло уни энг гўзал суратда, энг чиройли хилқатда яратган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда алоҳида таъкидлаб, Тийн сурасида шундай марҳамат қилади:
«Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик» (4-оят).
Аллоҳ таоло инсонни ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам руҳан энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум.
Шундан сўнг инсоният тарихидаги энг машҳур, оламшумул воқеалардан бири – Қобил ва Ҳобил воқеаси рўй берди. Бу воқеа ер юзида содир этилган энг биринчи гуноҳ, энг биринчи жиноят сифатида эсланади.
Қобил ва Ҳобил Одам алайҳиссаломнинг тўнғич фарзандларидан эди. Ўша вақтдаги содда ҳаётга мосланган содда шароитда фарзандлар (илоҳий ҳикматга кўра жуфт ҳолда) бир ўғил, бир қиз бўлиб туғилар эди. Кейинги фарзандлар ҳам худди шундай – бир ўғил, бир қиз туғилган. Улар вояга етган пайтда ер юзида улардан бошқа одам бўлмагани сабабли, Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган шариат қоидасига кўра, биринчи туғилишдаги ўғил иккинчи туғилишдаги қизга уйланиши, иккинчи жуфтлик ҳам худди шундай – алмашиб турмуш қуриши йўлга қўйилган. Бу фақат ўша илк даврга хос рухсат бўлган. Аллоҳ таоло бошқа инсон зоти йўқ илк даврдаёқ инсонларнинг кўпайишини шу тарзда ирода этган. Бунинг учун эса оила қуриб яшашни ҳаётнинг бош қонуни қилиб қўйган.
Тарихчилар Қобилнинг тўнғич фарзанд бўлгани, у юқоридаги қонуниятга зид равишда ўзи билан бирга туғилган синглисига уйланишни хоҳлагани, шунда Ҳобил унга қаршилик қилгани ва шу тариқа уларнинг орасида низо пайдо бўлганини таъкидлайдилар. Шундан сўнг Қобил ва Ҳобил Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қурбонлик қилишади. Ҳобил қўчқор қурбонлик қилади ва Аллоҳ таоло уни қабул этади. Қобилнинг қилган қурбонлиги эса қабул бўлмайди. Шунда Қобил ҳасад қилиб, Ҳобилни ўлдириб қўяди. Мана шу башарият ер юзида содир этган биринчи жиноят ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. «Мен сени ўлдиражакман», деди. (Наригиси) деди: «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман. Мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Менинг гуноҳимни ҳам, ўзингнинг гуноҳингни ҳам олиб кетиб, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрувчилардан бўлди» (27-30-оятлар).
Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар.
Одам Ато бир ривоятга кўра, минг йил яшаб, сўнг вафот этганлар ва имом Табарий, Ибн Асир, Яъқубий ва бошқа олимларнинг ривоятларига кўра, Маккаи мукаррамадаги Абу Қубайс тоғи ёнига дафн қилинганлар. Одам алайҳиссаломни ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.
Баъзилар у зотнинг Ҳиндистондаги бир тоғ яқинига дафн қилинганларини айтишади.
ШИС АЛАЙҲИССАЛОМ
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар берди. Улардан инсоният насли тарқалди.
Аллоҳнинг набийси Одам алайҳиссалом ўз ҳаётлари давомида, то вафот этгунларича ўз фарзанду набираларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда, уларга тавҳид ақийдасини ўргатишда, Аллоҳнинг таълимотларини етказишда бардавом бўлдилар.
Муҳаддисларимиздан Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳ» номли китобида улуғ саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, анбиёлар нечта?» дедим. У зот: «Бир юз йигирма тўрт минг», дедилар. Мен: «Улардан расул бўлганлари қанча?» дедим, у зот: «Уч юз ўн учта, кўпчилик», дедилар Мен: «Уларнинг (набийларнинг) аввали ким бўлган?» деган эдим, «Одам», дедилар».
Юқорида таъкидланганидек, Шис алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири бўлиб, у зот ҳам набий бўлганлар. Шис алайҳиссалом ҳаётлари давомида инсонларни Аллоҳга даъват этиб, Аллоҳнинг шариатини қоим қилиш учун ҳаракат қилиб ўтганлар.
Шис алайҳиссаломдан кейин Идрис алайҳиссалом келадилар.
ИДРИС АЛАЙҲИССАЛОМ
Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги – учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида Одам Атодан кейингисидир.
Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:
«Ва Китобда Идрисни эсла. У сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик» (56-57-оятлар).
Шунингдек, Анбиё сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85-86-оятлар).
Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ёрид бўлиб, насаблари Шис алайҳиссаломга тўрт авлод орқали етиб боради.
Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.
Уламоларнинг рожиҳ (кучли) гапларига қараганда, Идрис адайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар.
Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берганидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатларига даъват қилганлар. Бироқ у зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик рад этган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар ва у ерда яшаган пайтларида одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилганлар.
Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар. Одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.
Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Сўнг Аллоҳ таоло у зотни «олий макон»га кўтарган.
Идрис алайҳиссалом ердаги умрларининг охиригача Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилишда бардавом бўлдилар. Албатта, ер юзига пайғамбарларни юборишдан кўзланган мақсад ҳам Аллоҳнинг шариати давом этиши эди. Шундай қилиб, одамлар кўпайиб борди ва бир ўлкадан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиш ҳолатлари юз берди.
ХАЛҚЛАРНИНГ КЎЧИШИ
Арабистон яриморолида тобора одам сони кўпайиб, бошқа жойларга кўча бошлашди. У ерлар ҳозирги вақтдаги Ҳижоз[1] диёрлари дея тахмин қилинади. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, мазкур тарихий кўчишлар бир неча тарафларга бўлган.
Биринчиси Арабистон яриморолидан шимоли-шарқий тарафларга – Ироққа бўлган. Кейинчалик бир қанча кишилар Осиё ва Америка тарафларга ҳам кўчиб кетишган.
Иккинчиси шимолга – Шом тарафга бўлган. Шом тарафга кўчган ушбу жамоалардан бир қанчалари Ўрта ер денгизи атрофидаги минтақаларга бориб жойлашган, деган тахминлар бор.
Учинчи кўчиш жанубий минтақаларга – Яман тарафга бўлган. Кейинчалик бу ердан Африка ва Ҳиндистон томонларга тарқалган.
Инсоният тарихига назар солиб, мулоҳаза қилинадиган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятни ҳидоят қилиш учун юборган набийларнинг купчилиги Шом, Ироқ, Миср ва Арабистон яримороли минтақаларидан чиққанлар. Аллоҳ таоло ўша ерлардаги бандаларидан пайғамбарлар танлаб олган. Шунинг учун иймон-эътиқодли тарихчилар мана шу минтақаларни дастлабки инсон яшаган, обод бўлган минтақалар, деб қатъий ишонишади.
Аста-секин ибтидоий тарзда яшовчи инсонларнинг содда ҳаётлари бироз тараққий этиб, тамаддун шаклига кира бошлагани ва тараққиёт, ободончилик ҳолатларини кузатиб, бир тўхтамга келган тарихчилар: «Дастлабки тамаддунлар фиръавнлар ва самурийлар тамаддуни бўлган», дейишади. Булар тарихдаги энг қадимги тамаддунлар – цивилизациялардир.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ИККИНЧИ ФАСЛ
Ироқ пайғамбарлари ва подшоҳликлари ҳақида;
Нуҳ алайҳиссалом:
Ироқдаги Сумария давлати
Иброҳим алайҳиссалом
Ироқдаги Аккод ва Бобил давлати
[1] Ҳижоз - шимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ўлка.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан